Ўзбекистон | 12:48 / 01.02.2023
90219
3 дақиқада ўқилади

Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси топилди

Бош прокуратура баёнотида қизнинг жасадида зўрлик аломатлари борлиги ҳақида сўз боради. Қотилликда гумонланаётган шахс қўлга олинган. У ёзда марҳум қиз яшаган уйда устачилик қилгани маълум бўлган.

Фото: Видеодан кадр

31 январь куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган.

Интернетда қиз ва унинг ортидан таъқиб қилиб келган эркакнинг видеолари тарқалмоқда.

“Кеча кечқурун Telegram-гуруҳларда Янгиҳаёт туманида 12 яшар қизча бедарак йўқолгани ва кўнгиллилар, маҳалла аҳли ҳамда ички ишлар ходимлари томонидан қидирилаётгани ҳақида хабарлар айлана бошлади. Теlegramʼда йўқолганларни қидирадиган кўнгиллилар гуруҳида кеча соат 22:30 лар атрофида қидирув эълон қилинди.

Гуруҳларга эълонлар тарқатишди, ҳудудга бориб қидиришди. Ҳамма топилсин деб дуо қилди. Онлайн драма, жуда таҳликали онлар бўлди. Афсуски, кечаси 2:30 ларда қидирув тўхтатилгани, қизчанинг мурдаси маҳалласидан, ўзи яшайдиган уй яқинидан топилгани айтилди”, деб ёзмоқда блогер Шаҳноза Соатова.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, гумонланувчи шахс марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёзида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган ва уйда таъмирлаш ишларини амалга оширган.

Ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в,з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратурага кўра, ушбу жиноятни содир этганликда гумонланаётган 29 ёшли эркак Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

“Мазкур иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фуқаролар шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотлар ва бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, дейилади расмий баёнотда.

Ижтимоий тармоқларда гумондорнинг сурати тарқалди

Саида Мирзиёева 6 декабр куни “Зўравонликка қарши курашни институтлаштириш” мавзусидаги халқаро конференцияда вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш зарурлиги, бу борада болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишнинг аниқ ва қатъий механизмларини ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлаганди.

Сенат ишчи гуруҳи таркибида бўлган иқтисодчи, жамоатчилик фаоли Барногул Санақулованинг айтишича, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидан вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик жинояти содир этилган тақдирда, болалар билан боғлиқ муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилишга доир таклиф қилинган нормалар чиқариб ташланган. Бош прокуратура масъули буни инсон ҳуқуқлари топталиши билан боғлиқ дея изоҳлаган.

Мавзуга оид