Ўзбекистон | 18:14 / 17.01.2023
8671
4 дақиқада ўқилади

“Шаҳарсозликда бош режа бўлмаса, муаммо кўпаяверади” — энергетиклар

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа мулозимлар ишдан олинган йиғилишда пойтахтнинг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётганини танқид қилганди.

Kun.uz’га интервью берган энергетикларга кўра, шу кунларда республикамиз миқёсида кузатилаётган энерготақчиллик қурилишлар режасиз қилинаётгани, шаҳарларнинг бош режаси йўқлиги билан боғлиқ.

Умид Мамадаминов, Stantop Energy МЧЖ раҳбари:

— АҚШ ёки бошқа ривожланган мамлакатларни оладиган бўлсак, улар ҳам шундай босқичдан ўтган. Нотўғри йўл билан эмас, албатта. “Мастер план” дейилади, яъни бунда ҳар битта шаҳар ёки қишлоқнинг кенгайиш режаси бўлади. Бу бўйича архитектура ташкилотлари ишлайди. Аҳолининг ўсиш даражаси статистикаси бўйича ишланади бу.

Шаҳарсозликда мана шундай иш олиб борилади ва ўша аҳолини энергия билан таъминлашга хизмат қиладиган пост станциялар, энергия тармоқлари тизими жойлаштирилади. Бунда Энергетика вазирлиги ва бошқа шаҳарсозликка жавоб берувчи ташкилотлар ҳамкорликда ишлаши керак. Вилоятларда кўряпманки, умуман режали ишланмаган электр энергия тизими. Бизда айнан шундай режа билан, ҳамкорликда ишлайдиган тизим йўлга қўйилиши шарт. Агар бундай бўлмаса, муаммо кўпайиб кетаверади.

Умид Мамадаминов Фото: Kun.uz

Соҳада янгилик яратиш шарт эмас. Шунчаки бошқа ривожланган давлатлардан андоза олиш керак, холос. АҚШда ҳам яқин ўтмишда шундай муаммолар юзага келган ва улар янги тизим ўйлаб чиқишди. Масалан, энергия кўп сарфланадиган вақтларда катта энергия сарф қилувчи завод-фабрикаларга маълум даражада энергия сарфини камайтириб туришни таклиф қилади ва бунинг эвазига давлат ўша завод ёки фабрикага маълум бир субсидиялар беради.

Сарвар Қурбонов, “SKB Energy Company” МЧЖ ҚК раҳбари:

— Бу ҳолат бизда ҳам бор. Лекин субсидия деган нарса йўқ, шунчаки ўчиришни талаб қилишади. Ўз-ўзидан бу ишлаб чиқаришга, маҳсулот сифатига, даромадга зарар беради.

Сарвар Қурбонов Фото: Kun.uz

Умид Мамадаминов:

— АҚШ тажрибасида ўша ишлаб чиқариш объектларининг ўз хоҳиши билан генераторларидан фойдаланиш каби ҳолатлар ҳам бор. Юқорида айтганимиздек, бундай ҳолатларда давлат компенсация қилади ёки маълум бир субсидиялар беради. Бу нарса жуда яхши самара берган. Бизда шундай дастурлар ишлаб чиқиш керак.

Бахтиёр Ғозиев, ABREST Energy Engineering МЧЖ тижорат директори:

— Бу каби ишлаш тизими бизда тўлиқ йўқ дейиш бироз хато. Бор бизда ҳам, лекин тўлиқ ёки кўзланган мақсадда ишламайди.

Энергетика вазири ўринбосари айтиб ўтган масала ҳам аслида бор. Лойиҳа жараёнида техник шарт берилади ҳудудий электр тармоқлари томонидан. Фақатгина бунда ҳудудий электр тармоқлари доирасида рухсат олинади. Ва бу ҳақидаги маълумотлар вазирликка тақдим этилиши керак. Объект рухсатсиз қуриляпти, дегани билан, аслида ҳудудий электр тармоқлари юқорига маълумот бермаяпти. Муаммо мана шу ерда.

Бахтиёр Ғозиев Фото: Kun.uz

Электр энергиясини ишлатишда уч хил тариф бўлиб берилган ишлаб чиқарувчиларга. Кундузи бошқача тариф, тунги ҳолатда бошқача тариф, бунда тунги тариф арзонроқ бўлади. Энди бу ҳолатда қайси тарифдан фойдаланишни ишлаб чиқарувчининг ўзи ҳал қилади. Шу каби тизимлар йўлга қўйилган, лекин тўлиқ ишламаяпти ёки баъзи жойларида дастур тўлиқ ишлаб чиқилмаган.

Суҳбатни тўлиқ Kun.uz’нинг ютуб-каналида кўриш мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид