Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа кенгаши Латвияни Беларус билан чегарадаги муҳожирларни ҳимоя қилишга чақирди
Латвия ҳукумати Беларус билан чегарадош минтақада бўлган муҳожирларнинг асосий ҳуқуқларига риоя этилишини кафолатлашга мажбур, деб ёзди Европа кенгаши комиссари Дуня Миятович ички ишлар вазири Марис Кучинскисга.
Европа кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович Латвия ҳукуматини «репрессияларга чек қўйиш ва Беларус билан чегарада ҳимояга интилаётган одамларнинг инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини кафолатлашга» чақирди. Латвия ички ишлар вазири Марис Куcинскисга йўллаган мактубида у икки давлат чегарасида тўқнашувлар давом этаётгани, бунинг натижасида эркаклар, аёллар ва болалар оғир тан жароҳати олгани, шунингдек, бир киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирган, деб хабар қилди 6 февраль, душанба куни Страсбургдаги ташкилот матбуот хизмати.
«2023 йил 12 январда I want to help refugees («Қочқинларга ёрдам бермоқчиман») ташкилотининг икки аъзосига қарши жиноий иш қўзғатилгани мени безовта қилмоқда, улар 2023 йил 12 январда етти сурияликнинг ҳаётидан ташвишланиб чегара ҳудудига кетишган», деб ёзади Миятович. У инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг асосий ролини ва давлатларнинг уларга ишлашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини эслатди. ЕК комиссари, шунингдек, чегара минтақасида фавқулодда ҳолат режимининг давом этаётгани, у ўта муҳтож одамларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга оширишга тўсқинлик қилаётганидан хавотирда эканлигини таъкидлади.
Дуня Миятович, шу билан бирга, чегара назорати Латвиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси мажбуриятларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳатто оғир шароитларда ҳам, жумладан чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринишда ҳам келаётган одамларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лозим.
Латвия Александр Лукашенко бошчилигидаги Беларусни инқирозли ҳудудлардан муҳожирларни қўшма чегарага ўтказишни ташкил қилишда айбламоқда. 2021 йил ёзи охирида Европа Иттифоқининг ташқи чегарасидаги вазият кескин ёмонлашди. Минглаб муҳожирлар Европа Иттифоқига ноқонуний йўл билан киришга ҳаракат қилишган.
Шундан сўнг Латвия Беларус билан чегарадош минтақада бир неча бор фавқулодда ҳолат режимини жорий қилган. Бу Латвия расмийларига бошпана олиш ҳуқуқини самарали равишда бекор қилиш ва «одамларни Беларусга беғараз мажбуран депортация қилиш» имконини берди, дейилади Amnesty International’нинг 2022 йил октябрида муҳожирларнинг кўрсатмалари ва ўз терговларига асосланган ҳисоботида. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Сурия, Ироқ ва бошқа мамлакатлардан келган эркаклар, аёллар ва болалар Латвияда Беларус билан чегарадаги ўрмонларда номаълум жойларда сақланади ва кейинчалик бу давлатга ноқонуний равишда депортация қилинади.
Мавзуга оид
12:14 / 24.05.2025
Ғойиб бўлган Беларус мухолифат спикери махсус хизматлар билан алоқада гумонланяпти
11:47 / 23.05.2025
Латвия Россия ҳарбий комплексига алоқадорликда гумон қилинган компанияни текширмоқда
19:20 / 19.05.2025
Литва Беларус устидан БМТ Халқаро судига даъво киритди
20:28 / 07.05.2025