Ўзбекистон | 19:05 / 16.01.2023
21142
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги “Саховат” уйида яшовчи қария ўзига босим бўлганини айтди, расмийлар рад этди

Ижтимоий тармоқларда Андижондаги “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйида қарияларга босим бўлиб, уларга руҳий тазйиқ ўтказилаётгани ҳақида видеомурожаат тарқалди. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида шу масканда бўлди.

Видеомурожаатда саховат уйининг кадрлар бўлими бошлиғи, омборхона мудири ва бош ҳамшира томонидан Азимжон Ҳакимовга босим бўлгани айтилган.

“Мурожаат қилишимга сабаб шу муассасадаги кадрлар бўлими бошлиғи, бош ҳамшира ва омборчи томонидан ўзимга ва оилам шаънига нотўғри гаплар айтишди. Келинига осилган дейдими? Келинга осилиб бўладими? 68 га кирдим. Маҳаллага ҳам бора олмай қолдим”, – дейди мурожаатчи.

Бироқ, муассасада яшаётган бошқа кексалар биз билан суҳбатда бундай ҳолатга дуч келмаганликларини, Азимжон Ҳакимовга нисбатан босим бўлганини интернетдаги мурожаатдан билишганини айтишди.

“Беш қўл баробар эмас. Босим йўқ. Бизлар индамай ўтирмаймиз, кимгадир босим бўлса, қараб турмаймиз”, – дея таъкидлади Комилжон Турғунов.

Шу ерда истиқомат қилувчи Мамарасул Абдураҳмонов ҳам босимлар бўлмаслигини билдирди.

Расмийларга кўра, қариялар уйидаги ходимлар ўртасида гуруҳбозлик йўқ ва бундай мурожаат биринчи марта кузатиляпти. Муассасанинг маънавият бўйича ўринбосари Ҳафизахон Йўлдошева ҳолат юзасидан изоҳ берди.

“Ҳар бир кексага мана шу ерда ишлайдиган инсонлар меҳрини беради. Ҳаттоки ота-онасига бермаган меҳрини беради. Ходимлар томонидан эса босим умуман кузатилмайди. Кимдир шубҳа қилса, истаган пайти келиб ўрганиши, қариялар билан суҳбатлашиши мумкин”, – дейди у.

Мурожаатчи бир томонда, муассасадаги қариялар ва ходимлар бир томонда турибди. Ўйлаймизки, муассасада тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш олиб борилади ва масалага тўла ойдинлик киритилади.

Абдували Қурбонов,
Жаҳонгир Турғунов.

Абдували Қурбонов
Муаллиф Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид