Ўзбекистон | 15:44 / 04.02.2023
21406
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда бир гуруҳ шахслар ичида 720 млн сўм бўлган банкоматни ўғирлаб кетишди

Тўрт нафар шахс банкоматни пана жойга олиб бориб, уни бўлаклаб ташлаган ва ичидаги пулларни олиб кетган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида тўрт нафар шахс тижорат банкларидан бирига тегишли, ичида 720 млн сўм бўлган банкоматни ўғирлаб кетишган.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2023 йил 25 январ куни содир бўлган.

Маълум қилинишича, фуқаролардан бири ИИБга Каттақўрғон тумани “А.Навоий” МФЙда ўрнатилган банкомат шохобчасидан номаълум шахслар бир дона банкомат қурилмаси ичида бўлган 720 миллион сўм миқдордаги пуллари билан ўғирлаб кетилганини билдирган.

Олиб борилган тезкор суриштирув давомида Каттақўрғон туман Таварон маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ жойдан ўғирланган банкомат аппарати бўлакларга бўлинган ҳолда топилган.

Ушбу жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни қидириб топиш бўйича олиб борилган суриштирувларда мазкур жиноятни тўрт нафар шахс содир этгани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда жиноятчилар қўлга олиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид