Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Хизмат максимал даражада самарали ва онлайн-бизнес учун осон бўлиши керак" — Freedom Pay раҳбари электрон тўлов тизимларини ривожлантириш ҳақида
Компания раҳбари Умида Зиямова Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича ўзининг эксперт сифатидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон электрон тижорат бозорининг бу йилги ҳажми 260 млн АҚШ долларидан юқори бўлиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида, кўрсаткичлар ўтган йилгидан анча юқорилигини билдиради. Мутахассислар эса уч йилдан сўнг e-commerce бозори уч карра ошишини таъкидлашмоқда. Тўлов тизимининг кенг тарқалиши билан бирга электрон тижорат ҳам ривожланиб бормоқда. Мижозлар учун бу – қулайлик ва вақтни унумли тежаш бўлса, бизнес учун ривожланиш йўлида янги имкониятлар демакдир. Freedom Pay’нинг B2B тўлов хизмати бизнесни оддий ечимлар билан кенг миқёсда тарқалишига ёрдам берувчи экотизимни шакллантиради. Хизматнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида компания бош директори Умида Зиямова билан суҳбатлашдик.
Биламизки, Freedom Pay халқаро Freedom Holding Corp. компанияси экотизимининг бир қисмидир. Бу сизнинг иш фаолиятингиз ҳамда мижозлар билан ишлашингизга ўз таъсирини ўтказадими?
– Freedom Holding Corp. – бу банк, воситачилик, суғурта ва бир қатор бошқа бизнесларни ўз ичига олувчи халқаро ҳолдинг. Биз ҳамкорликда маҳсулотларни яратишдан ташқари, брендни кучайтириш ҳамда энг яхши амалиёт ва тажрибаларимизни бўлишиш учун ҳолдингнинг бошқа ширкатлари билан узвий алоқада бўлиб турамиз. Freedom Pay Қозоғистоннинг пешқадам онлайн-тўлов тизимларидан бири бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳам жадал ривожланиб келмоқда.
Дунё миқёсидаги компания сифатида техник имкониятларимиз, ҳамда ривожланган халқаро тажрибамиз бизни анчайин эпчил ва рақобатбардош бўла олишимизга ёрдам беради. Таъкидлашим керакки, мамлакатимизда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳамкасбларимиз, хусусан, IT-дастурчиларни жалб қиламиз. Жамоамизнинг профессионал салоҳиятига таянган ҳолда биз бизнесимизни жадал ривожлантирамиз.
Сўзсиз ушбу муҳим омиллар бизга бўлган ишончнинг ортиб боришига ўз таъсирини кўрсатади. Компаниянинг аҳамиятли томонларидан бири бу — яхлит ҳолга келтирилган тузилма ва географик диверсификациясидир. Бунинг натижасида ташқи омилларга бўлган тобелик камаяди. Мисол учун, Қозоғистон ёки Қирғизистондаги мижозларимиз Ўзбекистон бозорига кириб келишни ният қилишса, ҳеч иккиланмай, Freedom Pay’ни танлашади. Чунки бизда нафақат ўзаро ишонч, балки халқаро компаниялар амал қиладиган юқори стандартлар ҳам мавжуд. Биз шу йўл билан Wildberries, Dodo Pizza, Atomy каби бир қатор машҳур компаниялар билан иш олиб борамиз. Турли тўлов карталари бўйича хизмат кўрсатишимиз туфайли уларнинг ишини осонлаштиришда кўмаклашамиз.
Freedom Pay’нинг афзалликлари нимада?
– Freedom Payְ’нинг рақобатчиларидан устунлиги шундаки, у юқори талабга эга бўлган халқаро карталардан тўлов қабул қилинишини таъминлайди. Бу йўл билан бизнес ўз фаолият доирасини кенгайтириш билан бирга, бутун дунёдан буюртма қабул қила олади. Бундан ташқари, биз эътиборингизга мультиэквайринг ҳавола қиламиз. Ҳамкорларимиз эквайер-банклар Ўзбекистондаги энг йирик ва ишончлилардан ҳисобланади. Биз мижозни йўқотмаслик қанчалик муҳим эканини тушунамиз. Бу бизнеснинг ривожланиши, ўртача ҳисоб ва конверсияни оширишнинг кафолатидир.
Шунингдек, жараёнда техник жиҳатларни ҳам унутмаслик зарур. Қулай ва функционал платформа мижозларни бошқа йўналишга олиб кетмайди, тўлов жараёни мижоз сайтида олиб борилиши эса у билан бўладиган мулоқот ривожига ҳисса қўшади. Биз бир мақсадга таяндик – хизмат максимал даражада самарали ва онлайн-бизнес учун осон бўлиши керак. Молиявий технологиялар соҳаси ва нақд пулсиз тўловларнинг ривожланиши бизнес учун мутлақо янги имкониятларни очиб берди. Тадбиркорлар ҳам бу ўзгаришларга фаол жавоб беришмоқда. Бу Freedom Payʼнинг ҳамкорлари сонидан ҳам яққол кўриниб турибди. Улар орасида ўз хизматларини чет элга экспорт қилаётган ҳамда халқаро карталар орқали тўловларни бизнинг тўлов тизимимизда амалга ошираётган компаниялар ҳам мавжуд. Тўлов усулининг қулайлиги туфайли ойига 15 миллиондан ортиқ транзакцияларни амалга оширмоқдамиз.
Онлайн тўловлар қанчалик хавфсиз?
- Тажрибалар шуни кўрсатадики, айнан онлайн-бизнес соҳасида ахборот хавфсизлиги жуда муҳим роль ўйнайди. Биз тўловни халқаро тўлов тизимининг қатъий қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширамиз. Бунга PCI DSS’нинг барча мезонларига амал қилувчи сертификатимиз далил бўла олади. Ушбу мезонлар Visa, MasterCard, American Express, JCB ва Discover каби халқаро тўлов тизимлари томонидан таъсис қилинган.
Бундан ташқари, биз мижозимизнинг бизнесини ҳимоя қилишда ўзимизнинг SecureBox антифрод-ечим (фирибгарликка қарши)дан фойдаланамиз. Ушбу автоматлаштирилган антифрод-тизим орқали тўлов амалга оширилмасдан аввал фирибгарлик фаолиятини аниқлаш ва унинг олдини олиш мумкин. Тизим талаб ва даъво ишлари билан боғлиқ бўлган халқаро тўлов тизими томонидан шикоят ҳамда норозиликлар сонини сезиларли даражада камайтиради. Содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф ва молиявий йўқотишларнинг олдини олиш учун онлайн тўловларни чуқур таҳлил қилиш имконини беради. Энг муҳими онлайн тўловлар бозорида фаолиятга тўсқинлик қиладиган мавқега таъсир кўрсатувчи хавфларни камайтиришга кўмаклашади. Бундан ташқари, Freedom Pay мижозлари 24/7 давомида компаниянинг қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилишлари мумкин.
Қандай қилиб тўлов тизими бизнес ривожига ўз таъсирини ўтказиши мумкин?
– Яхши ташкил этилган тўлов хизмати пулингизни тежашга, молиявий бошқарувни соддалаштиришга ва ҳатто мижозлар базасини кенгайтиришга ҳам ёрдам беради. Мисол учун, кўпгина компаниялар маркетплейс ёки тўлов тизимига жойлашаётганда мижозларни жалб қилиш ва сақлаб қолишнинг энг самарали воситаси — веб-сайтларини эътибордан четда қолдиради. Бугунги кунда UZ доменида рўйхатдан ўтган 110 минг сайтдан 1,2 фоизигина сотув витринаси ёки тўлов амалга ошириш имкониятига эга. Қолганлари эса шунчаки ташриф қоғозлар сайти.
Бизнинг ечимимиз компания саҳифасида ҳар қандай қурилмага мослаштирилган сотув витринасини яратишга ёрдам беради. Шу билан бирга, тўлов виджети мижоз учун брендлаштирилади. Бу эса мижозлар ишончининг янада ошишига сабаб бўлади.
Нима деб ўйлайсиз, бугунги кунда Ўзбекистонда электрон тўлов тизимининг ривожланиши учун қандай омиллар зарур?
— Бу борада қонун доирасида ҳам жиддий қадамлар ташланаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Ҳуқуқий базанинг мукаммаллаштирилиши, тадбиркорлик фаолияти ривожи учун қулай бўлган шарт-шароитларнинг мавжудлиги, шу билан бирга, IT Park’нинг яратилиши молиявий технологиялар бозорининг ривожланишига жиддий туртки бўла олди.
Бундан ташқари, бизнинг компаниямиз яқинда молиявий технологиялар экотизимининг техник такомиллаштирилишига қаратилган Ўзбекистон молиявий технологиялар ассоциациясига аъзо бўлди. Шахсан ўзим экспертлар кенгаши аъзосиман ҳамда меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, хусусан, тўловларда янги технологиялардан фойдаланиш ва мослаштириш, шунингдек, молиявий технологиялар ривожи бўйича ўз фикримни фаол баҳам кўраман.
Кичик ва ўрта бизнесга фойда келтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда инновациялар билан боғлиқ бўлган мониторинг ва хавфларнинг олдини олиш ўртасидаги тўғри мувозанатни топиш жуда муҳимдир. Менинг фикримча, маҳаллий бизнес вакилларининг халқаро майдонга фаол чиқиш вақти келди. Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам халқаро ҳамкорлик ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Айнан мана шу йўналишда биз ишончли ҳамкор бўлишга тайёрмиз.
Ҳозирда онлайн-бизнесда асосан ёш тадбиркорлар фаолият олиб бораётгани биз учун қувонарли. Менимча, айнан ёшлар молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришда пешқадам бўла олишади.
Сиз йирик лойиҳанинг илк аёл раҳбарларидансиз. Бу йўналишни танлашингизга нима туртки бўлган? E-commerce компанияларида аёл раҳбарларга бўлган муносабатлардаги стереотиплар ўзгармоқда деб ҳисоблайсизми?
– Тўғрисини айтсам, бу саволни айнан эркаклар бераётгани мени қувонтиради. Телекоммуникация соҳасидаги 10 йиллик тажрибамдан сўнг бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган молиявий технологиялар соҳасида ўзимни синаб кўриш таклифини олдим. Мен бу йўлни онгли равишда, “комфорт зона”дан чиқиш учун ҳам танладим. Менга ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаган устозларимдан жуда миннатдорман. Менинг ишим – ўзимни ривожлантириш учун фантастик имкониятдир. Чунки молиявий технологиялар жамоасида ҳам, IT жамоасида ҳам бирдек доимий ўсиш бор ва ана шу суръатда ҳаракат қилиш, бирга ўсиш зарур.
Мен у ёки бу ишни аёл ёки эркак бажариши керак деган мезонлар тарафдори эмасман. Аввало жинс эмас, ишдаги профессионаллик муҳим. Мамлакатимизда бизнесдаги гендер стереотиплар аста-секинлик билан йўқолаётгани қувонарли. Мен Ўзбекистон молиявий технологиялар ассоциацияси экспертлар кенгаши аъзоси сифатида тадбиркор аёлларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайман. Молиявий технологиялар соҳасида аёлларнинг фикрлашига хос бўлган ғоялар, қарашлар ва саъй-ҳаракатлар билан технологияга бошқа томондан назар ташлашга ёрдам берадиган, соҳамизда дадил қарорлар қабул қила оладиган қизлар кўпайишини истар эдим.
Қўшимча маълумот: www.freedompay.uz