Спорт | 10:38 / 26.01.2023
29774
2 дақиқада ўқилади

Қозонга УЕФА Суперкубоги ўйинини ўтказиш тақиқланди

УЕФА Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиблари Суперкубок учун аввал режалаштирилганидек Қозонда эмас, балки 16 август куни Афинада баҳс олиб боришади.

Фото: Sportbox

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Суперкубок ўйини ўтказиладиган жойни Қозондан Афинага кўчирди. Бу қарор 25 январь, чоршанба куни УЕФА Ижроия қўмитасининг видео-алоқа орқали ўтказилган йиғилишида қабул қилинди.

Европа футбол ташкилоти сайти хабарига кўра, 16 август куни Афина чеккасидаги Пирейда жойлашган Георгиос Караискакис стадионида УЕФА Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиблари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтади. Ҳозирги кунда «Олимпиакос» ушбу стадионда ўйнайди.

Қозон 2020 йил 2 март куни Амстердамда бўлиб ўтган УЕФА Ижроия қўмитаси йиғилишидан кейин УЕФА Суперкубоги учун ўйинни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Россияда ҳеч қачон УЕФА Суперкубоги учрашуви ўтказилмаган.

Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг, УЕФА Россия клублари ва Россия миллий жамоаларини - эркаклар ва аёллар - унинг шафелигида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этишини номаълум муддатга тўхтатди. Бундан ташқари, Санкт-Петербург 2022 йил 28 май куни УЕФА Чемпионлар лигаси финалига мезбонлик ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Ўйин Париж чеккасидаги Сен-Дени шаҳрида жойлашган «Стад де Франс» стадионида бўлиб ўтди.

Россия жамоаларига халқаро мусобақаларда иштирок этишга рухсат бермаслик ҳақидаги қарор 2022 йил февраль ойи охирида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан қабул қилинган эди.

Мавзуга оид