Жаҳон | 23:47 / 20.01.2023
73276
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ўзбекистонлик ўз ҳамюртини отиб қўйди. Жабрланувчи шифохонада жон берган

Низога 5 минг доллар миқдоридаги қарз сабаб бўлгани айтилмоқда.

АҚШнинг Флорида штатида яшовчи 42 ёшли ўзбекистонлик Ғани Жўрабоев ватандоши 31 яшар Бекзод Нишонбоевни отиб ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақда хабар берган FOX 35 Orlando телеканалига кўра, ҳодиса 16 январь куни Киссимми шаҳрида содир бўлган.

Можаро Киссимми шаҳридаги ҳашаматли уйлар қурилган анклавда рўй бергани айтилмоқда. Терговчилар қотиллик пул талашув сабаб рўй берганини тахмин қилишмоқда. ОАВга кўра, ушбу пул уй учун бошланғич бадал сифатида тўланган, аммо қарз ўз вақтида қайтарилмагани ортидан келишмовчилик келиб чиққан.

Осеола округи шерифи Маркос Лопеснинг айтишича, Нишонбоев Жўрабоевга мушт туширган. Буни қўлга олинган вақтда унинг кўзидаги шиш ва кўкарган излар ҳам тасдиқлаб турибди. Рақибидан калтак егач, Жўрабоев машинасидан тўппончасини олиб, унга бир неча марта ўқ узган.

Қўшнилар камида тўрт марта ўқ овозини эшитганликларини айтишган. Улардан бири жараён акс этган видеони полицияга тақдим этган. Видеода ўзбекистонликнинг ўз ҳамюртига ўқ отгани кўринмайди, бироқ қаттиқ қичқириқ овозлари эшитилади.

Фото: Видеодан кадр

Рўй берган ҳодисадан сўнг Жўрабоев жабрланувчини ўз машинасида шифохонага олиб борган. Бироқ у олган жароҳатлари туфайли вафот этган.

Лопесга кўра Ғани Жўрабоев Бекзод Нишонбоевга қарата ўқ узганини тан олган. У 17 январ куни ҳибсга олинган. Тергов идораси ҳодисани қасддан содир этилган қотиллик деб малакаламоқда.

Қайд этилишича, Ғани Жўрабоев Осеола округида доимий яшаб келган, муқаддам судланмаган. 31 яшар Б.Нишонбоев эса АҚШга Ўзбекистондан меҳнат визаси билан келгани, виза муддати 2022 йил март ойида тугагани хабар қилинган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид