Херсон ва Харкивдаги уйлар яна ўққа тутилди, қурбонлар бор. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 340-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия қўшини Херсонни ўққа тутди. Натижада шаҳар фуқаролик инфратузилмаси шикастланган, жумладан област клиник шифохонаси ҳам. Уч киши ҳалок бўлиб, яна олти киши яраланган.
- РФ армияси Харкив бўйлаб ҳам зарбалар йўллади. Ракета шаҳар марказидаги кўп квартирали уйга келиб тушган, бир киши ҳалок бўлган.
- Қалмиқия олий ламаси Тэло Тулку Ринпоче (Эрдни Омбадиков) Украинадаги урушга қарши гаплари учун «иноагент» деб эълон қилингач, лавозимини тарк этди.
- Украинлар танк экипажи Challenger 2 танкларини бошқаришни ўрганиш учун Буюк Британияга учиб борди. Украинанинг ушбу мамлакатдаги элчисига кўра, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш жараёни камида бир ёки бир ярим ой вақт олади.
- Запорижжя областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти Украина қуролли кучлари Мелитопол райони Светлодолинское посёлкасида Молочная дарёси узра ўтган темирйўл кўприги ўққа тутилганини хабар қилди. Бу зарба оқибатида беш киши ҳалок бўлиб, тўрт киши яралангани маълум қилинган.
Херсон ўққа тутилиши
29 январ куни Россия қўшини Херсон бўйлаб зарбалар берди. Шаҳар шифохонаси, фуқаролик инфратузилма объектлари (айнан қандай объектлар эканига аниқлик киритилмаган) ва турар жойлар ўққа тутилган. Шунингдек Херсон портида турган хорижий компания кемаси зарбадан шикастланган, натижада Днипро дарёсига нефт сизиб чиқиши кузатилган. Жами уч киши ҳалок бўлиб, олти киши яралангани маълум.
Харкивдаги турар жой биносига ракета келиб тушиши
29 январ куни кечқурун Россия Харкивни ўққа тутди. Бу ҳақда Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ўз телеграм-каналида хабар қилган. Ракета шаҳар марказидаги Киев районида жойлашган кўп қаватли турар жой биносига келиб тушган, бир киши ҳалок бўлиб, уч киши жабрланган.
Донецк областида темирйўл бекати ўққа тутилиши оқибатлари
29 январ куни Украина қуролли кучлари истило остидаги Иловайск шаҳридаги темирйўл станциясини ўққа тутди — бу шаҳар Донецкдан 43 километр жануби-шарқда жойлашган. Украина нашрлари ёзишича, зарбалар келган вақтда россиялик ҳарбийлар станцияда техника тушираётган бўлган. Хабар қилинишича, шаҳарга ўн дақиқа ичида HIMARS тизимидан отилган саккизта ракета учиб келган. Қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот берилмаган. «ДХР» расмийлари Иловайск ўққа тутилганини тасдиқлаган.
Донбассда олдинги чизиқдаги украиналик ҳарбий шифокорлар
Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленкога кўра, январ ойи охирида региондаги вазият жиддий кескинлашди. «Бизда Бахмут йўналиши олдиндан энг қайноқ нуқта эди ва шундайлигича қолмоқда. Энди эса Авдийивкада ҳам вазият жиддийлашган. Биз амалда бутун фронт бўйлаб кескинликка гувоҳ бўлмоқдамиз — жанубда ҳам, шимолда ҳам», — деган у. Кириленко Россия қўшини шахсий таркиб ва зирҳли техникалар бўйича жиддий йўқотишларга учрамоқда — шу туфайли «ерни ёндириш» тактикасига ўтишмоқда. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, РФ армияси фронт линиясидаги аҳоли яшаш манзиллари: Авдийивка, Вуҳледар, Торецк ва Бахмутни фаоллик билан ўққа тутмоқда. Қуйида олдинги чизиқдаги украин жангчилари ва ҳарбий шифокорлар фаолияти акс этган суратлар.
Донецк областидаги Святогорск лаври
Донецкдан тахминан 160 километр масофада жойлашган Святогорск шаҳри 2022 йил 10 июн куни Россия қўшинлари томонидан босиб олинганди. Шу билан бирга Шимолий Доннинг иккинчи соҳилида жойлашган эркаклар монастири Украина қуролли кучлари назоратида қолганди. Лаврда нафақат монахлар, балки тинч аҳоли вакиллари ҳам яширинган. Украина сентябр ойидаги қарши ҳужум давомида Святогорскни озод этди. Шундан сўнг атрофдаги шаҳар ва қишлоқлардан уйлари вайрон бўлган юзлаб кишилар лаврга кўчиб келишди. Бундан ташқари, монастирда гуманитар ёрдам йиғиш маркази ташкиллаштирилган.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024