Ўзбекистон | 00:26 / 11.02.2023
20971
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жиззахда учта янги корхонани ишга туширди

Корхоналарда базалтдан композит қувурлар, электр техника маҳсулотлари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Жиззах вилоятида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари 2023 йилда вилоят саноатини 14 фоизга ошириш имконияти борлигини таъкидлади. Бунинг учун 750 миллион долларлик 10 та йирик лойиҳа ва 580 миллион долларлик 110 та ҳудудий саноат лойиҳаси бажарилиши, 7 минг 500 та янги иш ўринлари яратилиши, келгуси икки йилда Жиззахда автомобилсозлик ва металлургия соҳаларида йирик лойиҳалар ишга туширилиши қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда Жиззахда энг тез ўсаётган саноат тармоғи қурилиш ва энергия тежамкор материаллар ишлаб чиқариш экани, базалт захираси 26 миллион тонна бўлиб, республикадаги жами захиранинг 25 фоизини ташкил этиши айтилди. Шу билан бирга, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиободда базалт, цемент, керамзит, шиша ва минерал хомашё захирасига бой 200 га яқин конлар борлиги маълум қилинди. Президент уларга тадбиркорларни жалб қилиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

2023 йилда қурилиш материаллари бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда энергетика таъминотини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компанияси 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга тушириши, натижада, 2024 йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олиниши ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплаши таъкидланди.

Зафарободда бу йил жами 2 Мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилиши, Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланиши, Жиззах шаҳрида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилиши маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 3 та янги корхонани ишга тушириш маросимида қатнашди. Улар – Фориш туманидаги «Eco Basalt Group», Жиззах саноат зонасидаги «Mono Electric» ва «Super medical elements» ширкатларидир.

Биринчи корхона базалтдан йилига 5 минг тонна композит қувурлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. «Mono Electric»да 1 минг 500 турдаги электр техника маҳсулотлари, «Super medical elements»да 40 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналар ҳисобига, 700 дан ортиқ аҳоли юқори даромадли доимий иш жойига эга бўлади.

Мавзуга оид