Ўзбекистон | 15:58 / 21.01.2023
23805
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда ғилдирак ўғрилари 5 кундан бери топилмаяпти

Самарқанд шаҳри Сартепа маскани Гулистон маҳалласида Cobalt автомобилининг тўртта ғилдирагини ўғирлаб кетишди. Бу ҳақда машина эгаси Kun.uz'га хабар берди.

Воқеа 15 январдан 16 январга ўтар кечаси содир бўлган. Ўғрилик воқеа содир бўлган жой яқинидаги кўп қаватли уйга хизмат кўрсатадиган ширкат назорат камерасига тушиб қолган. Камерадаги тасвирларни кўрган машина эгасининг айтишича, ўғриликни 3 киши амалга оширган. Машина ғилдиракларини ечишни 00:27 да бошлаган ўғрилар 4 та ғилдиракни 27 дақиқа ичида ечиб олган.

Ечиб олинган ғилдираклар остига эса бетон блок қўйиб кетилган. Ўғриликни содир этган шахслар кулранг Nexia 2 машинасида ҳаракатланган. Бу уловнинг ҳаракати ширкат камерасидан ташқари бошқа бир нечта камераларда ҳам кўринган.

Ҳайдовчи блоклар кузов қисмига камида 3 миллион сўмлик зарар етказгани, 4 та янги ғилдирак эса 5 миллион сўм атрофида баҳоланишини айтмоқда. Cobalt машинаси  2022 йил май ойида сотиб олинган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноий иш очилган. Аммо ўғрилар ҳамон топилгани йўқ.

Мавзуга оид