Жаҳон | 14:18 / 17.01.2023
21418
5 дақиқада ўқилади

Днипрога ракета зарбаси: 45 киши ҳалок бўлди, 70 дан ортиқ киши яраланди

Зеленский россияликларни «қўрқоқларча сукут сақлаш»ни бас қилишга чақирди.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, россияликларнинг Днипрога йўллаган ракета зарбаси оқибатида 45 киши ҳалок бўлган. 14 январ куни амалга оширилган ҳужум туфайли тўққиз қаватли уйнинг иккита подъезди қулаб тушган.

16 январ куни Украина ИИВ 36 киши ҳалок бўлгани (жумладан икки бола ҳам), яна 75 киши жабрлангани (улардан 15 нафари болалар) ҳақида маълумот берди. 39 киши қутқарилган, шундан олти нафари болалар. Яна 30 га яқин киши тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Днипропетровск области кенгаши раиси Николай Лукашукнинг маълум қилишича, уйда 72 квартира вайрон бўлган, яна 230 таси шикастланган. Унинг сўзларига кўра, 16 январ кунига келиб воқеа жойидан 7,4 минг тоннадан ортиқ вайрон бўлган конструкциялар олиб чиқилган. Қутқарувчилар одамларни қидириш ишларини давом эттиришган, қидирув-қутқарув ишларига 500 дан ортиқ киши ва 140 дона техника жалб этилган.

Володимир Зеленский Днипрога зарбадан кейин россияликларга мурожаат қилди. Урушнинг 326-куни якунлари бўйича 15 январ куни кечқурун қилинган видеомурожаатда Украина президенти украин тилидан рус тилида гапиришга ўтган ва россияликларнинг «қўрқоқларча сукут сақлаётгани» ҳақида гапирган.

«Россиядаги — ва Россиядан бўлганларнинг барчасига қарата айтмоқчиман, — энди ҳам бу террорни қоралаш учун бир неча оғиз сўз айтолмаганларга. Ҳолбуки улар барчасини кўриб ва билиб туришибди. Сизнинг қўрқоқларча жимлик сақлашингиз, бўлаётган воқеаларнинг ўтишини пойлаб туришга уринишингиз оқибатида бу террорчилар бир кун келиб сизнинг ҳам изингиздан тушади. Ёвузлик қўрқоқликка жуда сезгир, ёвузлик ундан қўрққанларни ва савдолашишга ҳаракат қилганларни доимо ёдда тутади. Ва сизнинг олдингизга келганда эса ҳимоя қиладиган ҳеч ким бўлмайди», — деган Зеленский.

Россия Днипродаги турар жойга зарбага алоқадорлигини рад этмоқда. РФ мудофаа вазирлиги вакили Игор Конашенков 15 январ кунги брифингда Украина бўйлаб берилган ёппа зарбаларни изоҳлар экан, Днипрони тилга олмади. «14 январ куни Украина ҳарбий бошқарув тизимига ва у билан алоқадор энергетика объектларига зарбалар йўлланди. Барча белгиланган объектлар аниқ нишонга олинди. Зарбалардан кўзланган мақсадга эришилди», — деган Конашенков тафсилотларни келтирмаган ҳолда.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 16 январ кунги брифингда Россия қуролли кучлари аҳоли турар жойларига эмас, «очиқ ёки маскировка қилинган ҳарбий нишонлар»га зарба беришини айтди. «Сиз ўзингиз Украина томонининг айрим вакиллари хулосаларини кўрдингиз, уларда бу фожиа қарши ракета ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳаракатлари оқибати экани айтилган», — дея Дмитрий Песковнинг сўзларини келтирган «Интерфакс».

Афтидан, Кремлдагилар номини айтмасдан Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг сўзларини назарда тутмоқда. У 14 январ куни россияликларнинг товуш тезлигидаги X-22 русумли қанотли ракетаси Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилган ва шундан кейин у Днипродаги уйга қулаган бўлиши мумкинлигини айтганди. Бу баёнот Россиянинг кўплаб нашрлари томонидан тарқатилди, лекин бу хабарларда фақат Арестовичдан иқтибос келтирилган бўлиб, кўп сонли қурбонлар ва жабрланганлар тўғрисида эслаб ўтилмаган. Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари эса Россиянинг босқини даврида бирор марта X-22 ракетаси уриб туширилмаганини маълум қилди. Арестовичнинг ўзи аввалига ноаниқ формулировкага йўл қўйганини тан олди, кейин эса истеъфога чиқиш учун ариза ёзганини маълум қилди.

Днипрога зарба — Украинада сўнгги ярим йилликда тинч объектга қилинган энг ҳалокатли ҳужум бўлди — охирги бор 2022 йил 9 июлида Россия кучлари Донецк областининг Часив Яр шаҳридаги кўп қаватли бинога зарба берганида бу қадар кўп ўлимлар рўй берганди. Ўшанда беш қаватли уйнинг икки подъезди тўлиқ қулаган, яна бир беш қаватли уй шикастланганди. Ўшанда жами 48 киши ҳалок бўлган, жумладан бир чақалоқ ҳам, яна камида 24 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. РФ мудофаа вазирлиги Часив Ярдаги ҳодисани изоҳлар экан, «зарба натижасида уч юздан ортиқ националист ўлдирилгани»ни маълум қилганди.

Мавзуга оид