Жаҳон | 11:38 / 24.01.2023
8471
3 дақиқада ўқилади

Германияда давлат тўнтариши режалари бўйича айблов эълон қилинди

«Рейхсбюргерлар» деб гумон қилинганлар террорчилик уюшмаси тузиш ва давлатга хиёнат қилиш актларини тайёрлаш, шунингдек, жиддий зўравонлик ҳаракатларига тайёргарлик кўришда айбланмоқда.

Фото: Boris Roessler/dpa/picture alliance

Германия федерал прокурорлари ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш ва Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербахни ўғирлаб кетишни режалаштирганликда гумон қилинаётган беш нафар «рейхсбюргер»га айблов эълон қилди. Идоранинг 23 январь, душанба куни маълум қилишича, тўрт эркак ва бир аёл террорчилик уюшмаси тузиш ёки унга аъзо бўлиш, шунингдек, давлатга хиёнат ва Германияга қарши қаратилган ҳаракатларни тайёрлашда айбланмоқда.

Бундан ташқари, судланувчиларнинг бир қисми бошқа жиноий ҳаракатлар, жумладан, оғир зўравонлик ҳаракатларига тайёргарлик кўриш ва терроризмни молиялаштиришда айбланмоқда. Иш Кобленцдаги Олий судга юборилган.

2022 йил апрелида тўрт нафар эркак, октябрь ойида тергов гуруҳ раҳбари деб ҳисоблаган аёл қўлга олинган. Уларнинг барчаси ҳибсда. Федерал прокуратура маълумотларига кўра, гуруҳ «Германия империяси намунасидаги авторитар бошқарув тизимини» жорий этиш мақсадида Германиядаги демократик тузумни йўқ қилиб, давлат ҳокимиятини қўлга олишни режалаштирган.

Шу мақсадда улар бутун Германия бўйлаб электр тизимларига оммавий ва барқарор ҳужумдан бошлаб, «фуқаролар урушига ўхшаш шарт-шароитларни» яратмоқчи бўлган. Бундан ташқари, улар Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербахни қурол қўллаган ҳолда ўғирлаб кетишни ва шу шароитдан фойдаланиб, Берлинда «таъсис мажлиси»ни ташкил этиб, ҳукуматни ағдаришни режалаштирган, дея хабар қилинади хабарда.

Декабрь ойи бошида зўравонликка тайёр бўлган ва ГФР мавжудлигини тан олмаган ўнг қанот радикал ҳаракат аъзолари – «рейхсбюргерлар»га қарши кенг кўламли операция ўтказилаётгани маълум бўлди. Унинг давомида камида 25 киши ўнг экстремистик муҳитга мансубликда гумонланиб қўлга олинган. Прокуратуранинг таъкидлашича, «рейхсбюргерлар» мамлакат конституциявий ҳокимиятини ағдаришни режалаштирган. Қўлга олинганлар орасида Россия фуқароси ҳам бор.

«Рейхсбюргерлар» ГФРни тан олмайди ва ўзларини «Германия рейхи» фуқаролари деб билади. Улар мавжуд бўлмаган империя учун муқобил «шахсни тасдиқловчи карталар» ва «ҳайдовчилик гувоҳномалари» яратади. Ҳаракат 1980-йилларда пайдо бўлган. 2017 йилда Германияда унинг тарафдорлари сони 16 мингдан ошди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид