Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин: Германия Украинадаги можарода иштирок этмаяпти
Россия ташвиқот мақсадида Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг резонансли баёноти маъносини бузиб кўрсатди. Анналена Бербок Россия агрессиясига қарши туришда Ғарбнинг бирлигини таъкидламоқчи бўлган, дея таъкидлади Берлин.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг резонансли баёнотидан сўнг, у Украинага қарши урушда можаро иштирокчиси эмаслигини таъкидлади. 27 январь, жума куни Берлинда Германия ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Кристиане Хоффман: «Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз, аммо биз можаро тарафи эмасмиз», деб маълум қилди.
Бербок 24 январь куни Страсбургдаги Европа кенгашида шундай деди: «Биз бир-биримизга эмас, Россияга қарши уришяпмиз». Россия давлат оммавий ахборот воситалари бу баёнотни ташвиқот мақсадида ишлатиб, уни Германия ва бошқа Европа Иттифоқи давлатлари гўёки Украинадаги можаронинг бевосита иштирокчиси ва Россияга қарши курашаётгани ҳақидаги далил сифатида кўрди.
Шу муносабат билан Германия ТИВ вакилининг таъкидлашича, Бербок узоқ давом этган мунозаралар чоғида Европа Иттифоқи, G7 давлатлари ва НАТО Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигига қарши туришда бирлашганлигини таъкидламоқчи бўлган. «Россия пропагандаси доимий равишда федерал ҳукумат, бизнинг ҳамкорларимизнинг баёнотлари, иборалари, фикрлари, позицияларидан фойдаланади ва уларни ўз манфаатлари йўлида бузиб кўрсатади. Бу ерда ҳозир тафсилотларга киришиш, менимча, мантиққа тўғри келмайди. Халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан, Германия можаро тарафи эмас. ТИВ раҳбарининг сўзларини айнан шу нуқтайи назардан тушуниш керак», деди Германия ТИВ вакили.
Германиянинг Москвадаги элчихонаси ҳам худди шу мазмунда баёнот берди. «Украинага Россиянинг ноқонуний босқинчилик уруши фонида БМТ низомида мустаҳкамланган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга ошириш имконини берадиган техникалар етказиб бериш Германияни можаро иштирокчисига айлантирмайди», дейилади дипломатик миссия баёнотида.
Аввалроқ Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Германия элчисидан Берлиннинг «қарама-қарши» баёнотлари юзасидан тушунтириш талаб қилган эди. «Уларнинг ўзлари нима ҳақида гапираётганини тушунишяптими? Германия ташқи ишлар вазири ўз мамлакати бошқа давлатлар қатори Россия билан уруш ҳолатида эканлигини эълон қилмоқда. Худди шу вазирлик ўз мамлакатини можаро тарафи деб ҳисобламайди. Бу баёнотлар қарама-қаршилигини ҳисобга олган ҳолда, Германиянинг Россиядаги элчиси уларга аниқлик киритиши керак», - деб ёзди Захарова Telegram'даги саҳифасида.
Германия ташқи ишлар вазири Бербок 24 январь куни Страсбургда бўлиб ўтган Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) йиғилишида сўзга чиқиб, Россия нафақат Украинага, балки Европадаги тартибга, Европа адлия тизимига қарши ҳам уруш олиб бораётганини таъкидлади. Шу боис Украинага кўпроқ ҳарбий ёрдам кераклиги, бошқа соҳаларда, масалан, гуманитар ёрдам ва Россияни жавобгарликка тортишда ҳам кўпроқ ёрдам зарурлиги айтилди.
Германияда ишлаб чиқарилган Leopard асосий жанговар танкларини Украинага етказиб бериш бўйича Берлиннинг позицияси ҳақида сўралганда, Бербок Европа давлатларини ўзаро айбловлар ва ҳарбий ёрдамни таққослашдан воз кечишга чақирди, чунки бу Украинага тинчлик ва эркинлик келтирмайди. Унинг сўзларига кўра, бундай тортишувлар Европани фақат ажратиб туради, бундан фақат Россия ва унинг президенти Владимир Путин фойда кўради.
«Ҳа, биз Украина мудофааси учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак. Ҳа, биз танклар масаласида кўпроқ иш қилишимиз керак. Лекин асосий ва ҳал қилувчи нарса - буни биргаликда қилиш ва Европани айблаш эмас, чунки биз Россияга қарши урушдамиз, бир-биримизга қарши эмас», — дея қўшимча қилди Германия ТИВ раҳбари.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025