Жаҳон | 09:07 / 04.02.2023
4006
4 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Озарбойжон билан энергетик ҳамкорликни кенгайтиради

Брюссел нафақат қисқа муддатли, балки Боку билан узоқ муддатли ҳамкорликка ҳам сармоя киритади, деди Европа комиссари Кадри Симсон Озарбойжонга ташрифи чоғида.

Кадри Симсон / Фото: Getty Images

Жанубий газ транспорти йўлаги (ЖГТЙ) орқали Европа Иттифоқига етказиб бериш ҳажми 40 фоиздан кўпроқ ўсди - 2021 йилдаги 8,1 миллиард куб метрдан 2022 йилда 11,4 миллиард куб метргача. Бу Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилиши фонида Европа Иттифоқига газ етказиб беришни диверсификация қилиш ва барқарорлаштиришда ҳал қилувчи роль ўйнади, деди энергетика бўйича Европа комиссари Кадри Симсон 3 февраль, жума куни Бокуга расмий ташрифи чоғида.

Симсоннинг таъкидлашича, ЖГТЙ Европа Иттифоқи учун газ қувурининг бир нечта барқарор ва рақобатбардош манбаларидан бири бўлиб қолади. У Каспий минтақасидаги бошқа давлатларни ушбу иқтисодий имкониятдан фойдаланишга ва «янги бозорларни таъминлаш учун Озарбойжон билан кучларни бирлаштиришга» таклиф қилди, чунки газ келгуси ўн йилликларда Европа Иттифоқи учун муҳим роль ўйнашда давом этади.

«Сизга яхши маълумки, Европа Иттифоқи энергия истеъмолини чеклаш ва қайта тикланадиган манбалардан фойдаланишни кўпайтириш устида ишламоқда. Лекин биз собиқ асосий газ етказиб берувчимиздан узоқлашиш жараёнида эканмиз, Европа Иттифоқига зарур бўлган газ ҳажми ишончли етказиб берувчиларнинг газига бўлган талаб ўсишда давом этишини англатади», деб тушунтирди Кадри Симсон.

Озарбойжон Европа Иттифоқига қайта тикланадиган манбалардан олинадиган водород ва энергия экспортчиси ҳам бўлиши мумкин, деди Европа комиссари унинг фойдаланилмаётган салоҳияти, айниқса, денгизда шамол энергияси бўйича имкониятини эслатиб. Брюссел EU4Energy дастури доирасида Озарбойжонда қайта тикланадиган энергия қувватларини жойлаштиришни қўллаб-қувватлайди, у Бокуни ноу-хау, технология ва хусусий сармоя билан таъминлайди.

Озарбойжонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергияни самарали истеъмол қилиш ва метан чиқиндиларини бошқариш унинг ички бозорда камроқ табиий газ истеъмол қилиши ва шу тариқа экспорт ҳажмини, шу жумладан Европа Иттифоқига ҳам оширишга имкон беради, деди Кадри Симсон билан қўшма матбуот анжуманида Озарбойжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбазов шу куни кечқурун. Европа комиссари Озарбойжон ҳукумати билан биргаликда Жанубий газ транспорти йўлаги маслаҳат кенгашининг «яшил» энергия бўйича янги йўналишини очди.

2022 йил июль ойида Европа Иттифоқи ва Озарбойжон энергетика соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Брюссел Бокуни «Россия қазиб олинадиган ёқилғисидан воз кечиш ҳаракатларидаги асосий ҳамкор» деб атади. Ушбу ҳамкорликнинг мақсадларидан бири 2027 йилга бориб Европа Иттифоқи у орқали йилига камида 20 миллиард куб метр газ олиши учун Жанубий газ йўлаги қувватини икки баробарга оширишдан иборат. Кадри Симсон матбуот анжуманида бу мақсадга эришиш мумкинлигига ишонч билдирди.

Жанубий газ йўлаги Каспий денгизи ҳавзасидан Европа Иттифоқига газ олиб кириш учун инфратузилмани тақдим этади. Бу тўлиқ Россия газига қарам бўлган Жануби-Шарқий Европа мамлакатларига етказиб беришни диверсификация қилишга ёрдам бериши керак. ЖГТЙ 2020 йил охирида фойдаланишга топширилди. 2021 йилда у орқали олинган газнинг Европа Иттифоқи бозоридаги улуши 2,4 фоизни, 2022 йилда эса 3,4 фоизни ташкил этди. 2023 йилда етказиб бериш ҳажми 12 миллиард куб метрдан ошмаслиги кутилмоқда, бу 2022 йилдагидан унчалик юқори эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид