Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқида қайта тикланадиган энергия манбалари биринчи марта газни ортда қолдирди
Ember таҳлил марказининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Европа Иттифоқи биринчи марта газни ёқишдан кўра қайта тикланадиган манбалардан кўпроқ энергия олди. Европа Иттифоқида шамол ва қуёш энергиясининг катта қисми Германия томонидан ишлаб чиқарилган.
2022 йилда Европа Иттифоқи илк бор қайта тикланадиган манбалардан газ ёқишдан кўра кўпроқ энергия олди. Бундай маълумотлар Европа Иттифоқи иқлим сиёсати бўйича тадқиқот олиб борадиган Ember таҳлил марказининг 31 январь, сешанба куни эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили Европа Иттифоқида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилишининг қарийб 22 фоизи қуёш ва шамол энергиясига тўғри келди. Шу билан бирга, газни ёқиш тахминан 20 фоизни ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан бир фоизга кам.
Европа Иттифоқи мамлакатлари 2022 йилда 203 тераватт-соат (ТВтс) қуёш энергияси ишлаб чиқарган, бу ўтган йилга нисбатан 39 ТВт/соат ёки 24 фоизга кўпдир. Бу газ сотиб олишда тахминан 10 миллиард еврони тежаш имконини берди, деб ёзади Ember таҳлилчилари. Шамол энергетикаси Европа Иттифоқига 420 ТВт/соат энергия етказиб берди, бу 2021 йилга нисбатан 33 ТВт/соатга кўп.
Германия 2022 йилда Европа Иттифоқида қайта тикланадиган манбалардан энг кўп энергия олди – 126 ТВт/соат шамолдан ва 59 ТВт/соат қуёшдан. Бироқ, айрим Европа Иттифоқи давлатларининг умумий энергия балансида «яшил» энергиянинг улуши юқорироқ. Хусусан, қуёш энергияси Нидерландияда жами электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 14 фоизини, Греция ва Венгрияда эса 13 фоизни таъминлайди. Германияда бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил қилади.
Шамол энергияси эса Данияда ишлаб чиқаришнинг 50 фоиздан ортиғини, Литвада деярли 40 фоизни ва Ирландияда 35 фоизга яқинни ташкил этади. Германияда шамол энергиясининг улуши тахминан 20 фоизга тенг экани айтилади.
Шу билан бирга, Германия 2022 йилда Испания ва Полша билан бир қаторда қуёш энергетикасида, Полша ва Швеция билан биргаликда эса шамол энергетикасида энг катта ютуқларга эришди, дейилади Ember ҳисоботида.
«Инқироз, албатта, Европада энергия алмашинувини тезлаштирди», деди Дэйв Жонс, Ember маълумотлар таҳлили раҳбари. Россия томонидан Украинада бошланган уруш ва кейинчалик Россия газининг Европага етказиб беришнинг кескин қисқариши дунёнинг кўплаб мамлакатларини муқобил энергия манбаларини излашга мажбур қилди.
Шу тариқа, бир йилдан камроқ вақт ичида Германия Россия газига қарамликдан тўлиқ халос бўлди, бунда кўмир ёқилғисига қисман қайтиш ва атом электр станцияларини ёпишдан воз кечиш ёрдам берди.
Мавзуга оид
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
15:45 / 27.05.2025
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни АҚШ билан биргаликда қўлламоқчи
20:02 / 24.05.2025
G7 саммити ва Трампнинг божлари: музокараларда аниқ натижалар кўринмади
16:42 / 24.05.2025