Суд “Quramax”нинг лицензиясини бекор қилди
Таркибида катта миқдорда заҳарли модда топилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дорилари муомаладан чиқарилади ва йўқ қилинади.
Тошкент туманлараро иқтисодий суди “Quramax Medikal” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-сонли лицензияни бекор қилиш бўйича қарор чиқарди.
Бугун, 13 январ куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида эълон қилинган қарорга асосан, қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши ҳам белгиланди.
“Quramax” – Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган “Док-1 Макс” сиропи, шунингдек, “Амбронол” сиропининг мамлакатдаги импортчиси ва тарқатувчиси. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу дорилар таркибида этиленгликол ва диэтиленгликол моддаларини аниқлаган.
Фожиалар ортидан ССВ “Quramax” импорт қилган дориларнинг ҳаммаси сотувини тақиқлаган, вазирлик ҳузуридаги Фармацевтика агентлиги компаниянинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга даъво киритган эди. Суд қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаса, қабул қилинганидан кейин 10 кун ўтгач қонуний кучга киради.
“Шунингдек, мазкур иқтисодий ишга доир ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан қонун талаблари бузилгани бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида хусусий ажрим чиқарилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилиши белгиланди. Ушбу ажрим устидан белгиланган тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин”, – дейилади Олий суд ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан жиноят иши доирасида “Quramax Medikal” МЧЖнинг икки мансабдори, шунингдек, Дори воситаларини стандартлаш илмий марказининг икки мансабдори гумонланувчи сифатида қамоққа олинган.
Куни кеча Ҳиндистон регулятори бу препаратларнинг ишлаб чиқарувчиси бўлган Marion Biotech фармацевтика компанияси лицензияларини тўхтатганди. 11 январ куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари бўйича халқаро огоҳлантириш билан чиқди.
Мавзуга оид
21:24 / 23.11.2024
Олимлар бактериялардан янги антибиотик яратди
17:57 / 19.11.2024
Ўзбекистон миллий регулятор органи ICH'га кузатувчи мақомида расман қабул қилинди
11:40 / 16.10.2024
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорига ўринбосар тайинланди
20:04 / 14.10.2024