Ўзбекистон | 08:28 / 10.02.2023
8112
1 дақиқада ўқилади

Ҳинд компанияси Ўзбекистонга сув юзасида сузиб турувчи гидроагрегатлар етказиб беради

Нью-Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик доирасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Учрашув чоғида Ҳиндистоннинг MACLEC technical project laboratory pvt. LTD компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қуввати 50 МВт бўлган сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни Ўзбекистонга етказиш бўйича шартнома имзоланди

Ушбу ҳамкорликнинг асосий жиҳати шундаки, 1-босқичда гидроагрегатларнинг 60 фоизи маҳаллийлаштирилади ва гидроагрегатлар Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказилади. 2-босқичда ишлаб чиқариш 100 фоиз маҳаллийлаштирилади.

2022 йилнинг август ойида Ҳиндистоннинг MACLEC компанияси раҳбарлари билан гидроэнергетика соҳасида янги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида икки томонлама учрашув ўтказилган ҳамда Made in Uzbekistan миллий бренди асосида қуввати 500 кВтгача бўлган кичик ГЭСлар учун гидроагрегатлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича англашув меморандуми имзоланган.

Қисқа вақт ичида ҳар бир дарё ва каналлар учун индивидуал бўлган гидроагрегатлар моделлаштирилди, уларнинг номинал ўлчамлари ва қувватлари янги технологиялар ёрдамида аниқланди ва шу кунларда ишлаб чиқариш жараёнлари бошланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид