Ўзбекистон | 23:11 / 26.01.2023
7943
2 дақиқада ўқилади

Тарих ва география йўналишларида Бобур стипендияси таъсис этилади 

Бобур таваллудини нишонлашга бағишланган чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилинди. 

«Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди. 

Қарорга кўра:

- «Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг Шарқ давлатчилиги ва маданияти ривожида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-назарий анжуман ўтказилади;

- «Бобур мероси» халқаро сайёҳлик тарғибот дастури амалга оширилади;

- Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик даврига бағишлаб суратга олинаётган «Йўлбарснинг туғилиши» бадиий фильмини якунига етказиш чоралари кўрилади. 

Шунингдек, қуйидагилар чоп этилади:

- ўзбек, рус ва инглиз тилларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига доир «Бобур энциклопедияси»нинг тўлдирилган учинчи нашри;

- «Бобур» китоб-альбоми;

- Бобур асарлари луғати;

- Бобур девонининг мукаммал нашри. 

2023/2024 ўқув йилидан олий таълим талабалари учун тарих ва география йўналишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. 

2023 йил 1 августгача ўзбек, рус, инглиз тилларида фаолият юритадиган халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси ва унинг мобил иловаси яратилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид