ЖССТ болаларни зарарли дорилардан ҳимоя қилишга чақирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дунё мамлакатларини сифатсиз ва қалбаки дорилардан фойдаланишнинг олдини олишга чақирди.
Таъкидланишича, сўнгги тўрт ой ичида дунёда диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) билан зарарланган, рецептсиз сотиладиган йўталга қарши сироплардан фойдаланиш оқибатида ўлим ҳолатлари аниқланган. Бу ҳолатлар камида еттита давлатда содир бўлган, уларнинг учтасида 300 дан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган. Уларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалардир.
Бу моддалар саноатда эритувчи ва антифриз сифатида ишлатиладиган заҳарли кимёвий моддалар бўлиб, улар оз миқдорда бўлса ҳам ўлимга олиб келиши мумкин ва ҳеч қачон дори воситаларида ишлатилмаслиги керак, дейилади ЖССТ хабарида.
Ўлим ҳолатларидан келиб чиқиб, ЖССТ учта глобал огоҳлантиришни эълон қилган. Биринчиси 2022 йил 5 октябрда Гамбия давлатида юз берган ўлим ҳолатлари билан боғлиқ. Иккинчиси 2022 йил 6 ноябрда Индонезия билан боғлиқ. Учинчиси 2023 йил 11 январда Ўзбекистон билан боғлиқ.
ЖССТ огоҳлантириш хатини дунёнинг 194 та давлатига юборган. Ташкилот: (а) заҳарли дори воситаларини аниқлаш ва сотувдан олиб ташлаш, (б) таъминот занжирларида назоратни кучайтириш, (с) сифатсиз дорилар аниқланганда зудлик билан аҳолига ва ЖССТга хабар беришни талаб қилмоқда.
Ўлим ҳолатлари оммавий бўлгани сабабли, ЖССТ дори таъминоти занжирида иштирок этувчиларни зудлик билан зарур чораларни кўриш ва ҳамкорликда ишлашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган йўталга қарши «Док-1 Макс» сиропидан фойдаланиш оқибатида Ўзбекистонда камида 20 нафар бола вафот этган эди.
Мавзуга оид
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
19:32 / 07.11.2024