Жаҳон | 09:52 / 30.01.2023
6799
4 дақиқада ўқилади

WSJ: Исроил Эрондаги мудофаа заводига ҳужумга алоқадор

Исфаҳондаги мудофаа иншоотига зарба Исроил томонидан АҚШ билан Эронни жиловлаш бўйича қўшма кампания доирасида амалга оширилди, деб ёзади The Wall Street Journal.

Видеодан кадр

АҚШ ва «учинчи давлат» Эроннинг Теҳрондан 340 километр жанубда жойлашган Исфаҳондаги ҳарбий заводига учувчисиз учоқ ҳужумига алоқадор. Бу ҳақда 29 январь, якшанба куни БААда жойлашган араб тилидаги Al-Arabiya ахборот канали манбаларига таяниб, оператив янгиликларга ихтисослашган Clash Report микроблоги Twitter'да маълум қилди. Шу билан бирга, Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси АҚШ расмийлари ва операциядан хабардор одамларга таяниб, Эрондаги мудофаа мажмуасига ҳужум Исроил томонидан Ислом Республикасининг ядровий ва ҳарбий амбицияларини тийиб туриш мақсадида АҚШ билан қўшма кампания доирасида амалга оширилганини хабар қилди. 

Эрон Мудофаа вазирлиги иншоотида баллистик ракеталар сақланадиган омбор бўлиши мумкин. Эрон Мудофаа вазирлиги ҳодисани «муваффақиятсиз ҳужум» деб атади ва маълум бир давлат ёки гуруҳ зиммасига масъулият юкламади. Мудофаа вазирлиги учувчисиз учоқлардан бири уриб туширилганини, қолган иккитаси эса мудофаа тузоғига тушиб қолганини ва ҳодиса фақат «кичик зарар» келтирганини даъво қилди.

Портлаш мамлакат шимоли-ғарбидаги Озаршаҳрдаги мотор мойи ишлаб чиқарувчи заводда ҳам содир бўлган. Al-Arabiya хабарига кўра, Рашт (Гилон вилояти) ва Теҳронда ҳам портлашлар қайд этилган, бироқ расмийлар бу хабарларни тасдиқламаган.

Исфаҳондаги зарба 2009 йилдан 2021 йилгача Эрон ҳукумати раҳбари бўлганида бир қатор операцияларга рухсат берган бош вазир Бенямин Нетаняху бошчилигидаги янги ўта ўнгчи коалиция ҳукумати даврида Исроил томонидан амалга оширилган биринчи ҳужум бўлди, деб ёзади WSJ.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бернс ўтган ҳафта эълон қилинмаган сафари билан Исроилга ташриф буюрди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Эрон ва бошқа минтақавий муаммолар юзасидан АҚШ-Исроил музокараларини давом эттириш учун 30 январь куни Исроилга келиши режалаштирилган.

The Times of Israel нашрига кўра, ҳужумлардан бир неча соат олдин Нетаняху мамлакат терроризмга қарши кураш учун «зудлик билан бир неча чоралар кўради» деб маълум қилган.

Баёнот 27 январь ва 28 январь кунлари Қуддусда содир этилган ҳужумларга муносабат бўлди — бир киши синагогага ташриф буюрувчиларни отиб ташлади, 13 ёшли фаластинлик Шарқий Қуддусда ўткинчиларга қарата ўқ узди. Arab48 нашрининг ёзишича, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати бу ҳужумларни 26 январь куни Женин шаҳрида Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг махсус операциясига «табиий жавоб» деб атаган.

2022 йил декабрида Американинг NBC телеканали Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Россия Теҳроннинг Украинадаги уруш учун қурол-яроғ етказиб бериши эвазига Эронга «мисли кўрилмаган даражада» ҳарбий ва техник ёрдам бераётгани ҳақида хабар қилган эди.

Эроннинг Tasnim агентлиги 15 январь куни хабар беришича, Теҳрон 21 март санасида Россиядан бир нечта Су-35 кўп мақсадли суперманёврли қирувчи самолётларини олади.

Катта эҳтимол билан гап дастлаб Миср учун мўлжалланган 24 та Су-35 қирувчиси ҳақида кетган, деб хабар берди i24news Исроил телеканали. Исроил разведкаси маълумотларига кўра, эронлик учувчилар аллақачон ушбу самолётларда машғулотлар олиб борган. Бундан ташқари, Теҳрон Москвадан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини олиши керак эди, дея таъкидлади телеканал.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид