Ўзбекистон | 11:23 / 13.01.2023
3554
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг вазифалари белгиланди

Фото: Shutterstock

Президентнинг “Ўзбекистон президенти ҳузуридаги қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш учун Президент ҳузурида Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ташкил этилди. У давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасаси шаклида ташкил этилди. Институт фаолиятига умумий раҳбарлик Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Институтнинг асосий вазифалари белгиланди:

  • Президентнинг ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва парламентга киритиш бўйича дастурларни шакллантириш ва амалга оширишни, қонун лойиҳаларини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида уларнинг ўтишини мониторинг қилиш;
  • қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • миллий қонунчиликни ривожлантиришни прогнозлаш соҳасида тизимли тадқиқотларни, илғор халқаро тажриба, замонавий юридик фан ютуқлари, юридик амалиётдан фойдаланиш асосида ушбу тадқиқотлар натижаларининг қонун ижодкорлиги ишларига доир давлат дастурларини тайёрлаш жараёнига жорий этилишини ташкил этиш;
  • мамлакатда ҳуқуқий сиёсатни амалга ошириш, конституциявий ва давлат қурилиши соҳаларида олиб борилаётган фундаментал ва амалий тадқиқотларни умумий мувофиқлаштириш.

Мавзуга оид