Ўзбекистон | 17:14 / 31.01.2023
39512
4 дақиқада ўқилади

«Тажимуратов билан теппа-тенг айбдорман» — Қаллиханова озодликка чиққани ва қилган хатоси ҳақида

Қаллиханова терговни юқори даражали мутахассислар олиб боргани, ҳатто терговчи унга чой дамлаб бергани ҳақида гапирди. Журналистнинг сўзларига кўра, Нукус воқеалари бўйича икки киши қамалиши керак бўлса, бири Тажимуратов, бири унинг ўзи бўлган.

Ўтган йил ёзида Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликларда қатнашган 22 кишига нисбатан бугун, 31 январ куни Бухоро вилояти судида ҳукм ўқилди. Аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатишда айбланган журналист Лолагул Қаллиханова қамалмайдиган бўлди ва унга нисбатан озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо берилди.

Суд жараёни якунлангач, Лолагул Қаллиханова ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди ва қилган хатосидан афсусда эканини айтди. 

– Сиз учун 11 йил [қамоқ жазоси] сўралганди, ҳозир озодсиз, бу мўъжиза эмасми? Кимдир сиз учун бу мўъжизани қилмадими?

– Менимча, аёл бўлганим инобатга олинган. Яқинда 34 ёшга тўламан, 11 йил беришса, бола туғиш ёшидан ўтиб кетардим. Шунинг учун енгиллик берилди деб ўйлайман.

– Сизни халқаро майдонда ҳам журналист, ҳам сиёсий фаол деб таърифлашмоқда. Сиз кимсиз ўзи?

– Мен журналистман. Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид ўзгаришларга кескин қаршилик қилганим учун сиёсий фаол деб таърифлашгандир.

– Энг катта хатонгиз нима деб ўйлайсиз?

– Энг катта хато ишимни 25 июндан 1 июлгача бўлган вақтда қилдим. Менинг каналимда 60 минг ўқувчи бор эди, уларни ўзим ишонган, мен билан бир томонда бўлган одамлар деб билиб материаллар тайёрлаб митингларга сабаб бўлдим ва хато қилдим.

Журналистикада «эхо чамбер» деган нарса бор. Бир хонага кирсангиз эхо чиқади, жамият ҳам шунақа, ўзи билан бир хил фикрлайдиган одамлар орасига кириб қолса, одам ўша «эхо чамбер»га тушиб қолади. Менда ҳам шунақа ҳолат бўлди. Мен фақат қарши фикрли одамларни эшитиб, телефонимга келган хабарлар, каналимнинг ботига келаётган хабарлардан иборат муҳитга тушиб қолдим. Шу тариқа ҳамма шундай ўйлаяпти деб жиноят содир этиб қўйдим. Мен қилган хато журналистларга ўрнак бўлиши керак.

Сўз эркинлиги? Мен 25 июндан 1 июлгача нима ёзган бўлсам, ҳеч ким менга қаршилик қилгани йўқ. Қорақалпоқ тилида ҳам кўп марта танқидлар ёзганман ва биров менга қаршилик қилгани йўқ.

– Ҳамкорларингиз ким эди?

– Бир ўзим ҳаракат қилганман. Бўлаётган воқеаларни ёлғиз ўзим ёритганман. Ўша вақтда менда руҳий портлаш содир бўлган. Хориждаги қорақалпоқлар билан алоқада бўлмаганман, фақат ботга ёзганлар билан гаплашган бўлишим мумкин, аммо узоқ муддат мулоқот қилмаганман.

Қамаладиган икки киши бўлса, бири Тажимуратов, бири мен бўлишим керак эди. Қолганларга раҳмим келяпти. У билан икковимиз теппа-тенг айбдормиз. Иккаламиз бир хил хато қилдик. Аслида биз жазоланишимиз керак.

Қорақалпоғистонда аҳвол шу ўзгаришларга қадар ҳам яхши эди. Бизга қамоқхонада газета беришарди, эшитдимки ўша воқеаларгача бошланган ишлар кейинчалик ҳам давом этди. Давлатимиз раҳбарига кўпдан кўп раҳмат айтаман.

– Кимдир бу масалани яна кўтарса, қўллайсизми?

– Менимча, бунақа ноқонуний йўллар билан бу ишларни қилиб бўлмайди. Одамлар охирини ўйламай қилган ишларни қўлламайман.

– Панжара ортида туриб бизни қийнашмаяпти, яхши муомала бўлишяпти деган гапларингизга халқаро майдонда кўпчилик ишонмади. Уларга нима деган бўлардингиз?

– Мен фақат Худодан қўрқаман, панжара ортида ҳам ҳеч кимдан қўрқмаганман. Менга тазйиқ ўтказилган бўлса, айтган бўлардим. Ҳибсга олинганимга эртага 7 ой бўларди. Бу гапни айтишим керакми-йўқми билмайман, лекин тергов жараёнида терговчи менга кўк чой дамлаб берарди. Тазйиқ бўлса, терговда бўларди. Терговда даражаси юқори одамлар ишлади. Руҳан босим ҳам бўлгани йўқ. Суд ҳам яхши ўтди, 10 баллик тизимда 10 баҳо бераман. Судда ҳамма ўзи хоҳлаган гапни айтди, Давлатмуратга панжара ортида ҳам сўз эркинлиги берилди. Судга бизни тайёрлашмади.

Мавзуга оид