Ўзбекистон | 18:04 / 06.02.2023
30142
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонликларга мурожаат қилди

Бош консулхона кучли зилзила туфайли эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.

Фото: AP

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркиянинг жанубий вилоятларида бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат қилди ва эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.

«Кучли зилзила қайта содир бўлаётгани сабабли қуйидагиларга қатъий риоя қилишга чақирамиз. Агар зилзила содир бўлаётган вилоятларда бино ичида бўлсангиз ҳужжатлар ва зарур нарсаларни олиб, тезда бинодан чиқинг. Хонадан чиқаётганда лифтдан эмас, зинапоялардан фойдаланинг. Кўчада қолинг, лекин бинолар ёнида турманг, очиқ жойга ўтинг. Тинчланинг ва бошқаларни тинчлантиришга ҳаракат қилинг», дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Анқарадаги Элчихонасига +905380358534 телефон рақами орқали, шунингдек, Истанбул шаҳридаги Бош Консулхонасига +902123232037, +902123232039 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкин.

6 феврал куни Туркиянинг жануби-шарқида ва Сурия шимолида кучли зилзила юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, 1200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Туркиянинг турли шаҳарларида камида 1700 дан ортиқ бино вайрон бўлгани ёки шикастлангани айтилди. Сурия ҳукумати камида 320 киши ҳалок бўлганини ва 600 дан ортиқ одам жароҳатлангани ҳақида хабар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид