Жаҳон | 14:48 / 10.02.2023
8050
1 дақиқада ўқилади

Маймун чечаги пандемияси бекор қилиниши мумкин

Сўнгги тўрт ҳафта ичида маймун чечаги қайд этилгани юзасидан 30 та мамлакат ҳисобот тақдим этган.

Фото: AP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботига кўра, mpox (маймун чечаги) эпидемияси бошлангандан буён ушбу касалликни юқтирганлар сони 85 минг нафардан ошди. Улардан 92 нафари хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Хусусан, сўнгги тўрт ҳафта ичида маймун чечаги қайд этилгани юзасидан 30 та мамлакат ҳисобот тақдим этган.

Умуман, эпидемия давридаги жами беморларнинг 90 фоизи Жанубий ва Шимолий Америка қитъаларида яшовчи аҳоли вакилларидир. Қолган ҳолатларнинг аксарияти Европа давлатларида рўйхатга олинган.

Дунёдаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, ЖССТ ўтган йил 23 июлда mpox вирусини пандемия деб эълон қилганди. Аммо кейинги пайтларда касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада пасаймоқда.

Шу боис ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус маймун чечаги пандемиясини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш таклифини ўртага ташлади.

Эслатиб ўтамиз, mpox вируси аломатлари асосан иситма, умумий интоксикация ва танада тошмалар билан намоён бўлмоқда.

Мавзуга оид