Жаҳон | 15:09 / 24.01.2023
25846
7 дақиқада ўқилади

Купянск мудофаасидаги жангчилар ва Бахмут учун кечаётган жанглар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 334-куни ўтди. Асосий маълумотлар

  • Украина қуролли кучлари Бош штабининг 23 январ тонгидаги ҳисоботида Россия қўшинлари камида Бахмутга олиб келувчи йўллар устидан назорат ўрнатишга яқин экани билвосита тасдиқланди. Кечқурунги сводкада россияликларнинг Бахмут йўналишидаги юришлари ҳақида тилга олмаган.
  • Дмитрий Песков Путиннинг сафарбарлик тўғрисидаги фармойиши амалда экани, чунки у армияга чақириқдан ташқари «бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олиши»ни маълум қилди.
  • Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок мамлакат учинчи давлатга Leopard 2 танкларини Украинага юборишига қаршилик қилмаслигини билдирди. Полша шундай қадам ташлашга тайёрлигини маълум қилган.
  • Россия Украинага ҳарбий ёрдам жўнатаётган Эстония билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтирди — Эстония ҳам шундай жавоб қайтарди, Латвия қўшнисини қўллаб-қувватлади — энди бу мамлакатларда Россия элчиси бўлмайди (фақат ишончли вакил ишлаши мумкин).
  • Володимир Зеленский мамлакат бошқарув тизимида кенг кўламли кадр алмаштиришлар амалга оширилишини анонс қилди. Биринчи бўлиб президент офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко истеъфога чиққан.
  • «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан Украина билан уруш учун ёлланган 40 минг маҳбусларнинг бир қисми ҳалок бўлган, бир қисми яраланган, бир қисми асирликка тушган ёки дезертирлик қилган. Бу маълумотлар «Русь сидящая» фонди раҳбари Ольга Романова томонидан келтирилди. Унинг баҳоларига кўра, қамоқхоналарда жами 50 минг маҳбус ёлланган, шундан фақат 10 мингги айни вақтда фронтда жанг қилмоқда.

Истило остидаги Северодонецк

Северодонецк — Луҳанскдан тахминан 90 километр масофада жойлашган ва 2014 йилдан буён Луҳанск областининг Украина назоратида қолган қисмининг вақтинча маъмурий маркази ҳисобланарди — бу шаҳар ўтган йил 25 июлида Россия қўшинлари томонидан босиб олинди.

Северодонецк отишмалар ва жанглар оқибатида жиддий шикастланди: легитим ҳукуматнинг 2022 йил охиридаги маълумотларига кўра, шаҳарда турар жой биноларининг 90 фоизи шикастланган, иссиқлик таъминоти йўқ, ток деярли ёнмайди, канализация ишламайди. Шу билан бирга Северодонецкда саккиз мингга яқин тинч аҳоли вакиллари яшашда давом этмоқда. Улар оккупация остида қандай кун кечирмоқда — қуйида шаҳарда сентябр ойидан буён олинган илк кадрлар.

Северодонецк аҳолиси вакили янги дераза ромлари олиб кетмоқда
AFP / Scanpix / LETA
Маҳаллий аҳоли вакили ўз квартираси деразасини тузатмоқда
AFP / Scanpix / LETA
Северодонецкда отишмалардан шикастланган бутхона олдидан ўтаётган аёл
AFP / Scanpix / LETA

Бахмут учун жанг

Россия қўшинлари Донецк областининг Бахмут шаҳрига юриш қилишда давом этмоқда. Украина қуролли кучлари бош штаби 23 январ тонгидаги сводкасида россиялик ҳарбийлар камида шаҳарга олиб келувчи йўллар устидан назоратни қўлга киритишга яқин эканини билвосита тасдиқлаган. Аммо, АҚШ маълумотларига кўра, Россиянинг Бахмутни эгаллаш учун ҳаракатлари муваффақиятсизликка учрамоқда. Хусусан, Урушларни тадқиқ этиш институти тасдиқлашича, Владимир Путин Бахмут йўналишида «Вагнер» кучларига таянишни бас қилган ва эътиборни мунтазам армияни ислоҳ қилишга қаратган. Пентагон маълумотларига кўра, РФ армияси қўмондонлиги Бахмут атрофига сафарбар қилинганлардан тузилган «ёмон қуролланган ва ёмон ўқитилган» бўлинмаларни йўлламоқда. Бундан ташқари, америкалик ҳарбий экспертлар фикрича, Россия қўшинларида юқори аниқликдаги ракеталар тугамоқда. Бу вақтда, Украина томони Бахмут мудофаасидаги муваффақиятлар ҳақида хабар берган. Қуйида олдинги чизиқдаги вазият акс этган суратлар.

Бахмут осмонида ракеталардан қолган излар
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбийлар Бахмут яқинидаги фронт чизиғида яраланган қуролдошини эвакуация қилмоқда
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Соледар яқинидаги фронт чизиғида ҳаракатланаётган украиналик жангчилар — январ ойининг иккинчи ярмида Россия томони Бахмутдан тахминан 15 километр шимолда жойлашган шаҳар эгаллангани ҳақида хабар берганди. Украина қуролли кучлари бош штаби ҳамон бу маълумотни тасдиқламади. Фото: Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий хизматчилар россияликларнинг олдинги чизиқдаги позицияларини танкка қарши гранатомётдан (РПГ) ўққа тутмоқда
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Купянскдаги ҳаёт

Купянск — Харкив областидаги шаҳар бўлиб, Украина шарқидаги стратегик аҳамиятга эга транспорт тугуни ҳисобланади — бу шаҳар ярим йил давомида Россия оккупацияси остида бўлиб, сентябр ойи ўрталарида Украина қуролли кучлари назоратига қайтганди. РФ қўшинлари шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқларни ўққа тутишда давом этмоқда.

Дрон синовидан кейин Купянскдаги вайрон бўлган бинолардан бирида турган украиналик ҳарбий
Spencer Platt / Getty Images
Украинлар танкидаги жангчи
Spencer Platt / Getty Images
Купянск чеккасидаги аҳоли вакиллари
Spencer Platt / Getty Images
Купянск кўчаларидан бирида кетаётган киши
Spencer Platt / Getty Images

Краматорскда гуманитар ёрдам тарқатилиши

Краматорск Донецкдан 110 километр шимолда жойлашган ва Украина қуролли кучлари назоратида. 8 январга ўтар кечаси Россия қўшини шаҳарни ўққа тутганди — Россия баёнотига кўра, бу иш янги йилга ўтар кечаси Макийивкадаги ҳарбийлар жойлашган ётоқхонага қилинган ҳужум учун «қасос операцияси» бўлган. РФ армияси шундан кейин ҳам Краматорскка зарба йўллашда давом этди: сўнгги зарбалар 23 январ куни берилган, қурбонлар ҳақида маълум эмас. Шаҳарда оғир гуманитар вазият юзага келган, тинч аҳоли вакиллари кўнгиллиларнинг ёрдамига муҳтож. 

Краматорск аҳолисига «Ковчег спасения» черковида гуманитар ёрдам тарқатилиши
Marek M Berezowski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Marek M Berezowski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид