Жаҳон | 11:46 / 01.02.2023
7395
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияни стратегик қуроллар тўғрисидаги шартномани бузганликда айблади

Россия стратегик қуролли кучлар шартномаси бўйича ўз мажбуриятлари доирасида АҚШга текширув ўтказишда ёрдам беришдан бош тортяпти, деб маълум қилди Давлат департаменти. Москва 2026 йилда шартномадан чиқиш билан таҳдид қилмоқда.

Фото: AP

31 январь, сешанба куни Америка Қўшма Штатлари Москвани Стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартнома (СҚШ-3) бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблади, дея хабар беради CNN ва Reuters. «Россиянинг инспекция фаолияти бўйича ҳамкорлик қилишдан бош тортиши АҚШнинг шартномага оид муҳим ҳуқуқларидан фойдаланишига тўсқинлик қилади, АҚШ-Россия ядровий қуроллар назорати жараёнига таҳдид солади», деди АҚШ Давлат департаменти вакили.

Битим Америка Қўшма Штатлари ва Россия Федерациясининг бир-бирининг ҳудудидаги ядровий объектларини ўзаро текширишни кўзда тутади, шунда ҳар бир томон бошқа тараф келишилганидан кўра кўпроқ ядровий каллакларни, шунингдек уларни етказиб бериш воситаларини (ташувчилар, сувости кемалари) жойлаштирмаётганига ишонч ҳосил қилиши мумкин. 

Вашингтоннинг таъкидлашича, Москвада мажбуриятга қайтиш учун «аниқ йўл» бор - текширувларга рухсат бериш. Шу билан бирга, Давлат департаменти вакилининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар ҳали ҳам СҚШ-3 шартларини тўлиқ амалга ошириш учун Россия билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

СҚШ-3 (New START номи билан ҳам танилган) 2011 йил 5 февралда кучга кирди. У жойлаштирилган ядро каллакларини 1550 донага, қитъалараро баллистик ракеталарни, сувости кемаларининг баллистик ракеталарини ва оғир бомбардимончи самолётларни 700 донага, шунингдек, жойлаштирилган ва жойлаштирилмаган ракеталарни 800 тагача қисқартиришни назарда тутади. Бу Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги ядро қуролларини назорат қилиш бўйича шартномалар тизимида қолган ягона элемент бўлиб, улар биргаликда дунёдаги ядро каллакларининг қарийб 90 фоизига эга.

2011 йилдан 2020 йилгача томонлар ушбу келишувларга мувофиқлигини текшириш учун бир-бирининг ядровий иншоотларида 328 та текширув ўтказди. 2020-2021 йилларда COVID-19 пандемияси сабабли ўзаро келишув асосида текширувлар ўтказилмаган. 2021 йил февралида Байден ва Путин келишувни 2026 йилгача узайтирди. 2022 йил августида Москва Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Вашингтон ва унинг иттифоқчилари томонидан киритилган саёҳат чекловларини баҳона қилиб, АҚШга ядровий иншоотларини текширишни тақиқлади.

2022 йил охирида Қоҳирада СҚШ-3 бўйича икки томонлама маслаҳат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ, Россия янги саналарни кейинроқ белгилашга ваъда бериб, уни бир томонлама бекор қилди. Январь ойи охирида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Россия 2026 йилда келишувдан чиқишга тайёрлигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид