Жаҳон | 12:57 / 28.01.2023
39266
13 дақиқада ўқилади

Кинога кўчган ҳаёт. Нашаванд йигитнинг оддий мушук туфайли дунёга машҳур бўлгани ҳақида ҳаётий ҳикоя

Британиялик Жеймс Боуэн бошпанаси ва тайинли иши йўқ оддий бир кўча дайдиси эди. У героин истеъмол қилишга ўрганиб қолган ва егулик учун пул топиш мақсадида кўчада қўшиқ айтарди. Кунлардан бирида йигитнинг ёнида ёқимтой бир мушук пайдо бўлади. Шундан сўнг мушук туфайли йигитнинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетади. У гиёҳванд моддалар истеъмол қилишни тўхтатади. Кейинчалик эса бойиб кетади. Шу тариқа оддий бир мушук нашаванд йигитни гиёҳванд моддалар таъсиридан ва йўқчиликдан қутқаради.

Бугун мултимедиа жуда ривожланган ва барча камераси бор қурилмалар кўтариб юрган замонда битта муваффақиятли видеолавҳа туфайли инсон машҳур бўлиб кетиши ҳам мумкин.

Героин истеъмол қилишга ўрганиб қолган британиялик дайди йигит Жеймс Боуэн билан шундай бўлган. Елкасига мушугини ўтқазиб олиб кўчада қўшиқ айтиб юрган дайди йигит тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач у машҳур бўлиб кетади.

Егулик учун пул топиш мақсадида Тоттенҳем шаҳри кўчаларида қўшиқ айтиб юрган Жеймсга одамлар эътибор бермасди. Кунлардан бир кун унинг олдида мушук пайдо бўлади.

Фото: fanpage.gr

Елкасига мушук ўтқазиб олган ҳолда қўшиқ куйлаётган йигит ўткинчиларнинг эътиборини тортади. Шундан сўнг одамлар тўхтаб Жеймснинг қўшиқларини эшита бошлашади.

Бу орада томошабинлар уни мушуги билан қўшиқ айтиб турган ҳолида видеога олиб, тасвирларни турли ижтимоий тармоқларга жойлашади. Видео миллионлаб инсонлар томонидан томоша қилинади.

Шу тариқа дайдилик билан кун кечириб юрган нашаванд йигит оддий бир мушук сабабли гиёҳванд моддалар истеъмол қилишни тўхтатади ва соғлом ҳаётга қайтади. Шунингдек, мушукнинг ортидан машҳур бўлиб кетади. Кейинчалик у мушуги ҳақида китоблар ёзиб, миллионлаб фунт стерлинг маблағ ишлаб олади.

Жеймс Боуэн ҳақида

Жеймс Боуэн 1979 йилда Англиянинг Сарри графлигида туғилади ва кўп ўтмай унинг ота-онаси ажрашиб кетишади. Онаси бошқа одамга турмушга чиқади ва Жеймсни ўзи билан Австралияга олиб кетади.

1997 йилда Жеймс 18 ёшда эканида Британияга қайтади ва ўгай опасиникида яшай бошлайди. Аммо у ердан тезда қувилади ва кўчаларда яшаб юрувчи бошпанасиз дайдига айланади.

Жеймс кўчада яшар экан, героин истеъмол қилишга ўрганиб, нашавандга айланади. Ўша пайтда Жеймс кўчаларда гитара билан қўшиқ куйлар ва шу тариқа егулик учун озроқ пул ишларди. Аммо у ишлаган пул героинга ва озиқ-овқатга етмасди.

Жеймс Австралиядан қайтиб келгач 10 йил давомида шу тарзда дарбадар яшайди, турли шаҳарлар бўйлаб кўчиб юради. 2007 йилда у Тоттенҳем шаҳри кўчаларида яшаб юрганида бошпанасизларга кўмак берувчи ташкилот ходимлари эътиборига тушади.

Улар Жеймснинг героиндан халос бўлишига ёрдам беришга қарор қилишади. Уни шаҳар маъмурияти молиялаштирадиган уйлардан бирига жойлаштиришади.

Фото: dno24.com

Жеймс героин истеъмол қилмаслиги учун унга таркибида метадон бўлган таблетка ичишга рухсат беришади. Бу учун унга махсус карточка беришади. Жеймс шу карточка орқали таблеткани белгиланган вақтда махсус дорихонадан олиши мумкин эди. Дастурда метадон истеъмоли вақт ўтиши билан камайтириб борилиши ва шу йўл билан гиёҳванд моддалар таъсиридан қутулиш кўзда тутилганди.

Жеймснинг ҳаётини ўзгартирган мушук

Гарчи Жеймс энди совуқ ва ёмғирли ҳавода кўчада тунаб қолишдан қутулиб вақтинча бўлса ҳам ўз бошпанасига эга бўлган бўлса-да озиқ-овқат учун пул топиш муаммо эди.

У Тоттенҳемнинг одамлар гавжум жойларида гитара чалиб қўшиқ айтар экан, тушадиган пул унинг тузукроқ овқатланиши учун етмасди. Ана шундай шароитда, айрим кунларда озиб кетган Жеймс кунни оч ўтказишга ҳам мажбур бўлар эди.

Кунлардан бир кун у эрталаб хонасида қандайдир овозларни эшитади. Уйга ўғри тушди деб ўйлаб чироқни ёққанида ёқимтой мушукка кўзи тушади. У мушукни Боб деб атай бошлайди.

Жеймс мушукка ўзи учун олиб келган сутни беради ва сўнг уйдан чиқариб юбормоқчи бўлади. Аммо мушук кетмайди. Шунда Жеймс мушукнинг олд оёқларидан бири яраланганини кўриб қолади ва уни ветеринарга олиб бориб даволайди.

Фото: pikabu.ru

Ўша вазиятда ўзи учун зўрға егулик топаётган Жеймс мушукни ҳам боқа олмасди. У барча қўшнилардан сўраб чиқади, аммо мушукнинг эгаси топилмайди.

Эртаси куни Жеймс мушукни ташқарига қўйиб юборади ва қўшиқ айтадиган жойига жўнайди. Мушук унинг ортидан эргашади. Жеймс автобусга чиққанида мушук ҳам унинг ортидан чиқади бориб тиззасига ўтириб олади. Шундан сўнг у мушукни ўзи билан олиб кетади.

Жеймс мушукни елкасига опичлаб олиб қўшиқ айтар экан, томошабинлар ҳар кунгидан кўпроқ тўпланаётганини ва шунга яраша пул ҳам кўп тушаётганини кўради.

Жеймс қўшиқни тугатгандан сўнг бир қанча томошабинлар у билан суратга тушишади. Уни мушук билан қўшиқ айтаётган ҳолатини видеога олиб ижтимоий тармоқларга жойлашади. Ўша видеолар миллионлаб одамлар томонидан томоша қилинади.

Фото: theclinic.cl

Тез орада мушукнинг ҳам ўз мухлислари пайдо бўлади. Улардан бири Бобга чиройли шарф совға қилади. Ҳаво совуқ бўлган пайтларда Жеймс мушукка ана шу шарфни ўраб қўярди.

Кутилмаган муваффақият Жеймсни хурсанд қилади. У гиёҳванд моддалар таъсиридан батамом қутулиш учун метадон қабул қилишни ҳам тўхтатади. Шундан сўнг у бир неча кун танасидаги оғриққа чидай олмай уйда ётади.

Жеймс гиёҳванд моддалардан қутулиш учун ўзи билан ўзи курашар экан, мушук оч қолса ҳам унинг ёнидан кетмайди. Мушукнинг бу садоқати Жеймсга куч беради ва у танасидаги оғриқларни енгиб чиқади.

