Жамият | 12:09 / 05.02.2023
37557
10 дақиқада ўқилади

«Эримнинг вафотидан сўнг ўгай ўғлим ва хотини бизни сиғдиришмади» – турмуш қийинчиликларига бардош берган аёл ҳақида ҳаётий ҳикоя

«Тақдир экан, эримнинг вафотидан кейин ўзимдан қарийб йигирма ёш катта эркакка турмушга чиқдим. У қизимни ўз қизидай яхши кўрарди. Ўшанда ўгай ўғлим ва келиним қизимни олиб борганимга хурсанд эмасдай туюларди. Бироқ улар бу ҳақда бирон марта гапиришга ботинишмаган. Қизимнинг бўйи етиб қолганда тўсатдан эрим вафот этди. Шунда улар ҳақиқий юзларини кўрсатишди ва қизим билан мени уйдан ҳайдашди».

Электрон почтамга келган навбатдаги мактуб ҳаётнинг турли қийинчиликларига бардош берган, синовларида тушкунликка тушмаган ва олға интилган аёлдан экан.

Унинг ёзишича, бир нафар қизи билан тул қолиб, ёши ўзидан анча катта эркакка турмушга чиққан. Кейинчалик қизи узатиладиган ёшга етганда эри вафот этган. Шундан сўнг ўгай ўғли ҳамда келини аёлнинг қизини ўша маҳаллага узатилишини хоҳлашмаган ва уни сўраб келган совчиларни қайтаришган. Кейин эса уларни қувиб юборишган экан.

«Ўшанда ўгай ўғлим ва келинимнинг ишидан жуда қаттиқ хафа бўлгандим. Аммо Худонинг менга атагани ҳам бор экан, қизимни туғилиб ўсган қишлоғимда, яхши бир хонадонга узатдим. Энди набираларим, оға-иниларимнинг болалари атрофимда парвона», деб ёзибди аёл.

Аёлнинг мактубини ўқир эканман, ҳаёт бир тарзда давом этмаслигига ва инсон учун тақдир синовлари бир умр давом этишига яна бир бор амин бўлдим.

«Бизнинг жамиятда энг қийин ҳаёт фарзандлари билан ёлғиз қолган аёлнинг ҳаёти. Эримнинг вафотидан кейин мен ҳам қизим билан ёлғиз қолиб кўп қийинчиликларни кўрдим.

Мактабни битирганимдан сўнг эшигимизни тақиллатиб совчилар кела бошлашди. Қишлоқда яшаймиз, биз томонларда қизларни унча-мунчада ўқитаверишмайди.

Ота-онам маслаҳатлашиб, ҳамқишлоқ йигитлардан бирига рози бўлишди. Мендан ҳам сўрашганда «ўзларинг биласизлар» деб жавоб бердим.

Орадан бир йил ўтиб тўйимиз бўлди. Турмуш ўртоғим яхши инсон эди. Оиласи ҳам намунали оила экан. Қайнотам ва қайнонам билан ўзаро муомаламиз ҳам бошқалар ҳавас қиладиган даражада эди.

Бирин-кетин дугоналарим ҳам турмушга чиқишди ва ўзаро учрашиб қолганимизда доим қайнонасидан ёки қайнсингилларидан шикоят қилишарди. Мен уларнинг гапига ажабланардим. Улар қайнота-қайнонамни, эримни мақташимни эшитиб, «омадинг бор экан, яхши инсонларга учрабсан», дейишарди.

Турмуш қурганимизга бир неча йил бўлганда ҳам бўйимда бўлавермади. Шунда ҳам қайнота-қайнонам бир оғиз ошиқча гап гапиришмас, «Худо хоҳласа беради, сиқилманг», деб кўнглимни кўтаришарди.

Қайнонам нафақат менинг кўнглимни кўтарарди, балки «нега туғмас келинни ушлаб ўтирибсиз?» дейдиган қариндошлар ва қўшнилар орасидаги айрим аёлларга ҳам муносиб жавоб берарди.

Эрим билан турли шифокорларга бордик. Ҳаммаси иккаламиз ҳам соғлом эканимизни, сабр билан Яратганга дуода бўлсак, албатта, фарзандли бўлишимизни айтишарди.

