Ўзбекистон | 16:46 / 03.02.2023
12058
9 дақиқада ўқилади

“Янги университетлар очилиши давом этади” — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан суҳбат

Ўзбекистонда олий таълимга қамров кўрсаткичи ошиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида 9 фоизга ҳам етиб-етмаган қамров биргина 6 йил ичида 38 фоизга кўтарилди.

Қамров ошгани-ку, яхши, лекин ундаги кўтарилиш сифат масаласига қандай таъсир қилади, меҳнат бозоримиз-чи, у бугунги қамров талаблари, етишиб келаётган кадрлар кўрсаткичига жавоб берадими, тайёрми?

Kun.uz мухбири олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Комилжон Каримовга шу каби саволлар билан юзланди.

Кейинги йилларда олий таълимда қамровнинг ошиб бораётганига эътибор қаратсак. 2015 йилда 9 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 35-40 фоиз ўртасида. Айрим хорижий давлатларда бу кўрсаткич 80-90 фоиз атрофида, бизда ҳам режалар бор. Умуман, олий таълим қамрови қанча бўлиши керак Ўзбекистон шароитида?

— Барча соҳалар каби олий таълимда ҳам аниқ дастурлар асосида ислоҳотлар амалга ошириляпти. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган. Айнан шунда тизим ривожланиши белгиланган ва аниқ мақсадлар қўйилган.

Олий таълим фақатгина меҳнат бозоридаги имконият эмас. Бутун дунёда олий таълим «ижтимоий лифт» вазифасини бажаради. Кам таъминланган аҳолининг катта қисми айнан олий таълим олмаганлар бўлади, яъни олий таълим имконият очади ҳар томонлама. Аҳолимизнинг ярмини ёшлар ташкил қилади, шунинг учун ҳам таълим масаласи муҳим. Ҳозирда 209 та олий таълим муассасалари бўлса, уларда бир миллиондан ортиқ талабалар ўқияпти. Илгари бор-йўғи 250 минг талаба бўлган.

— Хорижий ОТМ филиаллари очилиши, хусусий ва янги давлат олий таълим муассасалари очилиши эвазига қамров ошиб боряпти. Бундан кейин ҳам шу тарзда давом этадими?

— 2017 йилда республикамизда 77 та олий таълим муассасалари бўлган ва булар ичида деярли нодавлат ОТМ бўлмаган. 209 та ОТМдан 114 таси давлат олий таълим муассасалари бўлса, 65 таси нодавлат ва қолган 30 таси хорижий ОТМ филиали. Бунда энг катта ўсиш нодавлат олий таълим муассасаларига тўғри келади. Бундан мақсад – рақобатни ривожлантириш. Хусусий секторларнинг жалб қилиниши янгича ёндашувларнинг ҳам кириб келишига сабаб бўляпти.

Президентимиз томонидан ҳар бир вилоятда камида биттадан нодавлат ОТМ ташкил этиш вазифаси қўйилган ва жараён жадал давом этмоқда. Жорий йилда ҳам янги муассасалар очилади.

Қамров ошиб бораётган бир пайтда битирувчиларнинг меҳнат бозорида ўрнини топиш масаласи ҳам долзарблигича қолади. Бу борада нима қилиш керак? ОТМ фақатгина билим бериш билан чекланиб қолмаслиги керакдек...

— Бу йил 250 мингга яқин талаба битиради. Уларга меҳнат бозорида муносиб иш борми, деган савол туғилади. Лекин уларнинг барчаси давлат томонидан иш билан таъминланиши нотўғри. Қанчадир миқдорига ўзини ўзи иш билан таъминлайдиган кўникма беришимиз керак. Ва бу жараёнлар бошланган. Кўплаб олий таълим муассасаларида тадбиркорлик кўникмалари ўқитиляпти. Кўп ОТМда карьера марказлари ташкил қилиш бўйича талаб қўйилган. Бу марказлар талабаларни меҳнат бозорига тайёрлаш билан шуғулланади. Амалий кўникмаларни шакллантириш назарда тутилган. Бу марказлар ёрдамида енгилликлар бўлади ёшларга.

— Талабалар сони ошиб бориши билан ётоқхоналар муаммоси яққол сезиляпти. Талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш масаласи қамровдан ортда қоляптими?

— Бу масала фақат ётоқхоналар билан эмас, умуман таълим инфратузилмасида. Бугунги кунда айнан талабаларни турар жой билан таъминлаш қамрови 40 фоиздан ошди, яъни ётоқхоналарга эҳтиёжи бор талабалар доирасида. Ҳозирда янги ТТЖлар қуриляпти, давлат томонидан ёки хусусий шерикчилик асосида таъминланяпти. Бу бўйича аниқ режалар бор ва бу жараён давом этади. Лекин давлат барча талабалар учун ётоқхоналар яратиб беради десак, қийин бўлади бу масала. Ижарада турувчи талабаларга ҳам компенсация тўлаб бериляпти.

2022 йилда 47 та талабалар турар жойи қурилиши режалаштирилган эди. Қай даражада амалга оширилди? Ўтган йили кузатилган муаммолар бу йил ҳам бўлиши мумкинми?

— 18 800 ўринли талабалар турар жойи қурилиши керак эди. Лекин айрим сабабларга кўра, 28 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди, 20 мингдан ортиқ ётоқ ўринлари ташкил қилинди.

Барча талаба турар жой билан таъминланади, десак ҳам тўғри бўлмайди. Бироқ муаммолар юзага келмаслиги учун жараённи рақамлаштиришимиз керак. Яъни ётоқхона билан таъминланиши керак бўлган талабалар рўйхатини шакллантириш ва шу бўйича иш олиб бориш. Бунда электрон навбат тизими бўлади ва очиқ шаклда.

— Бугунги кунда олий таълим тизими рақамлаштириш борасида қайси босқичда? Бу борада қандай янгиликларни кутишимиз мумкин?

— Рақамлаштириш биз учун устувор вазифа. Давлат идоралари орасида рақамлаштириш борасида рейтинг олиб борилади. 2022 йил учинчи чораги натижаларига кўра, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вазирликлар ичида иккинчи ўринни эгаллади. Барча таълимга дахлдор бўлган жараёнларни рақамлаштиришга ҳаракат қилиняпти. Олий таълимни бошқариш электрон тизими бўлган HEMIS тизими энг катта ютуғимиз деб ўйлайман. Биздаги электрон платформалар бошқа давлат идоралари платформалари билан интеграция қилинган. Дейлик, ягона давлат хизматлари платформаси билан, солиқ тизими билан, халқ таълими тизими платформалари билан интеграциялашган. Умуман, бу борада кўп ишларимиз бор, ҳали кўп жараёнларни рақамлаштиришимиз керак. Вазирликда алоҳида электрон таълим маркази бор ва бизнинг ресурсларимиз етарли.

Молиявий мустақиллик тўғрисида ҳам гаплашсак. 2022 йилнинг ўзида 35 та ОТМга молиявий мустақиллик берилди. Шу ўтган бир йил бу борада нималарни кўрсатди? Муаммо ва камчиликлар кўзга ташландими?

— Бу ҳам устувор вазифалардан бири: ОТМга бошқарув, академик ва молиявий мустақиллик бериш. Президент қарори билан 35 та ОТМга мустақиллик берилган эди ва йил мобайнида уларнинг сони 41 тага етди. Бир йил ичида ташкилий ишлар амалга оширилди. Чунки кўп вақт марказлаштирилган тизимда бўлган ОТМ бир йилдаёқ ўзгарди, дейиш ҳақиқатга тўғри бўлмайди. Муҳим қадамлардан бири барча ОТМда кузатув кенгашларини тузиш бўлди ва улар ўз фаолиятини амалга ошириб келяпти. ОТМ эҳтиёжидан келиб чиқиб, тузилмасига ўзгартириш киритиш ваколати берилди. Яна муҳим ваколатлардан бири ОТМ стратегик режаларини тузиш. Булардан ташқари молиявий масалалардаги ваколатлар ҳам бор. Квоталар масаласи ҳам худди шундай мустақил тарзда ҳал қилиняпти. Босқичма-босқич бошқа ОТМга ҳам бундай ваколатлар бериш кўзда тутилган.

Магистратура, докторантура босқичлари учун қабулларда коррупцион ҳолатлар кўплиги айтилар эди олдин. Қабулдаги ўзгаришлар бунга қанчалик таъсир қилди?

— Қандайдир баҳслар ва эътирозларга ҳам сабаб бўлди. Лекин бу ерда ҳам инсон омилидан қутулишга ҳаракат қилдик. Чет тилини билиши тўғрисидаги сертификат ва бакалавриатдаги ўртача балли талаб қилинади. Бошқа ҳеч қандай ҳужжат керак эмас, имтиҳон ҳам бўлмайди. Бу ҳам хорижий тажриба. Енгиллик тариқасида магистратурага икки марта қабул жорий қилинди, яъни август ойида ва қиш ойларида. Умуман, қабул жараёнида коррупция йўқоляпти ва чет тилини биладиган билимли талабаларни қабул қилиш имкони пайдо бўляпти.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларимизнинг дунёда тутган ўрни қандай? Бу борада қандай ишлар олиб бориляпти?

— Бу борада ютуқларни эътироф этишимиз керак. Ўтган 2022 йилда саккизта олий таълим муассасамиз Осиёнинг мингталик рейтингига кирди. Бундай ҳолат биринчи марта бўлди тарихимизда. Бундан ташқари дунё рейтингида улар ўз ҳолатини яхшилади. Яна 28 та ОТМ рейтингга кириш имкониятига эга бўлди. Албатта, рейтингларнинг ўз меъёрий мезонлари мавжуд. Энг кўп эътиборга олинадигани илмий салоҳияти ҳисобланади. Битирувчиларни иш билан таъминлаш ҳам муҳим ўрин тутади бунда. Асл мақсад рейтингга кириш эмас, ўша рейтинглар орқали ОТМда илмий салоҳиятни кўтариш, таълим сифатини юқори даражага олиб чиқиш.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси Жавоҳир Ғайратов.

Мақсуда Абдуқаюмова
Муаллиф Мақсуда Абдуқаюмова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид