Ўзбекистон | 11:30 / 13.01.2023
4336
2 дақиқада ўқилади

“Совуқда автобуслар қатнови орасидаги интервални узайтирмаслик чоралари кўрилди” – Тошшаҳартрансхизмат

Пойтахтдаги йўловчиларнинг транспортга бўлган эҳтиёжини қондириш учун 12 январда сайёҳлар учун мўлжалланган 20 та MAN RR3 автобуслари йўналишларга чиқарилган.

Фото: Kun.uz

12 январда автобуслар двигатели музлаб қолгани сабаб Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракатида узилишлар бўлганди. Бунинг олдини олиш учун Тошшаҳартрансхизмат қилинаётган ишлар бўйича маълумот берди.

Хизмат маълумотига кўра, катта сиғимли газ ёқилғисида ҳаракатланувчи автобусларнинг таъминот тизимида техник носозликларни тузатиш учун автобусларга сервис ва жорий таъмир хизматлари кўрсатиш талаб даражасида ташкил этилган.

“Ҳозирда 300 литр антигел, 1000 литр антифриз ҳамда 120 литр техник спирт, 5000 литр двигател мойи суюқликлари захираси тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, 199 та шиналар, 106 та аккумулятор ва 2420 та бошқа турдаги эҳтиёт қисмлар захираси яратилди. Автобусларнинг йўналишда юзага келган носозликларини жойида тузатиш учун 24 нафар техник ходимлардан иборат 8 та бригада тузилган. Уларга шатакка олишга мўлжалланган 16 та махсус техник ёрдам автомашиналари бириктирилган”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошшаҳартрансхизмат 12 январ куни 1044 дона автобус йўналишга чиқарилиб, соат 8:35 да барча йўналишлар бўйича 1069 дона автобуслар йўналишга чиқарилганини ҳам маълум қилган.

Мавзуга оид