Жаҳон | 11:52 / 26.01.2023
6119
2 дақиқада ўқилади

Писториус: Leopard'ни Киевга етказиб бериш масаласида муқобил вариант йўқ

Россия агрессиясига қарши курашда Украинага ёрдам бериш зарур ва «бу масалада шунчаки муқобил вариант йўқ», деди Борис Писториус.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия ҳукумати Leopard 2 асосий жанговар танкларини Киевга топширишга қарор қилди, чунки Украина Россия агрессиясига қарши урушда қўллаб-қувватланиши керак ва «бу масалада шунчаки муқобил вариант йўқ», деб маълум қилди Германия мудофаа вазири Борис Писториус. Унинг таъкидлашича, Украинага танклар етказиб берилиши Германияни уруш қатнашчисига айлантирмайди. Барча иттифоқчилар, жумладан, «америкалик дўстлар ҳам» биргаликда ҳаракат қиляпти, Германия ўз қарорида ёлғиз эмас ва шунинг учун Россия президенти Владимир Путиннинг асосий рақиби эмас, деди Писториус.

Мудофаа вазирлиги раҳбари, шунингдек, Украинага зирҳли техника жўнатгандан сўнг, Бундесвер захираларини тезда тўлдириш ниятида эканини айтди. Келгуси ҳафтада Германия мудофаа саноати вакиллари билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган. «Биз ҳозир захираларни тез тўлдириш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз», деб ишонтирди вазир.

25 январь куни эрталаб Германия канцлери Олаф Шольц Германиянинг Украинага у узоқ вақтдан бери сўраб келган Leopard 2 танкларини етказиб бериш ниятини расман тасдиқлади. Биринчи босқичда Берлин Киевга Бундесвер захирасидан 14 та Leopard 2 А6 танкидан иборат рота беради. Шунингдек, у бошқа мамлакатларга танкларни Украина Қуролли кучларига реэкспорт қилиш имконини яратади.

Шольц таъкидлаганидек, вазифа Украина учун иккита танк батальонини тезда йиғишдир. Бундесвер танк батальонининг таркиби одатда 44 та танкни ўз ичига олади. Шу тариқа, гап Украинага европалик шериклар томонидан Leopard 2 типидаги 90 га яқин жанговар машиналарни етказиб бериш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Украина экипажларини тайёрлаш тез орада Германияда бошланиши керак. Янги ёрдам пакетига ўқ-дорилар ва тизимларга техник хизмат кўрсатиш ҳам киради.

Мавзуга оид