Жаҳон | 17:55 / 11.02.2023
27704
3 дақиқада ўқилади

Кўзни ёшлантирган қутқарувчилар

Шундай касб эгалари борки, уларнинг фаолияти одатда кўпам кўзга кўринавермайди. Аслида шундай бўлгани маъқул. Чунки бундай соҳа вакиллари диққат марказига чиқдими, вазият жиддий, инсон ҳаёти, жамият хавф остида, давлат мураккаб вазият қаршисида. Туркия ва Суриядаги зилзилалардан сўнг бугунги қаҳрамонларимиз – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қидирув-қутқарув ходимлари талафот ўчоғига йўл олишди.

Туркиядаги зилзиладан сўнг давлат раҳбари топшириғига кўра қисқа вақт ичида йўлга отланган ФВВ ходимлари ҳақидаги лавҳа кўпчиликни тўлқинлантирди. Йигитларнинг шахдам қадамлар билан самолётга чиқиб кетишлари, етиб борган заҳоти ишга киришиб, жабрланганларни қутқариб олаётганлари юртдошларимиз кўзини ёшга тўлдирди. Дастлаб 100 нафар ФВВ ходимлари, кейинчалик 71 нафар ҳарбий шифокорлар офат ўчоғига йўл олдилар ва бугунги кунда фаол ҳаракат қилишмоқда.

Зилзила ҳудудида бўлган ватандошларимиз қутқарувчилар ташрифидан жуда мамнун бўлганларини билдиришган. “Бугун Ўзбекистондан келган қутқарувчиларнинг бир гуруҳини кўриб қолдим. “FVV“ ёзуви туширилган, Ўзбекистон байроғи илинган машинани кўриб, ғурурланиб кетдим”, — дейди Ҳатайдаги тошкентлик Санжар.

Айниқса табиий офат ҳудудидаги аҳоли қутқарувчиларимизга катта миннатдорчилик билдиришмоқда. “Ўзбеклар қардошларимиз ўлароқ қийин кунларимизда бизга ёрдам беришяпти”, дейишмоқда улар.

“Бизга қардош халқ эканлигингизни яна бир марта кўрсатдингиз, Аллоҳ рози бўлсин сизлардан, – дейди офат ҳудудида бўлган Туркия фуқароси Толға Дикмен.

Офат содир бўлган бу ҳудудларга юртимиздаги AFAD ташкилоти ҳам етиб келолмади. Сиз эса қанчалар узоқда бўлсангиз ҳам етиб келиб, қутқаряпсизлар. Яхши тайёрланган гуруҳсизлар деб ўйлайман. Қардош ўлкамизсиз. Жўнатган давлатингиздан ҳам, сиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин деймиз”.

Энг таъсирлиси ўзбекистонлик қутқарувчиларнинг зилзиладан 102 соат, яъни 4,5 сутка ўтиб, 32 ёшли Наим Баяслини қутқариб қолганлари ҳаммани тўлқинлантирди. Ҳатай вилоятининг Антакя туманида олиб борилаётган мураккаб операция шунча вақт ўтиб ҳам ижобий натижа бергани чиндан ҳам жуда қувонарли. Бундан ташқари яна ўнлаб болалар ва катталар қутқариб олинди.

Қутқарувчиларимизнинг офат ҳудудига жўнатилганининг энг асосий жиҳати қардош халққа оғир пайтда ёрдам бўлса, иккинчи томони – мутахассислар энг мураккаб вазиятларда ишлаб, тажриба орттирадилар. Бошқа юртлардан келган ҳамкасбларининг фаолиятини ўрганадилар, реал вазиятда ташаббусни қўлга олишни, синовларга тик боқишни одат қиладилар. Албатта, юртимизни бундай бало-ю офатлардан Ўзи асрасин, лекин тажриба шуни кўрсатадики, бу соҳа вакиллари ҳар доим, ҳар он шай туришлари лозим.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид