Ўзбекистон | 14:47 / 11.02.2023
11194
6 дақиқада ўқилади

Сони ортган оқлов, эркинлашган судьялар ва иши қайта кўрилган қатағон қурбонлари – суд тизими ўзгардими?

2007-2015 йилларда судлар томонидан атиги 110 нафар шахс оқланган бўлса, 2016-2022 йилларда 4 740 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Фото: KUN.UZ

Суд тизимини ислоҳ қилиш, судьялар мустақилигини таъминлаш, фуқароларнинг ушбу органга ишончини қайтариш президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан буён илгари суриб келаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2016 йили ўтказилган президентлик сайловидаёқ ўз сайловолди дастурида суд тизимида туб ўзгаришларни амалга оширишга бел боғлаган, сайловолди чиқишида судлар томонидан оқлов ҳукми чиқарилмаётганини танқид қилганди.

Фото: Zarnews.uz

“Энг ачинарлиси, кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган. Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта”, — таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёв жиноят ишини қўшимча терговга юбориш амалиёти одил судловнинг моҳиятига мутлақо тўғри келмаслигини айтаркан, суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини узил-кесил чиқариши кераклигини билдирганди.

Президентликка сайланганидан сўнг 2017 йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимида сўзлаган маърузасида Шавкат Мирзиёев 10 ой давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани, бунгача мазкур ҳолат судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса бўлганини алоҳида қайд этганди.

Статистик маълумотларга кўра 2007-2015 йилларда судлар томонидан 688 354 нафар шахсга нисбатан 498 730 та жиноят иши кўриб чиқилиб, атиги 110 нафар шахс оқланган бўлса, 2016-2022 йилларда 421 468 нафар шахсга нисбатан 324 463 та жиноят иши кўриб чиқилган ва шундан 4740 нафар шахс оқланган. Яъни сўнгги олти йилда чиқарилган оқлов ҳукмлари олдинги давр билан солиштирганда 43 баробарга кўпайган.

Шунингдек 2023 йил январь ойида 6 329 нафар шахсга нисбатан 5 137 та жиноят иши кўриб чиқилган ва шундан 50 нафар шахс оқланган.

Хоразм вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Бакдурдиевга кўра, жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2022 йил давомида жами 1 912 нафар шахсга нисбатан 1 486 та жиноят иши кўриб тамомланган. Шу даврда 141 нафар шахс қамоқдан озод этилган. Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан 952 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган. Барча инстанцияларда 12 нафар шахсга нисбатан 8 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилган.

Биргина мисол. 1986 йилда туғилган, тадбиркорлик билан шуғулланиб келган эркак “Telegram” мессенжеридаги Ўзбекистонда экстремистик ва террористик ахборот ресурслари деб топилган бир қатор канал ва гуруҳларга аъзо бўлишда, ақидапарастлик ғоялари билан аудио файлларни мобил телефони хотирасида тарқатиш мақсадида сақлаганликда айбланиб қўлга олинади. 2022 йилнинг 4 октябридан 2023 йилнинг 30 январига қадар қамоқда сақланган, Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланган фуқаро жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди билан оқланган.

Оқлов ҳукмига суд мажлисида айбланувчининг айби тасдиқланмагани, ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмагани, фуқаро тақиқланган диний маърузаларни тарқатиш нияти бўлмагани, уларни бошқаларга тарқатганива тарқатиш мақсадида сақлагани аниқланмагани асос қилиб келтирилган.

Яна бир ҳолат. Айби далиллар билан исботланмаган бўлса-да, жиноий жавобгарликка тортилганлар қашқадарёлик йигит гумонланувчи сифатида қамоққа олинганида Самарқанд шаҳар кўп тармоқли оилавий болалар поликлиникасида шифокор бўлиб ишлаган.Аниқланишича, мазкур иш бўйича судланган шахс 2019 йил март ойи ўрталарида бир фуқаронинг фарзандини ушбу шифокор орқали Самарқанд давлат университетининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4000 доллар олган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 26 февралдаги ҳукмига кўра, қашқадарёлик шифокор оқланган. Чунки унинг пора бериш ва фирибгарлик жиноятларига алоқаси бўлмаган. Айблов фақат оғзаки кўрсатмаларга асосланган, унинг айби далиллар билан исботланмаган.

Аслида бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар натижасида ноҳақ айбланган кўплаб фуқаролар ноҳақ айблов қурбони бўлиб, умрини панжара ортида ўтказишдан фориғ бўлишди.

Аҳамиятлиси, оқлов ҳукмлари нафақат замондошларимизга нисбатан, балки собиқ иттифоқ даврида қатағон қурбони бўлган аждодларимизга нисбатан ҳам қўлланила бошлади. Узоқ йиллар табуда бўлган бу ишларга Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида рухсат берилгани ҳам бежиз эмас. Давлат раҳбари мустабид тузум даврида юрт озодлиги учун курашган 100 мингдан ортиқ ватандошлар қатағонга учраган, “халқ душмани” деган туҳмат билан шафқатсиз отиб ташланган, сургун қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилган,оилалари пароканда бўлиб, мол-мулклари тортиб олинган қатағон қурбонлари ҳақида фикр билдираркан, “уларнинг “айби” – буюк бўлгани”ни айтганди.

Шундан сўнг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармойиши асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан таклиф киритилганди.

2021 йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Олий суди совет даврида қатағон қилинган 115 нафар ўзбекистонликни оқлади. 2022 йил 6 январ куни Олий судда қатағон қурбонларининг навбатдаги гуруҳи – 120 киши, шу йил 19 декабр куни 173 киши оқланди.

Мавзуга оид