Жамият | 18:56 / 16.01.2023
23265
2 дақиқада ўқилади

Фото: Асакада қурилаётган янги мактаб деворлари қурилиш битмасидан туриб ёрилди

Асака туманида салкам 4,5 миллиард сўмга қурилаётган янги мактаб биносининг деворлари аллақачон шўрлаган ва ёрилган, эшиклари эса тўлиқ ёпилмайди. Бинони вақтида фойдаланишга топширолмаган қурувчининг вакили Kun.uz билан суҳбатда камчиликлар бартараф этилишини айтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИКнинг буюртмасига асосан, Асака тумани “Неъматобод” МФЙ ҳудудида 360 ўринли янги мактаб қурилмоқда.

Қурилиш деярли якунига етган. Бироқ фуқаролар томонидан Kun.uz'га қурилишда камчиликларга йўл қўйилгани бўйича мурожаат келиб тушди. 2022 йил 7 декабрда фойдаланишга топширилиши белгиланган бино ҳамон ўқувчиларни қабул қилишга тайёр эмас.

“Мактабнинг том қисмларида темир-бетонлар ўрнига ёғочлардан фойдаланишди. Мактаб ичида деворлар ёрилмоқда. Намлик ҳисоби олинмагани ва сифатли қурилиш молларидан фойдаланилмагани эвазига деворларни шўр босмоқда. Эшиклари эса тўлиқ ёпилмайди. Биз қурувчиларга эътирозларимизни айтдик. Бироқ инобатга олишмади. Фарзандларимиз бу мактабда ўқишни бошламасдан шундай ҳолат бўлса, бу бино узоққа дош бермайди”, – дейди маҳалла фаоли Дониёр Ҳомидов.

Қурилиш ишларини “Odil-Xamza” ХК олиб бормоқда. Корхона бош муҳандиси саволларимизга жавоб бериш асносида мактаб қурилишини тез орада якунлашини таъкидлади.

“Иккита бинони бир-бирига улаганимиз учун деворда ёриқ ҳосил бўлган. Янги бинода албатта чўкиш, намлик чиқиши, иссиқда ўзгариши мумкин. Бу табиий ҳол. Муаммоларни бартараф этяпмиз. Қурилишни дастлаб ёрдамчи пудратчи сифатида “Obod Dior Toshkent” МЧЖга бергандик. Аммо уларнинг ишлари бизга ёқмагани боис ўзимиз давом эттиряпмиз. Муддатидан ўтиб кетишига ҳам шу сабаб. Эшикларининг ораси очиқлиги ҳам барчаси бинони топширгунимизча тўғриланади”, – деди мухбир билан телефон орқали суҳбатда корхона бош муҳандиси Обиджон Исмоилов.

Мактаб биноси қуриш учун сарфланаётган 4,5 миллиард сўмга яқин маблағ тўғри сарфлангани, қурилишларда камчиликларга йўл қўйилган-қўйилмагани юзасидан тегишли ташкилотлар ўрганиш олиб бориши мақсадга мувофиқ.

Абдували Қурбонов

Абдували Қурбонов
Муаллиф Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид