Ўзбекистон | 13:11 / 16.01.2023
14926
7 дақиқада ўқилади

“Ўзгариш бор, аммо етарли даражада эмас” – Ангреннинг ишончли бошқарувдан олинган иситиш тизими қандай ишлаётгани ҳақида репортаж

Совуқда қолган ангренликлар, зарарга ишлаган ИЭС ва уни хароб қилган “ишончли бошқарув”… Бу – сўнгги кунларнинг Ангрен шаҳрига оид асосий мавзуси бўлди. Kun.uz’да эълон қилинган танқидий материалдан сўнг, ҳозирда шаҳар аҳолиси иссиқлик билан таъминлангани, ИЭС ташқи бошқарувдан олингач, ишлар яхши кетаётгани бўйича хабарлар келди. Kun.uz асл вазиятни билиш мақсадида Ангренда бўлиб, ҳолатни ўрганди.

Дастлаб воқеалар хронологиясига тўхталсак

3 январда Kun.uz’да Ангрендаги кўп қаватли уйлар аҳолиси салкам 2 ойдан бери совуқ хонадонларда яшаётгани ҳақида мақола эълон қилинди. Шундан сўнг, шаҳар ҳокимияти ва прокурори материалга муносабат билдирди. Унга кўра, одамларга иссиқлик узатилмаётганига ҳокимиятнинг ҳам, “теплосет”нинг ҳам алоқаси бўлмаган, вазият иссиқлик бериладиган манба – Ангрен ИЭС билан боғлиқ бўлган.

Гап шундаки, Қозоғистонга тегишли компания “Central Asia Energy” МЧЖга бериб юборилган эски Ангрен ИЭСга куз-қиш мавсуми учун етарлича маблағ ўз вақтида ажратилмаган, шу сабабли станцияда авариялар юзага келаверган, аҳоли эса совуқда яшайверган.

Айни шу сабабли ҳукуматнинг тегишли қарори билан январдан бошлаб ИЭС ишончли бошқарувдан олинди, бу ҳақда шаҳар прокурори Улуғбек Ҳабижонов таҳририятга маълум қилган эди. Шундан кейин 2 январдан аҳолига белгиланган меъёрда иссиқлик узатиб борилаётгани ҳақида хабар берилди.

Хўш, айни вақтда Ангренда аҳвол қандай, одамларнинг уйига ҳақиқатан ҳам иссиқлик етиб боряптими?

Буни билиш мақсадида дастлаб Ангрен шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Комронбек Каримов билан гаплашдик. Унинг айтишича, Ангренда 823 та кўп қаватли уйлар жойлашган бўлса, шунинг 639 таси марказий иссиқлик тизимига уланган.

“Ангрен ИЭСда ноябр ойида авария ҳолати бўлгани учун бир ҳафталик узилиш кузатилган. Декабр ойининг 24-29 саналарида ҳам ИЭСнинг 10-энергоблокида бузилиш кузатилган. Бу бўйича шаҳар ҳокими томонидан чора кўрилиб, юқори ташкилотларга хат чиқилди. Бу – бир йиллик муаммо эмас, ўтган йили ҳам ИЭСда шундай авариялар кузатилиб, қиш мавсумида ноқулайликлар юзага келган эди. Охирги 3-4 йилда кетма-кет шундай ҳолатлар бўлаверди, чунки ўша вақтда ИЭС ташқи бошқарувда эди.

Январдан ташқи бошқарувдан олиниб, “Иссиқлик электр станциялари” АЖга берилди. Энди бизга берилганидан бошлаб шахсан менинг асосий вазифам – аҳолига меъёр даражасида иссиқликни етказиш бўлди”, – деди Каримов.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ноябр ва декабр ойини ҳисоблаганда 20 кундан жами 40 кун аҳоли иссиқлик билан таъминланган, аммо меъёр даражасида эмас. Шу сабабли мана шу кунлар учун одамлар иссиқликка пул тўламаслиги, Ангрен “Иссиқлик энегрияси” ДУКда қайта ҳисоб-китоблар қилингани айтилди.

Шундан кейин одамларга неча даражада иссиқлик узатилаётгани билан танишиш учун Ангрен ИЭСнинг ўзига бордик. Навбатчи муҳандис Алимардон Эшбоевнинг айтишича, ҳозирда станцияда 2 та энергоблок ишга туширилган.

“10-энергоблокимизда 110 мегаватт, бошқасида эса 35 мегаватт – жами 140 мегаватт электр токи оляпмиз. Шаҳарга 68 даражада иссиқлик узатиляпти. Қайтиш ҳарорати 48 даража, 6/2 босимда бориб, 2/0 босимда қайтяпти. 3 минг 400 тонна иссиқлик бериляпти, аҳолидан 2 минг тонна бўлиб қайтяпти. Ҳозирги кўчадаги об-ҳаво сабабли 16 даража йўқотиляпти. “Теплосет”га кўра, аҳолига соф борадиган иссиқлик 60-62 даражани ташкил этади. Ҳозиргиси 68 даража, буни 70 га чиқариш ҳаракатидамиз.

ИЭСда 2 та қозон ишлаяпти, 3-қозонни ҳам ёқяпмиз. Унда ҳали уланиш ҳарорати етиб келгани йўқ. 9-қозонимизда сал ёрилиш пайдо бўлгани учун шаҳардаги ҳарорат тушиб қолган. Яқин соатларда 3-қозонимиз ҳам тайёр бўлади, уни ҳам улаймиз.

Қозонларимиз мазут билан кўтарилади, шу вақтгача Қозоғистонга тегишли компания (эски раҳбарият) мазкур ёқилғини олиб келмагани ва қозонларимизнинг таъмири ҳам кечиккани учун мана шу энергоблоклар ишламаган”, – деди навбатчи муҳандис.

Шу нуқтага келганда ИЭСнинг тижорий масалалари бўйича директори интервьюни тўхтатиб, бу саволга ўзи жавоб беришини айтди.

“ИЭС 2019 йилда ишончли бошқарувга берилган. Унгача бизнинг станция ИЭС АЖ таркибида бўлган. Алоҳида чиққанимиздан кейин ўзимизни ўзимиз бошқариш жараёнига ўтганмиз. Ишлаш жараёнида ҳар хил ҳолатлар бўлган, авариявийлари ҳам, яхши ишлаганларимиз ҳам.

Биз Ангрен аҳолисига иссиқликни етказиб берамиз, уларнинг ИЭС олдида 180 млрд сўмлик қарзи бўлгани учун мана бундай ўчиб қолишлар, иссиқликни етказиб беролмаслк ҳолатлари юзага келган.

Раҳбар Қозоғистондан ёки Ўзбекистондан бўладими, ўзининг етарли маблағи бўлмагандан кейин қайси раҳбар бўлишидан қатъий назар, ўша аҳволга тушаверади. Қарздорликни ундиролмаслик натижасидан келиб чиққан ҳолат бу”, – деди Зоидилла Шоисматов.

Тижорий масалалар бўйича директорнинг айтишича, ҳозирда эски Ангрен ИЭСдаги 2 та қозондан ташқари, яқинда 3-энергоблокни ҳам ишга тушириш, одамларга иссиқликни тўлиқ етказиш режалаштирилган.

Хўп, ҳолат ўтган йилги ноябр, декабр ойидан яхшиланди дейилди. Бу борада аҳолининг ўзи нима дейди? Суриштирувимиз давомида бир қанча маҳаллаларда бўлдик, хонадонларга кириб, одамлар билан суҳбатлашдик. Иссиқлик қай даражада етказилаётгани билан танишдик. Ҳолат кутилган даражада эмас. Одамларга 30 даражада иссиқлик берилаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Kun.uz’га берилган сўнгги маълумотларга кўра, Ангрен шаҳар Дорилфунун маҳалласидан кетганимиздан кейин одамларга иссиқлик берилиши тўхтаган.

Маълумот учун, 16 январ куни энергия ресурслари таъминоти аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўтган йиғилишда президент ўз вазифасини уддалай олмаган бир қанча амалдорлар қатори «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмоновни ҳам ишдан олди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев республиканинг қолган ҳудудларида ҳам аҳвол ёмонлигини танқид қилиб, барча даражадаги раҳбарларнинг энг катта вазифаси – электр ва газ тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб бериш эканини айтганди.

“Энергия таъминотида қаерда узилиш бўлган бўлса, унинг сабабларини кўрсатиб, оқибатлари қанча муддатда бартараф этилишини одамларга тушунарли тарзда етказиш зарур”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид