Ўзбекистон | 10:41 / 17.01.2023
42647
6 дақиқада ўқилади

Ўқувчи устозини писанд қилмай қўйди! Тарбиядаги бўшлиқнинг нималарга олиб келаётгани ҳақида аччиқ ҳақиқат

Ўқитувчисидан калтак еган кап-катта йигит мактабга онасини етаклаб келди. Бу ҳам етмагандай, уялмасдан кўпчилик олдида иштонини ечиб “жароҳати”ни кўрсатди. Видеодан кўринадики, болада ваҳима қилинганидек тан жароҳати йўқ. Лекин у ўқитувчини ёмонотлиқ қилиш учун иштонини ечишдан тоймади. Айтинг-чи, йигитлик ғурури, ор-номус қаёқда қолди?

Фото: Kun.uz

Ўқитувчиларнинг маоши етарли эмаслиги, ўша оз маош ҳам турли-туман чўқиланишлардан ўтиши, таълим соҳаси ходимлари турли ишларга жалб қилиниши энг юқори доираларда муҳокама қилинди. Шукр, бу борада анча муаммолар ечилди, қолганларига ҳам ҳаракат қилиняпти. Шу билан бирга бир муаммо борки, у ҳақда ҳам мунтазам бонг уриб туриш керак. Бу ўқитувчиларнинг мавқейи, уларнинг дахлсизлиги!

Бу мавзу ҳақида сўз юритилганда, албатта, бунга қарши чиқувчилар, дарҳол масалага нариги қирғоқдан кўз ташловчилар, жабрдийдани айбдор, айбдорни жабрдийдага айлантирувчилар топилади. Аммо ҳозир, айни шу мақолада устозлар тортаётган азоб ҳақида сўз боради, бошқасини бошқа мақолага қолдириб турамиз.

Муддао шуки – ўқувчи ўз устозини писанд қилмай қўйди!

Муштдай бола кўзини лўқ қилиб, ўз ўқитувчисини калака қилиши, гап қайтариши, ортидан юриб эрмаклаши, дарсини истаганча бузиши, энг даҳшатлиси — бу масхаралар, хўрликларни телефонга тушириб тарқатиши ва зўр иш қилгандек мақтаниши оддий ҳолга айланди. Интернет бундай лавҳаларга ёки ота-оналарнинг мактабга келиб устозни изза қилишига оид видеолар билан тўлиб тошган.

Ҳозир гап дарсларга тайёрланиб келиш, жамоат ишларида фаол қатнашиш, муаллимнинг ортидан билим излаб югуриб юриш ҳақида кетмаяпти. Кўпчилик ўқувчилар учун бу хислатлар ёт бўлиб улгурди. Гап оддий одоб қоидаларининг ҳам унутилаётгани, устоз ва шогирд ўртасидаги ҳурмат туйғуси аёвсиз топталаётгани ва бу оддий ҳолга айланаётгани ҳақида кетмоқда.

Пойтахт мактабларидаги ҳолатга эътибор беринг: устоз қайта-қайта танбеҳларга қарамай тинч ўтирмаган ўқувчининг қўлига ёғоч чизғич билан уради. Ўқувчи жазавага тушади ва отасини етаклаб келади. Натижа: қатор мажлислар, ўқитувчининг изза қилиниши ва шармандаларча ишдан ҳайдалиши...

Ўз фанининг фидойиси бўлган муаллимнинг бу қадар хор қилинишига чидай олмаган бошқа ҳамкасблари ҳам бўшаш ҳақида ариза ёзишади. Мактаб директори вазиятни ўнглаш учун ота-оналар мажлиси чақиради. Шунда қизиқ ҳолат юз беради – ота-оналарнинг аксарияти агар ўз фарзандлари устозларининг сўзига амал қилмаса, бемалол уриб жазолаш мумкинлигини айтиб, кўпчилик олдида бунга рухсат беришади.

Албатта, ўқитувчининг ўқувчига куч ишлатиши, жароҳат етказишини оқлаб бўлмайди. Лекин тан олайлик, ўқитувчи қўл кўтарганда жароҳат етказишни, болани майиб қилишни мақсад қилмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз-ку. Фарзандларимиз гапга кирмай қўйганидан, баъзан пўписалар ҳам кор қилмаётганидан бехабармизми ёки? 

Камига устозларини очиқдан-очиқ калака қилишни одат қилишаётгани, кўз ўнгимизда телефон деган балодаги ясама шон-шуҳрат учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган авлод шаклланиб бораётганини ҳаммамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз-ку.

Қолаверса, мажбурликдан ўз ўқувчисига қўл кўтарган устознинг ўзи ҳам кейинчалик бу ишидан пушаймон бўлиши, кўнглида оғир юк билан юриши ҳам бор гап.

Ўйлаб кўрайлик, лозим бўлса, фарзандимизга ярим соат дарс қилдиргунча неча марта пўписа қилиб, ёлғондан бўлса-да қўл кўтарамиз. Хўш, нега ярим кун давомида шунча болани эплаб, ҳам мавзуни тушунтириб, ҳам ўттиздан ортиқ ўқувчидан уй вазифасини сўраб, тартибни сақлаб, яна камига мингта раҳбарнинг кўнглига қарайдиган, ўзи шундоқ ҳам кўча супуриш-у металлолом-обуналардан тўйиб бўлган муаллимнинг жаҳли чиқиши мумкинлигини ҳазм қилолмаймиз, жазавага тушамиз?!

Яна таъкидлаймиз – бу мақола ўқувчиларга нисбатан куч ишлатишни ёқлаб ёзилмаган. Фақат ўқитувчини шу даражага олиб борадиган, қуюшқондан чиқарадиган ўқувчилар борлигини унутиб қўймайлик, шундай вазият бўлганда дарҳол муаллимнинг ёқасидан олишга шошилмайлик!

Давлат раҳбарининг ўзи ўқитувчи мақомини Конституцияга киритишни таклиф қилди ва уларнинг дахлсизлигини қонунлар билан мустаҳкамламоқчи. Шундай пайтда биз ота-оналар боламизнинг хархашаси ортидан мактабга югураверишни одат қиладиган бўлсак, ўқитувчининг қадри қоладими?

Мақолани ижодкор Шуҳрат Сатторовнинг “Қадр-қимматини йўқотаётган миллат меъмори” мақоласидан парча билан давом эттирсак:

“Калтак еяётган — ўқитувчи!

“Ўзимдан уч ёш кичик, келиб чиқиши бухоролик бўлган, пойтахтнинг Учтепа туманидаги мактаблардан бирида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берувчи таниш йигит ишхонамга йўқлаб келди.

“Қишлоққа қайтяпман. Бу ерда ишлаш бизга эмас экан, ака”, — деди тушкун ҳолатда, бир ёғи кўкимтир тус олган ёноғини бекитишга уриниб.

Маълум бўлишича, ўқувчиларидан бири мазах ва масхаралашни ошириб юборгани учун танишим унинг юзига шапалоқ тортиб юборган, сўнг боланинг отаси келиб ўқитувчини ҳамманинг олдида “юмалоқ ёстиқ” қилган экан...

Яна бир гап, бу айниқса, ўғил болаларга тегишли, ўғилларимизнинг ҳақиқий эр йигит, асл эркак бўлиб улғайиши учун айнан мана шундай ҳолатлар жуда муҳим. Агар ўғлимизнинг арзимас арзлари ортидан югуриб бораверадиган бўлсак, халқ тили билан айтганда “илимилиқ” бир шахс тарбияланишига замин яратамиз. Кимгадир суяниб шикоят қилаверишни одат қилган боладан ташаббус, шижоат кутишнинг ўзи аҳмоқлик. Ўғилларимизни ҳақиқий мард қилиб тарбиялайлик, эркак қилиб вояга етказайлик!  

Эсингизда бўлса, мактабда ўқитувчисидан калтак еган кап-катта йигит онаси ортида туриб олгани, онаси жазавага тушиб гапиргани ортидан иштонини ечиб кўрсатгани роса муҳокамаларга сабаб бўлганди. Видеодан кўринадики, болада ваҳима қилинганидек тан жароҳати йўқ. Лекин у ўқитувчини ёмонотлиқ қилиш учун иштонини ечишдан тоймаяпти. Ахир йигитлик ғурури қаёқда қолди?

Азиз ота-оналар! Дўппини ечиб олиб ўйлаб кўриш фурсати аллақачон етиб келган. Тўғри, таълим тизимимизда муаммолар етарли. Аммо уларнинг бирортасини устозни изза қилиш, хор қилиш орқали еча олмаймиз!

Аброр Зоҳидов

Аброр Зоҳидов
Муаллиф Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид