Ўзбекистон | 00:56 / 12.02.2023
47511
3 дақиқада ўқилади

Деворлари ёрилган Тошкентдаги турар жойни қурган ва сотган одам қамоқда экани маълум қилинди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Мирзо Улуғбек туманидаги деворлари ёрилган кўп қаватли уйни қурган «Қуюн» МЧЖ раҳбари фуқароларга хонадонларни алдов йўли билан сотган. У қурилиш давомида бир қанча меъёр ва талабларни бузган, қурилиш жараёнда одам ўлимига ҳам сабабчи бўлган.

11 феврал куни ижтимоий тармоқларда янги қурилгани айтилган кўп қаватли уй деворлари ичидан дарз кетгани акс этган видеолар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, Мирзо Улуғбекнинг Мағрур кўчасидаги 55Б-уй 2017 йилда фуқаро Б.Зокиров томонидан ўзи ва оила аъзоларининг яшаши учун якка тартибдаги уй-жой сифатида қурилган ва фуқароларга алоҳида квартира сифатида ўзбошимчалик билан реконструкция қилинган ва сотилган.

Қайд этилишича, барпо этилган уй экспертизадан ўтказилган ва унинг хулосасига кўра, қурилишнинг бир нечта талаблари бузилган. Бино сейсмик зонада қурилиш ўтказиш талабларига жавоб бермаслиги ҳам аниқланган. Ҳозир уй авария ҳолатида.

Фуқароларга алдов йўли билан уй сотган Б.Зокиров эса 2022 йилнинг июн ойида ЖКнинг 186-моддаси 4-қисми «а», «б» бандлари (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатишда одамлар ўлимига, бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқиши), 168-модда 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 229-моддалари (ўзбошимчалик) билан айбли деб топилган ва 8 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Айни вақт фуқароларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида суд органи томонидан компенсация пулини ундириш учун суд жараёнлари давом этмоқда.

«Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2021 йил 22 февралда «Шаҳарсозлик кодекси»нинг 23-моддасига асосан шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда икки қаватдан юқори бўлган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойларни экспертиза ва қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан рўйхатга олиш тартиби жорий қилинган. Таъкидлаш лозимки, ушбу бино кўп квартирали уй-жой сифатида қурилиш меъёр ва талаблари асосида қурилмаган», – дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, вазирликка кўра, ушбу бино ваколатли лойиҳа институтлари томонидан ўрганилмоқда. Натижалар ҳақида ҳали қўшимча ахборот ҳам тақдим этилиши ваъда қилинган.

Мавзуга оид