Жамият | 16:37 / 28.01.2023
43910
3 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: Кейинги ойликкача қарз бўлиб қоладиган ўт ёқувчи

Қаҳрамонимиз Бувайда туманидаги боғчалардан бирининг ўт ёқувчиси. Ёз фаслида одамларнинг уйида “бетон” қуяди. Топгани ойдан ойга етмаса-да у ҳаётидан нолимайди.

“Ёз фаслида қишлоқда иш кўп бўлади. Қишда иш камлигида боғчада ўт ёқувчи бўлиб ишлайман. Турмуш ўртоғим оғироёқлиги учун ҳозирча уйда ўтирибди. У ҳеч қаерда ишламайди. 1-синфда таҳсил оладиган ўғлим бор.

Қишнинг аёзли кунларидан соғ-омон чиқиб олсак, то кеч кузгача кунлик қурилишда ишлашда давом этаман. Асосан қишлоқдаги хонадонларда “бетон” қуйиш ишлари билан шуғулланаман.

Айни кунларда ҳаво совуқлиги учун 24 соатлаб ишлаяпмиз. Асосийси хоналарда ҳарорат тушиб кетмаслиги керак. Ота-оналар ўз фарзандларини бизга ишониб топшириб кетишади. Бундай совуқда уларнинг касал бўлмаслиги бизга боғлиқ.

Эрта саҳар соат 4:00 да печкаларга кўмир солишни бошлаймиз. Олов ўчиб қолмаслиги учун доимий назорат қилиб турамиз. Ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари уйга бориб келаман. Бошқа кунлари ишхонада қолишга мажбурман.

Орада қаттиқ совуқлар бўлди. Барча қатори азоб тортдик. Болалар боғчага келмаган бўлса-да қувурлар музлаб ёрилиб кетмаслиги учун печларга ўт ёқиб чиқишга тўғри келди. Айрим кунлари “котёл”лар музлаб ҳам қолди. Туни билан ухламай музни эритиб чиқишга тўғри келди.

Ойлик маошим 1 миллион сўм. Кейинги ойликкача дўкондан қарз бўлиб қоламан. Рўзғорни амаллаб тебратиб келяпмиз. Ҳар уч-тўрт кунда дўкондан насияга товуқ гўшти ва бошқа маҳсулотлар оламан. Сотувчи дафтарига ёзиб қўяди. Пластик картамга ойлик тушганида қарзимни бериб келаман.

Ҳаётдаги энг катта орзум ўғлимни олий маълумотли қилиш. У келажакда менга ўхшаб қора чангга ботиб ишламасин дейман.

Олов яхши ёниши учун печ ичини ҳар гал титганимда, кўмирни аравага юклаганимда уст-бошим қора чангга беланади. Свет ўчиб қолганда айниқса қийинчилик бўлади. Лекин тирикчилик. Кимдир бу ишни қилиши керак-ку...”– дейди Абдураззоқ Усмонов.

Ушбу ҳамюртимизга ёрдам бермоқчи бўлганлар учун карта маълумотлари:

Ҳумо: 9860 2301 0477 4925 Абдураззоқ Усмонов номида.

Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев,
Kun.uz

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид