Жамият | 11:14 / 25.01.2023
46670
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада машина ичида эри ва ўзига ўт қўймоқчи бўлган ҳомиладор аёл вафот этди

Фарғона шаҳрида эрини рашк қилган ҳомиладор аёл машина ичида ўзига бензин сепиб, ёқиб юборди. Аёл ҳодиса жойида, чақалоғи эса шифохонада вафот этган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Видеодан кадр

Бош прокуратура матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Фарғонада эркак ҳомиладор аёлини машинага солиб ёқиб юборгани айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Ҳодиса 24 январ куни тахминан 19:00 ларда Фарғона шаҳридаги “Нефтчи” стадиони рўпарасида содир бўлгани айтилмоқда.

Бош прокуратурага кўра, ҳомиладор турмуш ўртоғини шифохонадан олиб, “Матиз” русумли автомашинасида уйига келаётган эркак йўлда рафиқаси билан жанжаллашиб қолади. Келишмовчиликка аёлнинг эрини рашк қилгани сабаб бўлган.

Эркак турмуш ўртоғи билан гаплашиб олиш мақсадида машинасини Фарғона шаҳридаги “Нефтчи” стадиони рўпарасида тўхтатганда орқа ўриндиқда ўтирган аёл аввал эрининг, сўнгра ўзи ва машина салони ичига бензин сепиб, ўт қўймоқчи бўлади. Расмий маълумотда аёл бензинни пластик идишда, ўзи билан уйидан олиб чиққани келтирилган.

Турмуш ўртоғининг ушбу ҳаракатидан қўрқиб кетган эркак машинасидан тушиб, ташқарига қочган вақтда аёл ўзини ва автомобилни ёқиб юборган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан тезкорлик билан ўчирилган ва шифокорлар машина салонида ётган, ёнғин оқибатида жони узилган ҳомиладор аёлнинг қорнидан кесарча кесиш орқали чақалоқни чиқариб олишган. Бироқ ҳаёти сақлаб қолинган ўғил жинсли гўдак кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан шифохонада вафот этган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “б” банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади Бош прокуратура томонидан берилган баёнотда.

2022 йилнинг 2 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 47 ёшли ходими корхонага кириш жойида устидан бензин сепиб, ўзига ўт қўйган, бунинг оқибатида эса аёл танасининг 60 фоизи куйиб кетганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид