Жамият | 11:25 / 17.01.2023
57241
3 дақиқада ўқилади

Ҳарбий хизматдан қайтишига икки ой қолган аскар ўзини отгани айтилмоқда

Ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскар 21 ёшга тўлишига 4 кун қолганда ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 11 январь куни соат тахминан 10:15 ларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскар ўзига бириктирилган АКС-74 русумли автомат билан бошига қарата ўқ узган. У воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, ҳарбий қисм тиббиёт ходимлари уни дарҳол Мудофаа вазирлиги Марказий клиник госпиталига олиб кетган.

“Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳодиса жойига Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади расмий маълумотда.

Марҳумнинг яқинлари Миллий телеканалининг “Миллар” дастурига берган интервьюсида аскар йигит уриб ўлдирилган деган гумонда эканини билдиришган.

“Ўғлим Миржалол Имомовни ўтган йили 4 май куни ҳарбий хизматга кузатгандик. 11 январь куни кеч соат 17:30 ларда ҳарбий қисмдан хўжайинимга қўнғироқ қилиб: “Бандачилик, ўғлингиз ўзини отиб қўйди”, деб айтишди. Отаси шок ҳолатига тушиб гапиролмай қотиб қолди. Шунда телефонни олиб: “Нималар деяпсиз, менинг ўғлим ўзини отадиган йигитмас” деб айтганимдан кейин қўнғироқ қилаётган шахс: “Олти-етти нафар аскарни қамаб қўйганмиз, ҳозир суриштирув кетяпти. Отиб қўйишибди ўғлингизни”, деб бошқача гапирди. Яъни аввал ўзини отиб қўйди деган бўлса, кейин отиб қўйишибди деди. У охирги марта янги йил куни эрталаб қўнғироқ қилиб, Худо хоҳласа март ойида қайтаман, деганди. Санасини айт деганимда сизга сюрприз қилиб кириб бораман, деб айтмаганди”, дея таъкидлайди марҳумнинг онаси.

Аскарнинг яқинларига кўра, марҳум жасадида турли жароҳат излари бор. Жумладан, олд иккита тиши синган, қошининг тепаси ёрилган. Шунга таяниб улар Миржалол калтакланган бўлиши мумкинлигини гумон қилишмоқда.

Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Қуролли Кучлар Суд тиббий экспертиза маркази мутахассислари томонидан тиббий экспертиза ўтказилган. Вазирлик текшириш натижаси ҳақида қўшимча ахборот тақдим этилишини билдирган.

2022 йилда аввал Қашқадарёда, сўнгра Сурхондарёда ҳарбий хизматни ўтаётган 18 яшар йигитлар вафот этганди.

Мавзуга оид