Иқтисодиёт | 18:51 / 10.02.2023
33963
6 дақиқада ўқилади

20 минг дона банкомат ва унутилган нақдлаштириш “солиғи”   

2022 йилда республикадаги банкоматлардан жами 117,2 трлн сўм нақд пул ечиб олинган. Агар 2015 йиллардаги “пластик солиғи” ҳозир ҳам бўлганида тахминан 17,5 трлн сўм пул халқнинг чўнтаги томон узатилган қўлларга ўтиб кетган бўларди. 

Фото: KUN.UZ

2014-2015 йилларда бозорларда харидор бирор товарнинг нархини сўраганида сотувчидан “Нақдми ёки пластик?” деган саволни эшитарди. Сотувчи айтадиган нарх харидорнинг шу саволга жавобидан келиб чиққан: тўлов нақд пул кўринишида бўлса арзонроқ, пластик карта орқали бўлса 10-15 фоиз қиммат. Маошини пластик картада олгани учун харидор товарни устама нарх билан харид қилишга мажбур эди.      

Ўша кезларда нақд ва нақдсиз пулнинг тўлов қобилияти бир хил кучга эга бўлмаган. Қолаверса, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари тўлиқ терминал аппарати билан таъминланмагани (борлари ҳам яшириб ўтиришарди) муаммони янада чуқурлаштирган: тадбиркорда товар бор, терминал аппарати йўқ, харидорда эса пластик карта бор, нақд пул йўқ. Айни мана шу нуқта, яъни эркин савдо қила олмаслик инсонларда пластик картасидаги пулни нақдлаштириб олиш мажбуриятини юзага келтирганди. Бунинг оқибатида “қора бозорда” пластик карталарни нақдлаштириш хизматини кўрсатувчи “тадбиркорлар” кўпайиб кетди. Хизмат нархи 15, ҳатто 20 фоизгача етди: бир ой ишлаб, пешона тери билан топган маошини нақд пул кўринишига келтириб олиш учун унинг бешдан бир қисмидан воз кечиш оғир бўлган, албатта.  

Айни шу жараён инсонлар тақдирига ҳам таъсир қилгани аянчли. Kun.uz мухбирининг самарқандлик суҳбатдоши, 41 ёшли эркак ўша кунларни шундай эслайди:

2015 йил эди. Саноат корхонасида ишлайман. Маошимиз тўлиқ пластик картада берилади. Дадам бир куни оғирроқ бетоб бўлиб, шифохонага тушиб қолди. Нақд пул ҳаммада муаммо, биров бировга қарз бериб туриши қийин бўлган вазият. Дадам операция қилиниши керак, расмий ва “норасмий” тўловлар нақд пулда. Пластик картамда пул бор, аммо уни нақд қилиб бўлмаяпти. У томонга югураман, бу томонга югураман, фойдасиз. Телефон қилмаган танишим қолмади, ҳеч ким пулни нақд қилиб беролмаяпти. Охири Мирбозордан 30 фоизга шунақа иш қиладиган “тадбиркор” топилди. Рози бўлдим. Рози бўлмай иложим ҳам йўқ эди-да. Пластик картамдан 5 млн сўм ечиб олиб, қўлимга 3,5 млн сўм нақд пул берган.

Дадам айни шу сабабли операцияга бироз кечикиб кирган. Орадан кўп ўтмай эса вафот этди. Кўнглимдан агар ўшанда шу муаммо бўлмаганида дадам вақтида операция қилинар ва балки узоқроқ умр кўрармиди, деган ўй ўтади гоҳида”.

Муаммодан оддий одамлар азият чеккан ва камига муаммони ҳал қилиш учун уларнинг ўзи 15-20 фоизлик “товон” тўлаган. Бундан эса банк билан келишиб, “нақдлаштириш” схемасини тузиб олган фирибгарларнинг пичоғи мой устида бўлган.

Журналист Жамшид Ниёзов 2015 йилда ёзган блогида шундай фикрларни келтириб ўтган:

 “Нақд ва нақдсиз тўловга тенг қаралмаслигига яна бир мисол: 2010 йилгачами, валлоҳу аълам, ё 2011 йилгачами, аниғи эсимда йўғу, биладиганим банклар, темирйўл кассалари, бир ойлик хизмат учун ва контракт тўловларини қабул қиладиган шохобчаларда бировнинг пластик карточкасидан пул тўлаб бўлмасди.

Тасаввур қилинг, йигирма еттига тўлишингизга 1-2 ой қолган. Қонунга биноан ҳарбий хизматга мажбурсиз. Зудлик билан армияга кетишингиз керак. Аммо пулингиз йўқ. Қариндошлар, дўстлар, ҳамкасблар, танишларингиздан оз-оздан қарз олдингиз. Аммо барчаси пластикда. Нима фарқи бор нақд ва нақдсиз пул бир хил кучга эга бўлгандан кейин. Шундай эмасми?

Бироқ ўша пайтлари шундай эмас эди. Ўзимнинг бошимдан ўтган. Бировнинг пластигидаги пулни ўз мақсадингиз учун тўлолмасдингиз ёки бунинг учун пластикларнинг эгалари сиз билан бирга бориши керак эди. Қизиғ-а? Агар қарзни нақд пулда олганингизда ҳеч ким бу пулни кимдан олдинг, эгаси қаерда, нимага бирга олиб келмадинг, нега бировнинг пулига армияга кетяпсан, деб савол бермасди. Қани бу ерда мантиқ?”

Оддий ҳисоб-китоб: 2015 йилда 1 млн сўм маош оладиган ходим пулини нақдлаштириб олиш учун унинг камида 150 минг сўмидан воз кечишга мажбур бўлган. Бу рақам республика бўйича йиғилса, ўша вақтда миллиардларни ташкил этган.

Агар ана шу вазият – “пластик солиғи” ҳозир ҳам бўлганида халқнинг қанча пули бошқаларнинг чўнтагига кириб кетарди? Марказий банк ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2022 йилда республикадаги 20 379 та банкоматдан одамлар 117,2 трлн сўм пулни нақдлаштириб олишган. Ушбу маблағнинг ўртача ҳисобда 15 фоизи 17,5 трлн сўмни ташкил қилади. Демак, агар бу муаммолар бартараф қилинмаганида 2022 йилда халқнинг 17,5 трлн сўм пули унинг чўнтагига чўзилган қўлларга ўтиб кетарди. 

Пул-кредит сиёсати соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мевасини бермоқда: ҳозирда одамларга чўнтагидаги пули нақд кўринишдами ёки пластик картада, фарқи йўқ. Сабаби уларнинг тўлов қобилияти бир хил кучга эга. Муҳими, маошининг бир қисмини олиб қўйиш учун уларнинг чўнтагига чўзилган қўл йўқ. 

Мавзуга оид