Жаҳон | 19:01 / 06.02.2023
102048
5 дақиқада ўқилади

Туркия ва Сурия кучли силкинди. Асосий маълумотлар

Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 ва 7,5 балли зилзилалар оқибатида икки мамлакат ҳудудида камида 4300 киши ҳалок бўлиб, ўн беш мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Туркия президенти бу 1939 йилдан буён кузатилган энг кучли зилзила бўлганини айтди. Ғозиантепда тарихий қалъа шикастланди, Суриянинг Ҳалабида эса ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объекти саналган иншоот вайрон бўлган. 

Фото: Adsiz Gunebakan/Anadolu Agency via Getty Images

6 феврал куни Туркия жануби-шарқида, Сурия билан чегарадан 90 километр масофада кучли зилзила рўй берди, унинг кучи қўшни мамлакатларда ҳам сезилган. Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология маркази ва АҚШ Геология хизмати ер силкиниши кучи 7,8 баллни ташкил этгани, зилзилп ўчоғи Ғозиантеп шаҳридан 17,9 км масофада жойлашганини хабар қилган.

Туркия Фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарма маълумотига кўра, биринчи зилзила ортидан 40 дан ортиқ афтершок (бошқа маълумотларга кўра — 66 афтершок) қайд этилган, улардан энг кучлисининг магнитудаси 6,6 баллни ташкил этган. Ер силкиниши кучи Туркиянинг кўплаб регионларида сезилган: Адана, Анқара, Анталя, Ғозиантеп, Қайсари, Мерсин, Трабзон, Шонлиурфа, Хатай, Усмония, Малатя, Килис, Қаҳраманмараш, Адияман, Диёрбакир — шунингдек Al Hadas ва Times of Israel нашрларига кўра, Сурия, Ливан, Ироқ, Миср, Греция, Кипр, Арманистон ва Исроилда ҳам. Италияда Туркиядаги зилзила туфайли цунами хавфи эълон қилинганди, аммо кўп ўтмай бу огоҳлантириш бекор қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Туркия жануби-шарқидаги Қаҳраманмараш вилояти Элбистан тумани ҳудудида 7,5 балли иккинчи зилзила рўй берди. Туркия ҳукумати иккинчи зилзила ўчоғи 7 км чуқурликда бўлганини маълум қилган.

Айни вақтга келиб Туркия ва қўшни Сурияда юзлаб қурбонлар ва минглаб жабрланганлар ҳақида маълум қилинган. Туркия ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, қурбонлар сони 2900 дан ошган, 15 мингдан ортиқ киши жабрланган.

Сурия соғлиқни сақлаш вазирлиги 1400 дан ортиқ киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Бу мамлакатда Ҳалаб, Латақия, Ҳама ва Тартус вилоятлари табиий офатдан жиддий талафот кўрган.

Туркия ва Суриянинг қатор шаҳарларида бинолар қулаб тушган. Туркия вице президенти Фуат Ўқтой мамлакатнинг турли шаҳарларида 3471 бино вайрон бўлгани ҳақида маълум қилди. «Анадолу» хабарига кўра, зилзиладан кейин Туркиянинг қатор туманларидаги корхоналарда ва офис биноларида ёнғинлар бошланганини хабар қилди. Хатай вилоятида газ ўтказиш қувурида портлаш рўй берган, шунингдек маҳаллий аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги вайрон бўлган. Қаҳраманмараш ва Ғозиантеп аэропортлари фуқаролик рейсларига хизмат кўрсатишни тўхтатган.

Зилзила оқибатида Ғозиантепда Рим империяси даврига мансуб бўлган тарихий қўрғон вайрон бўлган. Сурияда эса Ҳалаб шаҳрининг Эски шаҳар қисмидаги бошқа обидалар қаторида ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси объекти бўлган тарихий қалъа жиддий шикастланган. Фуқаролик уруши даврида шикастланган ушбу қалъа 2021 йилда таъмирланганди.

Суриядаги «Оқ каскалилар» гуманитар ёрдам ташкилоти мамлакат шимоли-ғарбида вазият оғир эканини маълум қилишган. Ташкилот маълумотига кўра, исёнчилар назоратидаги ушбу ҳудудларда юзлаб одамлар харобалар остида қолиб кетган.

Туркияда энг юқори даражадаги тревога эълон қилинган. Мамлакат ҳукумати халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради. «Анадолу»нинг хабар беришича, президент Эрдўған Адана, Малатя, Ғозиантеп, Диёрбакир, Хатай, Адийаман, Усмония ва Шонлиурфа вилоятлари губернаторлари билан телефон орқали мулоқот қилган. Унга зилзила оқибатлари ва қидирув-қутқарув ишлари тўғрисида маълумот берилган. «Умид қиламизки, биз бу фалокатни биргаликда имкон қадар тез фурсатда ва кам зарар билан енгиб ўтамиз», — дея ёзган у твиттерида.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун Туркия ҳарбий ҳаво кучлари транспорт самолётларини жалб этган. Истанбулдан мамлакат жанубига мингга яқин кўнгиллилар қидирув-қутқарув ишларида қатнашиш учун жўнаб кетган. Сурия мудофаа вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб кучларини қидирув ишларига ва жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этган.

СNN телеканалида қайд этилишича, ноқулай об-ҳаво шароити қутқарув амалиёти ўтказишни қийинлаштириши мумкин. Хусусан, Ғозиантеп вилоятида ҳаво ҳарорати нолдан бироз юқорироқ, аммо ҳаво совиб, ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Ёмон об-ҳавога қарамай, амалдорлар маҳаллий аҳолидан навбатдаги ер силкинишлари рўй бериши хавфи туфайли уйларини тарк этишни сўрамоқда.

Эрдўған бу мамлакатда 1939 йилдан буён кузатилган энг кучли зилзила бўлганини айтди. Ўшанда Қаҳраманмарашда рўй берган 7,8 балли Эрзинжан зилзиласи қарийб 33 минг кишини ҳаётдан олиб кетганди. Шунингдек, 1999 йил 17 августида Измит шаҳри ҳудудида (Истанбулдан 90 километр жанубда) 7,6 балли зилзила рўй берганди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 17 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлиб, қарийб 44 минг киши жабрланган.

СNN телеканали қайд этишича, дунёда ҳар йили ўртача беш марта 7,8 балли зилзила рўй беради. Сейсмий фаол минтақада жойлашган Туркияда сўнгги 25 йил ичида кучи камида 7 баллга тенг бўлган еттита зилзила кузатилган.

Мавзуга оид