Турмуш қурганимизга 5 йил бўлганда ҳомиладор бўлдим. Ўшанда эрим ва менга қўшилиб қайнота-қайнонам ҳам жуда хурсанд бўлишди. Кейин вақти-соати етиб қизли бўлдик. Мен бахтли ҳаётим учун ҳар куни Аллоҳга ҳамд айтардим. Аммо бу бахт узоққа чўзилмади.

Кунлардан бир кун эрим тўсатдан вафот этди. Ўшанда қизим уч ёшга кирган эди. Ўша пайтда қандай ҳолатга тушганимни тасвирлаб бера олмайман. Ҳаёт мен учун тугагандай эди.

Эримнинг вафотидан кейин уч-тўрт ой ўтгач бир кун қайнотам гап бошлади:

«Қизим, агар ихтиёр ўзимда бўлганида  ҳозир айтмоқчи бўлган гапларимни умуман гапирмасдим. Аммо у гапларни айтиш менга ҳам қарз, ҳам фарз. Сиз ҳали ёшсиз. Ўғлим энди қайтиб келмайди. Шу учун бундан кейинги ҳаётингизни ҳам ўйланг. Ёлғизлик фақат Аллоҳга хос. Бандалар жуфти билан яшаши керак. Шу учун тенгингиз чиқса, қайта турмуш қуринг. Сизга ҳатто болани ташлаб кетинг ҳам демаймиз. У сизнинг жигарингиз. Эт билан тирноқни ажратиб бўлмайди. Бу гапларни гапириш мен учун осон бўлмаяпти. Сизни келиним эмас, қизим деганман. Бу гапларимни мени қувяпти деб тушунманг. Хоҳласангиз, шу ерда биз билан яшайверинг».

Қайнотам менга гапиряпти-ю, қайнонам билан иккаласининг кўзидан ёш оқяпти. Ўша пайтда уларга мен сизлар билан қоламан ёки уйга кетаман демадим. Ўйлаб кўриш учун вақт сўрадим.

Ўйлаб кўриб, ота уйимга қайтишга қарор қилдим. Шундан сўнг турли сабаблар билан ёлғиз қолган эркаклардан совчи кела бошлади. Аммо уларнинг аксарияти қизимни ота-онамга ташлаб ёлғиз боришимни хоҳлашар, мен эса буни хоҳламасдим.

Шу тарзда икки йилча вақт ўтди, қизим беш ёшга кирди. Бу орада яна бир неча кишидан сўраб келишди, шарт ўша-ўша эди. Мен қизимдан айрилишдан кўра дунёдан тоқ ўтишга ҳам рози эдим.

Бир куни кимдир эшикни тақиллатиб қолди. Бориб очсам нотаниш киши. Уйда одам бор-йўқлигини сўради. Отам уйда дегандим, чақириб қўйишни сўради. Отам чиққач иккаласи кўчада анча вақт гаплашишди.

Отам қайтиб киргач гап бошлади:

«Қизим, бояги одам совчи экан, яқин ўртоғига сени сўраб келибди. Ўртоғини яхши одам деб мақтади. Унинг хотини вафот этган экан. Қизингни олиб боришингга ҳам қарши эмасмиш. Қўшни қишлоқдан экан, мен суриштириб кўрайми?»

Отамга бош ирғадим. Бир неча кундан кейин отам номзодни суриштириб кўрганини айтиб қолди.

«Ёши сендан қарийб йигирма ёш катта, қизини узатган, ўғлини уйлантирган экан. Катта ҳовлида ўғли ва келини билан яшаркан. Ўзи билан гаплашдим, ўртаҳол оила. Ҳовли жойи тартибли экан. «Набирангизни ўз қизимдай тарбиялайман» деб ваъда берди, нима дейсан?» деди отам.

Отамга нима деб жавоб беришимни билмай, ихтиёрим сизда дедим. Менга қизимни ўзим билан олиб боришимга қарши эмаслиги маъқул келгани учун ёшимиздаги фарққа ҳам рози эдим. Қолаверса, ёши ўттизга яқинлашиб қолган бева аёлни ёш йигит сўраб келмайди-ку.

Бир неча кундан кейин никоҳ ўқитиб мени олиб кетишди. Отам айтгандай оила анча тартибли экан. Турмуш ўртоғим ҳам яхши одам эди. Ўғли ва келинига доим яхши муносабатда бўлар, улар ҳам турмуш ўртоғимни ҳурмат қилишарди.

Шу тарзда яшай бошладик. Қизим эримнинг набиралари билан бирга ўйнар, улар янги ўртоқ, дугона топишганидан хурсанд эди.

Гарчи ошкора айтишмаса ҳам ўгай ўғлим ва келиним қизимни олиб борганимга хурсанд эмасдай туюлишарди, бироқ буни бирон марта тилларига чиқаришмаган. Аммо кейинчалик ҳақиқий башараларини кўрсатишди.

Шу тарзда анча йиллар яшадик ва қизим мактабни битирганидан сўнг унга совчилар кела бошлади. Ёши олтмишларга бориб қолган эримга қизимни ўқитайлик дея олмадим.

Ўша кезда совчилардан биронтасига розилик беришга улгурмасимиздан эрим тўсатдан тузалмас дардга чалинди. Шифокорлар у узоқ яшамаслигини айтишди.

Шундан сўнг эрим ўгай ўғлимни чақириб васият қилди.

«Ўғлим, мен ўтганимдан сўнг онанг ва синглингни қийнаб қўйманглар. Синглингга совчилар келяпти, ўзи рози бўлган йигитга узатинглар. Онангни ҳурмат қилинглар. Мабодо уларни қувиб юборишни хаёлингга ҳам келтирма. Шундай қиладиган бўлсанг зинҳор сенлардан рози бўлмайман. Банданинг ризқини банда бермайди, Худо беради. Жумладан, онанг ва синглингнинг ризқини ҳам сен эмас, Худо беради. Шундай экан, ўйлаб иш қил», деди.

Кўп ўтмай эрим вафот этди. Унинг маъракаларини ўтказиб бўлганимиздан сўнг қизим ва менинг қора кунларимиз бошланди. Ўғлим ва келиним ўтирсак ўпоқ, турсак сўпоқ дер, мақсади қизим билан мени қувиб юбориш эди.

Эрим вафотидан аввал ўғлим ва келинимга насиҳат қилаётганида нега онанг ва синглингни қувиб юборма деяпти, деб ҳайрон бўлгандим. Кейинчалик содир бўлган ишларни кўриб, эрим раҳматли ўғли ва келинини мендан яхши билар экан, деб ўйладим.

Бир куни ўгай ўғлим менга «Бўлди, отам ўтди. Энди бу ерда қиладиган ишларинг қолмади. Отангизникига кетаверсангиз ҳам бўлади» деганида унга қизимга маҳалламиздаги бир нечта хонадондан совчи келаётганини, улардан бири менга маъқул эканини, қизимни узатсам кейин ота уйимга қайтиб кетишимни айтдим.

Аммо у кўнмади. «Қизимни узатиб кетаман дейсизми? Тўйни ўтказишга пулингиз борми? Қизингизни қайси пулингизга узатасиз? Менинг пулимгами? Менда тўй ўтказиш учун пул йўқ. Қолаверса ўзимнинг ҳам қизим ва ўғлим улғайиб қолди», деди ўгай ўғлим.

Ўгай ўғлимга илтимос қилдим, ялиндим, барибир кўндира олмадим. Ахийри ўн беш йилга яқин ҳаётим ўтган хонадонни тарк этишга мажбур бўлдим.

Ота уйимга қайтиб келгач қизимни шу ерда яхши бир оиланинг фарзанди бўлган йигитга узатдим. Набиралар кўрдим. Бу ёқда укам қизларини узатди, ўғлини уйлантирди. Энди бағрим тўла болалар, уларнинг севимли бувиси бўлиб юрибман.

Ўшанда ўгай ўғлимдан қаттиқ хафа бўлган бўлсам-да, кейинроқ кечирдим ва улар билан борди-келди қилиб туришни ўйладим. Бироқ ундай бўлмади.

Қизимни узатганимда уларни тўйга айтдим, келишмади. Кейинроқ ўгай ўғлим қизини узатганда ва ўғлини уйлантирганда бизни чақирмади. Ундан кейин ҳам на биз бордик, на улар келишди.

Кейинроқ қизи иккита боласи билан ажрашиб отасиникига қайтиб келгани ҳақида эшитдим ва хафа бўлдим. Ишонинг, ўгай ўғлимга ва унинг болаларига ёмонлик тиламагандим».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид