Ўзбекистон | 16:43 / 19.01.2023
25174
2 дақиқада ўқилади

Екатеринбургдан Тошкентга учаётган йўловчининг юклари орасидан олтин автомат топилди

АК-74 Калашников автомати божхоначилар томонидан олиб қўйилган ва экспертизага топширилган.

Россиянинг Екатеринбург аэропортида божхоначилар олтиндан ишланган Калашников автоматини Тошкентга олиб кетишга уринган йўловчини қўлга олишди. Қайд этилишича, антиқа қуролни совға сифатида Ўзбекистонга олиб келаётган эркак аэропортнинг яшил коридоридан ўтишга уринган.

Россиялик эркак сўроқ вақтида автомат аллақачонлар “отишга яроқли қуроллар рўйхатидан чиқарилгани, унга заргарлар томонидан ишлов берилгани, у қуролни қадрдон дўстига совға сифатида олиб кетаётганини билдирган.

Россия Федерал божхона хизматига кўра, автомат 1974 йилда ишлаб чиқарилган. Қуролнинг айрим қисмлари нақш туширилган олтин билан қопланган, баъзи қисмлари эса қимматбаҳо ёғочдан ясалган. Таъкидланишича, Россия бозорида шунга ўхшаш маҳсулотларнинг нархи 500 минг рублгача боради.

Қайд этилишича, қуролнинг жанговар хусусиятларини тиклаш имкониятлари бор ёки йўқлигини баҳолаш учун Калашников автомати экспертларга тақдим этилган.

Аввалроқ Бухоро халқаро аэропортида Россиядан тўппонча олиб келаётган шахс ушланганди.

Ўтган йили Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги божхона постларида қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинганди.

Тошкент аэропортида божхоначилар ичига қарийб 0,5 кг олтин яширилган дазмолни аниқлашганди.

Мавзуга оид