Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Лойиҳага қараб йиғлаяпман»: Келес йўлидаги 3 километрлик хато. Grand Road Tashkent лойиҳаси шаҳарсозлар танқидига учради
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Келес йўли кўчасини реконструкция қилиш бошланди. Grand Road Tashkent корхонаси томонидан 103,6 млрд сўм эвазига амалга ошириладиган лойиҳа шаҳарсозлик бўйича блогерларнинг кескин танқидига сабаб бўлмоқда.

Лойиҳага кўра, кўчанинг 3,1 км қисмида йўл қаторлари сони 4 тадан, жойига қараб 6 тадан 11 тагача кўпайтирилади, автобуслар учун алоҳида қатор ажратилади, пиёдалар ва велосипедлар учун йўлаклар яратиш назарда тутилган. Лойиҳа техник директори Комил Тўлаганов шу ерда истиқомат қилувчи маҳалла аҳли билан маслаҳатлашиб, 11 та светофор билан тартибга солинувчи чорраҳалар лойиҳаланаётганини айтиб ўтган.
Тошкент шаҳридаги марказий кўчаларни лойиҳалашда иштирок этган шаҳарсозлик бўйича эксперт Аркадий Гершман Келес йўли кўчасининг ушбу лойиҳасини кескин танқид остига олди ва камчиликларини кўрсатиб берди.
«Тошкент шаҳри йўлларига оид навбатдаги лойиҳага қараб йиғлаяпман — лойиҳадан лойиҳага ўша-ўша хатолар такрорланмоқда. Биз нормал (яхши эмас, нормал) йўл қилиш учун жуда кўп мажлисларни сарфладик, ўйлаганларимизнинг катта қисми амалга ҳам ошди, лекин бу одатга айланмади», — деб ёзган Гершман ўз Телеграм-каналида ва Келес йўли кўчаси лойиҳаси билан боғлиқ асосий хатоларни санаб ўтган:
1. Автобуслар учун ажратилган қаторлар бурилиш тасмасига бориб тақалмоқда — автобуслар чорраҳаларда машиналар оқимига қўшилишга мажбур бўлади. Йўл четидаги парковка ва ён-атрофдаги ҳовлиларга машина қўйиш муаммосини ҳам унутмаслик керак. Умуман, белгилар ва йўлга А ҳарфини чизиб қўйиш билан вазият ўнгланмайди — бу ҳақда аввалроқ ҳам айтган эдим.

2. Кўча куйган ерга айланади, чунки кўча бўйлаб экилган дов-дарахтлар ўрнига асфалт-бетондан иборат сирт қилишмоқчи. Декоратив буталар Тошкент иқлими учун ҳаётий зарурият бўлган сояни бермайди. Тақдим этилаётган суратларда пиёдалар ва велосипедчилар учун ажратилган жой янада кулгили — соя бўлмаса эси жойида бўлган одам бу йўллардан юрмайди. Боз устига, келгусида ҳам бу ерга дарахт экиб бўлмайди, чунки коммуникациялар тротуар остига кўчирилади, уларнинг муҳофаза зонаси эса дарахт экишга изн бермайди. Ариқларга ҳам юклама ортади, чунки қор-ёмғир суви асфалт ва бетонга сингишга кўникмаган;

3. Барча жойда чўзилган стоп-линиялар жойлаштирилган, бу туфайли светофорнинг ҳар бир бир фазасини узайтириш керак: ахир машиналар узоқроқ масофа босиб ўтиши керак-ку? Алалоқибат мутлақ барча ўзининг яшил чироғини узоқроқ кута бошлайди — бу эса ўтказиш қобилияти пасайишига олиб келади. Йўлда хавфсизлик оролчалари борлиги, улар орқали ўтиш жойи барпо этиб, стоп-линияни сал суриш мумкинлигини ҳеч ким ўйлаб кўрмаган.

4. Янги қаторлар улар мутлақо керак бўлмаган жойда пайдо бўлиб қолган. Лойиҳачиларнинг асосий мақсади — қурилиш бюджетини шишириш бўлса керак. Шунчаки мулоҳаза қилинг: кўча бўйлаб бир фазага 3 та қатор, бошқасига 2 та қатор кетса, светофордан сўнг ҳам 5 та қатор қилиш керакми? Албатта йўқ, чунки ўша онда фақат 3 та қаторга трафик бўлади. Бу шундай мисолларнинг фақат биттаси.
Бу яна машиналар учун йўлни кенгайтиришнинг қандайдир замонавий нарса сифатида тақдим этилиши. Автобус ва пиёдалар учун устуворлик тилга олиниши — шунчаки бир матал.
Тезюрар автобус учун йўлакни йўлнинг ўртасига олиб, дарахтлар экиб, кўчани қулай ва хавфсиз қилиш ҳам мумкин эди. Лекин Тошкент ҳокимияти бунга тайёр эмаслиги равшан.
Урбанист Искандар Солиев ушбу лойиҳани «Келес йўлидаги 3 километрлик хато», деб атаган.
«Ўзбекистонда одамлар қадрланмайди. Йўлларида эса йилига 2 мингдан зиёд одам нобуд бўлади. Йўлларни қуришда фақат янги қатор ва пиёдалар йўлагидаги бетон ва асфалтларда майдонни кўпайтириб, пул қилиш кўзланаётгандек. Бошқача нарса эмас. Лойиҳа қилган лойиҳасидан, йўлни қураётган олган ишидан пул қилса бўлди, йўлларда одамлар ўлиб кетавермайдими?!» — деб ёзган Искандар Солиев.
Келес йўлини қуришда илгари нисбатан тор бўлган йўлни 11 қаторлик тезлик трассасига айлантиришлари умуман тушунарсиз бир топишмоқ эканлигини айтган урбанист асосий хатоларни санаган:

- Автобус йўлаклари рендерда кўрсатилгани билан, бугунгача қилинган ўша хатолари билан кўчирилади;
- Йўлнинг кенгайиши эса шундоғам кам бўлган ўсимликларни қириш ва баъзи биноларнинг ҳудудидан қирқилса ҳам керак, чунки кўча тор;
- Йўллар кенгайтирилгани билан 3 км ўтиб, яна торайгани билан нима фойда? Тирбандлик ечилмайди. Бу дегани — ҳудудда янада кўпроқ машиналар туради ва атроф-муҳитни янада ифлослантиради;
- Яна ўша ўхшамаган пиёдалар йўлагига қўшилган, бир кўриниб бир йўқоладиган велойўлак «copy-paste» қилинади.
Қайд этиб ўтиш керак, лойиҳачи ташкилот Grand Road Tashkent 2018 йилнинг 20 ноябрида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ташкил этилган. Асосий фаолият тури — йўллар ва шосселар қуриш. Таъсисчилари — «Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК (37,9 фоиз), Туркияда 2018 йил 18 октябрда ташкил этилган Grandway İnşaat Yatırım Anonim Şirketi корхонаси (62,1 фоиз).
Grand Road Tashkent Durable Group ҳолдингига киради. Ҳолдинг шунингдек, Durable Beton, Allegro Develop Project, City Net IT Engineering ва Сonstant Chemicals корхоналарини бирлаштиради.
Мавзуга оид
08:40 / 23.05.2025
Тошкентдаги қурилиш объектида 1,4 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилди
08:35 / 20.05.2025
Тошкентда бошқарув сервис компанияси 1,6 млрд сўмлик электрни талон-тарож қилди
22:33 / 30.04.2025
Тошкентда тўртта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
18:55 / 24.04.2025