«Иккиланишни бас қилинг». Зеленский Давос иштирокчиларини Россия юриши бошлангунча Украинага танк беришга чақирди
Чоршанба куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида чиқиш қилган Украина президенти Володимир Зеленский Украина иттифоқчиларини иккиланишни бас қилиб, тезлик билан Киевга барча зарур қуроллар, жумладан танклар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришга чақирди.
«Эркин дунё ўйлашга кетказаётган вақтни террорчи давлат одамларни ўлдиришга сарфламоқда», деган Давос форуми иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилган Зеленский.
«Дунё ортиқ иккиланмаслиги керак - бугун ҳам, келажакда ҳам. Дунёнинг сафарбарлиги бизнинг умумий душманимизнинг навбатдаги ҳарбий сафарбарлигидан илгарилаб кетиши керак. Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш Россиянинг навбатдаги ракета зарбаларидан илдамроқ бўлиши керак. Ғарбнинг танклари етказиб берилиши Россия танкларининг навбатдаги юришидан олдин рўй бериши керак», дея давом этган Зеленский.
Танклар ҳақидаги сўзларни кўпчилик немислар томонидан ишлаб чиқарилган Leopard танклари учинчи давлатлар томонидан Украинага етказиб берилишига рухсат беришга шошилмаётган Германиянинг иккиланишига очиқ ишора сифатида баҳоланмоқда. Полша ва Финландия Украинага ўзидаги Leopard танкларининг бир қисмини беришга тайёрлигини маълум қилган.
Давос форумида сўзга чиққан Германия канлцери Олаф Шолц Leopard танклари бошқа мамлакатлар томонидан Украинага тақдим этилишига рухсат қачон бўлиши ҳақида аудиториядан берилган саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочди.
Шолц Германия аллақачон Украинага фаоллик билан ёрдам кўрсатаётгани ва умумий ёрдам ҳажми бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринда тургани, украинларга етказиб бериш учун ўқ-дори ишлаб чиқариш ҳажмини оширгани ва Украинага замонавий ва жуда самарадор бўлган зенит-ракета тизимлари юборгани ҳақида жуда кўп гапирди.
Германиядаги Süddeutsche Zeitung газетаси чоршанба куни ўз манбаларига таяниб, Олаф Шолц Leopard танкларини Украинага етказишга тайёрлиги, аммо бунинг учун аввал АҚШ ўзининг Abrams танкларини украинларга бериши керак бўлиши ҳақида ёзди. Газетанинг аноним суҳбатдошларига кўра, Шолц бу ҳақда сешанба куни АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали мулоқот чоғида айтиб ўтган. Нашрга кўра, Байден бу борада ҳеч қандай ваъда бермаган.
Аммо АҚШ ҳозирча Украинага ўз танкларини беришни режалаштирмаётгани - Россиянинг реакциясидан қўрқув туфайли эмас, бунинг сабаби шундаки, бу танкларга хизмат кўрсатиш тизимлари жуда қимматга тушади. Бу ҳақда чоршанба куни АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал журналистлар билан мулоқот чоғида айтиб ўтди.
«Ўйлайманки, иш бунгача етиб бормайди. Abrams жуда мураккаб техника. У қиммат, уни бошқаришни ўрганиш жуда узоқ вақт талаб этилади, унинг газ турбинали двигатели кўп сарфлайди, билишимча, бир мил масофага уч галлон авиация ёнилғиси [тахминан бир километрга етти литр - BBC]. Бу эксплуатация учун энг осон техника эмаслиги аниқ», дея Калнинг сўзларини келтирган халқаро агентликлар.
Украина раҳбарияти Германия ва бошқа давлатлар оғир техника етказиб бериш масаласида Украина иттифоқчиларининг 20 январ куни ўтказиладиган «Рамштейн» форматидаги навбатдаги учрашувида қандайдир қарор қабул қилинишига умид қилмоқда.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг чоршанба куни Украинага қурол-яроғ етказиб беришни айнан ҳозир сезиларли даражада ошириш зарурлигини айтиб ўтди.
«Ҳозир - урушда бурилиш палласи ва Украинага ёрдам ҳажмини сезиларли даражада ошириш керак. Агар эртага тинчлик музокараларига киришишни истасак, бугун кўпроқ қурол беришимиз керак», деган Столтенберг Давосда.
Чоршанба куни Германияни Украинага Leopard етказиб беришга чақирувчи мамлакатлар ва ташкилотлар қаторига Европарламент ҳам қўшилди.
Leopard 2 танкларини зудлик билан етказиб беришга рухсат бериш чақириғини Европа Иттифоқи парламентарийларининг 459 нафари қўллади, 93 киши қарши овоз берди, 85 киши бетараф бўлди.
Бироқ Европарламентнинг бундай чақириғи бутун ЕИ учун ҳам, иттифоқнинг алоҳида мамлакатлари учун ҳам юридик мажбуриятлар юкламайди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024