Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон Исроилни Исфаҳондаги заводга ҳужумда айблади ва қасос олиш билан таҳдид қилди
Эрон расман Исроилни шанба куни кечқурун Исфаҳон шаҳридаги ҳарбий объектга қилинган ҳужумда айблади. Эроннинг БМТдаги элчиси Амир Саид Ираванийнинг айтишича, олинган маълумотлар Исроил «бу босқинчилик ҳаракати учун жавобгар» эканини кўрсатмоқда.
29 январга ўтар кечаси Эрон марказидаги Исфаҳон вилоятида ўқ-дорилар ишлаб чиқариладиган ҳарбий завод дронлар ҳужумига учраганди. Шунингдек Шарқий Озарбойжон вилоятидаги мотор мойи ишлаб чиқариладиган йирик завод ва мамлакат ғарбидаги Дизфул шаҳрида жойлашган авиабазага ҳам ҳужум қилинган.
ОАВдаги хабарларга кўра, ушбу объектлар ракета ишлаб чиқаришга алоқадор бўлгани учун нишонга олинган.
Эрон бу зарбалардан кўрилган зарар катта бўлмаганини билдирган. Исроил нашрлари эса Ғарб махсус хизматларига таянган ҳолда барча дронлар нишонга етиб борганини хабар қилган.
Исроил ҳукумати бу ҳодисага ҳеч қандай изоҳ бермади - бу ҳужум ортида тургани ҳақидаги хабарларни рад этмади ва тасдиқламади.
Аммо Эрон зарбалар айнан шу ердан келганига амин ва Эроннинг БМТдаги элчиси мамлакат Исроил томонидан бўладиган ҳар қандай таҳдид ёки нотўғри хатти-ҳаракатларга кескин жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини айтди.
Амир Саид Ираваний БМТ бош котибига мактуб йўллаган, унда дронларнинг ҳарбий заводга ҳужуми Исроил томонидан «террорчилик ҳужумига уриниш» деб аталган, лекин Эронда бунинг учун қандай далиллар борлигига аниқлик киритилмаган. Элчи Эрон қачон ва қандай жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини қўшимча қилган.
Америка нашрлари шахси сир қолишини сўраган мулозимга таяниб, дронлар зарбаси айнан Исроил томонидан йўлланганини ёзган. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, бу Исроил ҳукумати томонидан Эрондаги ҳарбий объектларга уюштирилган илк шу каби ҳужум бўлади.
Ўтган йил декабрида Исроилда янги ҳукумат шакллантирган Бенямин Нетаняҳу сешанба куни CNN телеканалига берган интервьюсида Исроил Исфаҳондаги зарбаларга алоқадорлигини тасдиқламаган ёки рад этмаган ҳолда мамлакат Эронда қурол ишлаб чиқариш ривожлантирилишига қарши чоралар кўраётганини айтди.
«Мен ҳеч қачон муайян операцияни ёймайман… ва ҳар сафар Яқин Шарқда нимадир портласа, Исроилни айблашади - баъзида чиндан ҳам бу биз бўламиз, баъзида эса йўқ», деган Нетаняҳу.
Сўнгги йилларда Исроил ва Эрон ўртасида рўй берадиган воқеаларни айрим таҳлилчилар умумий ном билан «соядаги уруш» деб атайди - бу объектлар, инфратузилмалар ва фуқароларга қилинадиган ҳужумлар бўлиб, бу ҳужумлар учун ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олмайди.
Исроил Суриядаги объектларга ҳам зарбалар бергани маълум - бу объектлар Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи учун Эрон қуроллари юбориладиган йўналишдаги пост (юклар тушириладиган ва қайта ортиладиган) вазифасини ўтаган. Бундан ташқари, Исроил Эрондаги ядровий объектлар фаолиятига тўсқинлик қилган ва эронлик ядро олимларини ўлдирган.
Ўз навбатида, Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини инкор этадиган Эрон ҳам Исроил объектлари ва фуқароларига ҳужумлар уюштириш ва режалаштиришда айбланади.
Исроилнинг олдинги бош вазири Нафтали Беннетт бир неча бор Эрон Исроилга қилган таҳдидлари ва ядровий қуролга эга бўлишга уринишлари учун жуда қиммат тўлов қилишидан огоҳлантирганди.
Ўтган йил августида Беннет Исроил Эрон масаласига ҳамкорлар билан биргаликда дипломатик ечим топишни маъқул кўриши, аммо зарурат туғилганда ёлғиз ҳаракат қилишга тайёрлиги ҳақида очиқчасига гапирганди.
Беннет энди бош вазир эмас, аммо у белгилаган оҳанг Исроилнинг ҳар қандай ҳукумати давридаги тактикасига мос келади. Айниқса, кўп йиллар бош вазирлик қилган ва ўтган йил ноябрида яна ҳокимиятга қайтган Биньямин Нетаньяҳу даврида Исроил (2009-2021 йилларда) Эрон ҳудудида қатор дадил амалиётлар амалга оширган (буни ҳам расман тан олмаган).
«Исроилнинг умумий сиёсати – кўпроқ иш қилиш, камроқ гапириш. Бундай хатти-ҳаракатлардан ким манфаатдорлигини барча билиб туради, аммо Исроилнинг жимлигининг сабаби айнан шу. Акция - бошқа иш, расман олиш, АҚШнинг реакцияси ва ҳоказолар – бошқа иш», деб ҳисоблайди BBC билан суҳбатда исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман.
«Бундай вазиятларда сукут сақлаш – Исроилга кўп йиллардан буён хос бўлган амалиёт. Улар Эронга ҳужум уёқда турсин, Сурияга авиазарбалар йўллаганида ҳам масъулиятни зиммасига олмайди. Бу жимликдан бу ҳужум ортида Исроил турган-турмагани тўғрисида хулоса чиқариб бўлмайди», дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:33 / 27.05.2025
Уиткофф: Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича келишувни рад этди
20:40 / 26.05.2025