Кейинчалик Жеймс мушуги ҳақида шундай деганди:

«Барчасига шу митти жонзот – мушук сабабчи. У келиб мендан ёрдам сўради. Гиёҳванд моддалар истеъмоли туфайли танам ўз-ўзини емириш ҳолига тушганда мен унга ёрдам бериш учун ҳам ҳаммасини енгиб ўтдим. Ҳар куни тонгда соғ-саломат уйғонишимнинг сабабчиси шу мушук бўлади. У менга тўғри йўл кўрсатди, мен қолган умримда у билан бирга бўламан».

Ижтимоий тармоқларда машҳур бўлгач Жеймснинг мушугини кўриш учун у қўшиқ айтадиган жойга кўпчилик кела бошлайди. Тушум ҳам яхши бўлади ва йигитнинг моддий таъминоти бироз ўнгланади. Аммо бу вақтинчалик ҳолат эди.

Фото: dno24.com

Кунлардан бир кун у қўшиқ айтаётган пайтда жанжал бўлади ва Жеймс полицияга тушиб қолади. Унга кўчаларда қўшиқ айтишни чеклаб қўйишади. Чорасиз қолган Жеймс The Big Issue кўча газетасини сота бошлайди.

Бу пайтга келиб Жеймс ва унинг мушуги ижтимоий тармоқларда анча танилиб қолганди. Жеймс мушуги билан кўчада газета сотиб юрар экан, одамлар у билан селфи қилишни хоҳлашар, йигит бундан фойдаланиб фақат газета сотиб олганларга суратга тушишга рухсат берарди. Кўп ўтмай газета сотувчи рақобатчиларининг иғвоси билан у бу ишдан ҳам айрилади.

Шундан сўнг Жеймс бир неча кун йиғилиб қолган пулларини ишлатади. Пуллар тугагач мушук билан иккаласи яна оч қолишади. У ўзига белгиланган чекловни бузиб яна кўчада қўшиқ айтишга чиқади.

Кўп ўтмай чеклов бекор қилинади ва Жеймс мушуги билан қўшиқ айтишда давом этади.

Жеймс Боуэн ёзувчи

2010 йилга келиб Жеймс анча машҳур бўлиб улгурган, маҳаллий телеканалларда у ҳақда бир нечта лавҳалар эфирга берилган бўлса-да йигит ҳамон кўчада дарбадар ҳолда қўшиқ айтиб юрарди.

Ўша пайтда маҳаллий Islington Tribune газетасида кўча қўшиқчиси ва унинг мушуги ҳақида мақола эълон қилинади.

Мақолани адабий агентлик билан шуғулланувчи Мэри Пенкос исмли аёл ўқиб қолади ва Жеймсни қидириб топади.

Мэри Жеймсга бошидан ўтганларни ёзиб китоб ҳолида чоп этиш таклифини беради. У Жеймсни бу иш барчага фойда келтиришига ишонтиради.

Мэрининг таклифидан сўнг Жеймс адиблардан бири билан ҳамкорликда бошидан ўтказган воқеаларни ёза бошлайди. Жеймс ўз асарига «Боб лақабли дайди мушук» деб ном беради.

Фото: alamy.com

Китоб чоп этилгач у Жеймсга анча маблағ ва улкан машҳурлик олиб келади. Китоб биргина Британиянинг ўзида миллион нусхада сотилади.

Қисқа вақтда дунёнинг 30 тилига таржима қилиниб чоп этилган китоб The Sunday Times газетасининг бестселлер асарлар рейтингида қарийб бир ярим йил (76 ҳафта) мобайнида энг қизиқарли китоб сифатида биринчи ўринни эгаллаб туради.

2013 йилда Жеймснинг китоби АҚШда ҳам чоп этилади ва New York Times газетасининг бестселлер асарлар рўйхатида дунёнинг энг қизиқарли китоблари орасида еттинчи ўринни эгаллайди.

Фото: grandoman.com

Жеймснинг китоби жуда катта муваффақият билан сотилгач ноширлар унга китобнинг давомини ва болалар учун мўлжалланган вариантларини ёзишни таклиф этишади.

Шундан сўнг Жеймс мушуги ҳақида яна ўнга яқин китоб ёзади:

  • «Дунё Боб номли мушук нигоҳида»
  • «Боб ғайриоддий мушук» (Болалар учун)
  • «Боб номли мушук: севги билан» (Болалар учун)
  • «Боб қаерда?»
  • «Менинг исмим Боб»
  • «Боб исмли мушукдан совға»
  • «Боб ёрдамга шошилади»
  • «Бобнинг митти китоби»

Жеймснинг китоблари бир нечта совринларни қўлга киритган. Жумладан, 2012 йилда «Боб исмли дайди мушук мени қандай асраб қолганди?» китоби Британия миллий китоб совринини қўлга киритади.

2014 йилда Дунё китоб кунида «Боб исмли дайди мушук мени қандай асраб қолганди?» китоби ўсмирларни илҳомлантирувчи энг яхши асарлардан бири сифатида тан олинади.

«Боб лақабли кўча мушуги» филми

Жеймснинг «Боб исмли дайди мушук мени қандай асраб қолганди?» китоби машҳур бўлгач 2015 йилда АҚШлик таниқли кинорежиссёр Рожер Споттисвуд шу асар асосида филм суратга олишини эълон қилади.

Ушбу режиссёр 1992 йилда суратга олинган «Тўхта, бўлмаса онам отади» (Бош ролда Силвестер Сталлоне суратга тушган), «Хиросима» (Хиросимага АҚШ атом бомбаси ташлаши ҳақида) филмлари билан машҳур.

Суратга олиш ишлари 2015 йил 25 октябрдан 6 ноябргача Лондондаги «Туикнем» киностудиясида ва шаҳарнинг Ковент-Гарден туманида бўлиб ўтади. Асар номи анча узун бўлгани учун филмга «Боб лақабли дайди мушук» деб ном берилади.

Фото: alamy.com

Филмнинг бюджети 8 миллион доллар этиб белгиланади. Унда бош ролни британиялик таниқли киноактёр Люк Тредэвэй, Бобни эса Жеймснинг мушуги ҳақиқий Боб ижро этган.

Филмнинг жаҳон тақдимоти 2016 йил 3 ноябр куни Лондондаги кинотеатрда бўлиб ўтади. Ўша куни филм дунё кинопрокатига чиқарилади. Тақдимотга шаҳзода Уилямнинг рафиқаси Кэтрин Миддлтон ташриф буюради.

Гарчи филм аксарият кинотанқидчилар томонидан ижобий баҳоланган бўлса-да турли рейтингларда унча юқори балл ололмайди. Шу сабабли продюсерлар сарфлаган пулларини зўрға йиғиб олишади.

2017 йилда филм Британия миллий киномукофоти танловида «Энг яхши филм» деб топилади.

Мазкур филмда Жеймс Боуэннинг ўзи ҳам бир марта кўриниш берган. У сотиб олган китобига филм қаҳрамонидан дастхат қўйдиради ва унга ажойиб асар учун миннатдорчилик билдиради.

Фото: pikabu.ru

Боб ва Жеймснинг кейинги тақдири

2020 йилда Боб ва Жеймснинг ҳаёти ҳақида яна бир филм суратга олинади. Филм суратга олиниб бўлганидан сўнг Жеймс оммага ўзи билан 2007 йилдан 2020 йилгача қарийб 14 йил бирга яшаган мушуги вафот этгани ҳақида хабар беради.

Шу тариқа героин истеъмол қилишга ўрганиб қолган дайди йигитнинг тўғри ҳаётга қайтишига сабабчи бўлган мушук вафот этади.

Бугун Жеймс Боуэн Британиядаги машҳур инсонлардан бири. Унинг ҳисоб рақамларида миллионлаб фунт стерлинг бор.

Йигитнинг таржимаи ҳолини ўқимаган ёки у ҳақдаги филмларни томоша қилмаган одамлар унинг бир пайтлар бошпанасиз дайди ва нашаванд бўлганига ишонмайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид