Ўзбекистон | 16:00 / 12.01.2023
59215
5 дақиқада ўқилади

Сурхондарёнинг янги ҳокими вилоятни “коммунизм”га қайтармоқчи

Сурхондарё вилоятининг янги тайинланган ҳокими Улуғбек Қосимов 31 декабр куни Денов туманида ўтказган йиғилишида қишлоқ хўжалиги соҳасини советчасига қўлга олишини яшириб ўтирмади. “Чопиқ-тракторлар ерга кирмаган... Қани “началник мелиса”? Сиз нима иш қиляпсиз ўзи?” – янги ҳокимнинг айтган гапларидан бири. Бу гаплар 21-асрда, бозор иқтисодиётини танлаганига 30 йил бўлган Ўзбекистонда айтиляпти.

Ишни ўзбек чиновникларига хос тарзда мажлисбозликдан бошлаган Улуғбек Қосимов деновлик фермерлар билан учрашаркан, уларга жумладан шундай дейди:

“Ҳамма фермер қулоғига қуйиб олсин. Эртага кечгача муҳлат. Агар уч кун ичида бир сотих ер қолсаям бировда, кластердан ҳам айриласиз, фермерликдан ҳам кетасиз. Деновда кластерчи бўламан деган сон мингта...”

Шундан кейин ҳоким ички ишлар раҳбарига юзланади:

“329 та культиватордан 143 таси кирмаган далага. Сиз ўзи нима иш билан шуғулланасиз? Сизга мен бир кун муддат берган эдим-ку Музработда. Нега шу пайтгача тугатмадингиз? Мен техникани олиб кир деб “началник милиция”га йиғ дегандим. “Команда”ни бажармай қўйганмисиз? Форма кийиб юрибсизми, формасизми? Қулоғингиз том битганми, бунисидан кириб, бунисидан чиқиб кетадими? Эрталаб бориб нима иш қиляпсиз, ғалланинг расвоси чиқиб ётган бўлса, шудгор қилинмаган бўлса? Кўкат, карамларни йиғиштирасан деб айтдим мен”.

Улуғбек Қосимов сўзининг давомида яна фермерларга юзланади:

“Бу ҳафта Деновга келаман. Фермерлар, ҳамма билиб олсин. Йиғиштирасизлар, эртадан ҳамма фермер далага чиқсин. 100 фоиз ишчиларни олиб чиқиб, ариқни қазиймиз, дала атрофларини тозалаймиз, ёқамиз. Муболағасиз айтяпман: уч кундан кейин 1 см бўлса ҳам шудгор қилинмаган ер топиб олсам, хафа бўлманглар мендан. Ердан “момент” айриласиз.

Ҳамма ўғит берган фермер сувини тарасин. “Тўпаланг”нинг ҳам “команда”сини бердим, сувни очади. Қаергача бўлса очиб, жой-жойига қўясиз. Менга ҳал қилиб, доклад қилинг эртага. Тушунарлими?

“Мустақиллик” борми? Сизда қанча карам турибди ерда? Тез олдиринг. Тушундингизми? “Шароф Рашидов” расво деб эшитяпман, “Охунбобоев” тугаб тамом бўлган дейди. Ҳозир бунга “Ғалаба” ҳам қўшилганмиш, “касаллик” ўтиб кетибди... “Собир Раҳимов” – ҳозир энг ёмони. Мана шулардан бошлаб ҳар куни кўриб, менга доклад қилиб беради. Қилмаганига қаттиқ-қаттиқ чора кўрамиз”.

Шу ўринда зарур бўлган мулоҳазалар:

Иқтисодиётни маъмурий буйруқбозлик билан юритиш фавқулодда самарасиз экани ўз исботини топиб бўлган – бутун бошли Совет Иттифоқи айнан шу учун – иқтисодиёти шахсий манфаатдорлик стимулига эмас, балки буйруқ бериш ва мажбурлаш тизимига суянгани учун инқирозга юз тутди.

Совет Иттифоқи инқирозга юз тутган бир пайтда шахсий манфаатдорлик ва хусусий мулк дахлсизлигига қурилган иқтисодиётлар муваффақиятли ўсишда давом этди. Айнан шу ёндашув тўғри экани узил-кесил ўз исботини топди, 70 йил давомида ўтказилган коммунистик тажриба эса... хомхаёл экани аён бўлди – одамларни мажбурлаб, самарали ишлатиб бўлмас экан.

Мен ҳозир 30 йил аввал юз берган ҳодисалар ҳақида гапиряпман. 30 йил аввал. 30 йил аввал туғилган чақалоқ катта бўлиб, оила тебратяпти, илмий ишлар қиляпти. Бироқ...

Ажабо, Ўзбекистонда ҳамон маъмурий-буйруқбозлик билан иқтисодиётни ривожлантириб бўлади деган фикрдаги одамлар бор. Борлиги-ку хавфли эмас – кимқанақа фикрдаги одамлар бор жамият ичида. Аммо бунақа фикрлайдиганлар катта лавозим курсиларида ўтириши... халқ учун фожиа. Чунки, ҳали айтганимиздек, бу йўл нотўғри экани ўз исботини топиб бўлган – шу йўлда давом этаётган мамлакатларни биламиз.

Бизда ҳамон тадбиркорларни сўкиб-уриб-қўрқитиб ишлатса бўлади деб ўйлайдиган, кечирасиз-у, палеозой давридан қолиб кетган одамлар... масъулиятли лавозимларда.

Йўқ, жаноблар, ўртоқлар, буни нафақат биз, балки ер куррасининг каттагина қисмида яшайдиган халқлар бошидан ўтказди ва бу йўлдан воз кечди. Ўша битта ё иккитасидан ташқари. Тўғри иқтисодиёт бу – одамлар ўз манфаати учун ҳаракат қиладиган ва бу йўлда уларга ҳеч ким халақит қилолмайдиган иқтисодиёт. Айнан шахсий манфаат учун ҳаракат қиладиган одамлар ишларни тўғри йўлга қўяди, самара келтирувчи омилларни бажо келтиради, бу илмий исботланган.

Мажбурлов остида эса кишилар, таъбир жоиз бўлса, егулигини яшириб ейдиган ёш болага ўхшаб қолади. Яъни юлғуч, қонуний текширувлардан яширинадиган, солиқлардан қочадиган, хуллас, имкон топса моддий ва маънавий ўғрилик қиладиган синф пайдо бўлади ва... пайдо бўлди ҳам. Энди буни тузатиш учун фақат ростмана бозор иқтисодиётига ўтиш, қонун устуворлигига эришиш, судлар ҳаққоний ишлашига эришиш, ноқонуний аралашувларни чеклаш керак, холос.

Дўқ-пўписа-ю мажбурлашга қурилган тузум аллақачон қулаб бўлган, тарихда қолди, ўртоқлар.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид