Жаҳон | 18:53 / 20.01.2023
11306
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев Қозоғистонда журналистларга уюштирилган қатор ҳужумларни чуқур ўрганишни топширди 

2022 йил кузидан бошлаб, Қозоғистонда бир қанча журналистларга ҳужум ва таҳдидлар бўлган эди.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳуқуқ-тартибот идораларига журналистларга ўтган йилнинг кузидан бери содир бўлаётган ҳужумларни чуқур текширишни топширди.

«Жамоат хавфсизлиги ва давлат обрўсига путур етказиш мақсадида қилинган ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг нафақат айбдорлари, балки буюртмачилари ҳам аниқланиши керак», деди у.

Қозоғистонда журналистларга ҳужумлар ўтган йилнинг ноябр ойида, номаълум шахслар El Media интернет нашри таҳририяти жойлашган бизнес марказининг ойна ва эшикларини синдириб ташлаганидан сўнг бошланган эди. Ҳужумлар шу йилнинг январ ойи ўрталарида такрорланди.

13 январ куни ҳужумчилар «Алтинши Қангтар» фуқаролик коалицияси аъзоси, журналист Динара Егеубаеванинг машинасига ўт қўйишди. Кейинроқ полиция ушбу иш бўйича беш нафар вояга етмаган бола қўлга олинганини айтди.

18 январ куни номаълум шахслар UlysMedia сайтига бузиб кириб, унда нашр бош муҳаррири Самал Ибраеванинг шахсий маълумотлари ва унинг фарзандлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилишди.

Яқинда журналист Вадим Борейко уч номаълум шахс унинг квартираси эшигини тўсмоқчи бўлгани ва эҳтимол ёқиб юбормоқчи бўлганини айтди. У буни касбий фаолияти билан боғлади ва журналистларга қилинган сўнгги ҳужумларни «бир-бирига боғлиқ» деб атади.

Борейко полицияга берган кўрсатмасида журналистлар, хусусан, Динара Егеубаева, Гулжан Ергалиева, Гулнар Бажкенова (ўтган йилнинг кузида номаълум кимсалар унинг йиртилган сурати солинган чўчқа бошини Orda сайти муҳарририга юборишган), Самал Ибраева ва ўзига нисбатан содир қилинган таҳдидлар эҳтимол, бир марказдан мувофиқлаштирилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Мавзуга оид