Ўзбекистон | 17:13 / 10.02.2023
7844
3 дақиқада ўқилади

Йил охиригача 13 мингта сув хўжалиги объекти рақамлаштирилади

2023 йилги давлат дастури лойиҳасида қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлашга оид қатор вазифалар кўзда тутилган.

Фото: KUN.UZ

Унга кўра, бу йил:

  • сув ресурсларини бошқаришда “вазир-мироб-фермер” узлуксиз тизимини йўлга қўйиш ҳамда сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар салмоғини 10 фоизгача камайтириш;
  • сув солиғи бўйича тушумларнинг 25 фоизини туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Таъкидланишича, ички хўжалик суғориш тармоқларининг 77 фоиз (119,5 минг км) суғориш тармоғи тупроқ ўзанли бўлиб, 44 фоиз (68,3 минг км) тармоқ таъмирлаш ва тиклашга, 10 фоиз (15,5 минг км) тармоқ эса, реконструкция қилишга муҳтож. Сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари эса аксарият ҳолда сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган.

Шу сабабли, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти паст бўлиб, асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Талабга нисбатан етишмайдиган сувнинг қарийб 12 млрд куб метр қисми сув иқтисод қилиш тадбирлари ҳисобига қопланиб, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб етишмайдиган сув 3 млрд куб метрни ташкил қилиши мумкин.

Ҳукумат сув ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш мақсадида 13 мингта сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш билан боғлиқ барча харажатларни Давлат бюджети маблағлари ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобидан молиялаштирмоқчи.

16 та йирик насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.

Сув хўжалиги ва Рақамли технологиялар вазирликларига 13 мингта сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш вазифаси юклатилмоқда.

Қайд этилишича, 2023 йилда жами 13 057 та сув хўжалиги объектида рақамли технологиялар жорий қилиниб, шундан 10 937 та объектда “ақлли сув” қурилмалари ўрнатилади, сувнинг ҳисобини онлайн режимда мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилади, 2 100 та мелиоратив кузатув қудуқлари автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказилади, 20 та йирик сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнлари автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилади.

Шунингдек, республика бўйлаб сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни оператив бошқариш имконияти оширилади, сув манбаларидаги мавжуд сувлардан фойдаланиш самарадорлиги ортишига ва лойиҳа ҳудудларида 2-5 фоизгача сув ресурслари иқтисод қилинишига эришилади.

Сув хўжалиги объектларини рақамлаштиришга жами 390 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид